Қарийб 15,5 кг гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

14:53 04 Январь 2024 Жамият
187 0

Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Тожикистон Республикасининг Сўғд вилояти Панжикент туманида яшовчи, 1970 й.т. Тожикистон Республикаси фуқароси Жиззах вилоятининг Бахмал туманида яшовчи, 1983 ва 1984 йилларда туғилган 2 нафар таниши билан ўзаро тил бириктириб, Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан келтирилган

9 кг 530 гр “опий” моддасини 55 минг АҚШ долларига сотган вақтларида ушланди.

 ДХХ ходимлари томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда Зомин туманида ўтказилган тезкор тадбирда эса 1958, 1976 ва 1985 йилларда туғилган 3 нафар Тожикистон Республикаси фуқаролари ушланиб, улардан 2 кг 986 гр. “гашиш” моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, уларни Даштобод шаҳарчасидаги умумий овқатланиш масканида кутиб турган, 1979 й.т. яна бир Тожикистон Республикаси фуқароси ушланди.

Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси ҳам Тожикистондан олиб келинган.

 ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят божхона ва ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, “Бухоро — Қашқадарё” йўналишида ҳаракатланаётган, Бухоро шаҳрида яшовчи, 1982 й.т. шахс бошқарувидаги “Матиз” русумли автомашина Муборак туманидаги “Ширинбулоқ” ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилди.

Натижада автомашинада у билан бирга келаётган ҳамшаҳари, 1998 й.т. фуқаронинг ёнида 973 гр. “героин” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, Бухоро вилоятининг Когон туманидаги дала майдонига 1 кг 968 гр. “героин” моддаси кўмиб қўйилганлиги аниқланиб, ушбу гиёҳвандлик воситаси ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан Давлат хавфсизлик хизматининг жойлардаги тергов бўлимлари томонидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246- ва 273-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер