Қалбга ёқилган эзгулик чироғи

18:16 05 Январь 2024 Жамият
259 0

Аҳли дониш таъбирича ҳар бир инсон ботинида эзгулик ва гўзалликка ошно туйғулар, яратувчанлик иштиёқи яшайди. Афсуски, одам Ато фарзанди қусурлардан ҳамон тўлиқ ҳоли эмас экан, жоҳилликдан уни халос этиш, тўғри йўлга бошлаш, кўнглида меҳнатга рағбат уйғотиш ҳам жамиятнинг устувор вазифаларидан саналади.

Бугун мамлакатимизда тузалиш йўлига ўтган собиқ маҳкумларга нисбатан халқимизга хос инсонпарварлик ва бағрикенглик намуналарини кўрсатиб, уларни афв этиш ҳам жаҳолатга қарши маърифатнинг ўзига хос кўринишларидан бири сифатида танланган.

— Афв этилган инсон қалбида энг аввало инсоний фазилатлар фаоллашади, — дейди Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Жўраев. — Маҳкумликда ўзлари учун ҳаётий хулосалар чиқарган инсонга касб ўргатиш эса, унинг фуқаролик ҳаётида ўз ўрнини топишининг бирдан бир шарти ҳисобланади.

Шу мақсадда Республика Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман)нинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакиллиги ташаббуси билан Навоий шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази ҳамда Навоий махсус прокуратураси ва Жазони ижро этиш департаменти, 4-минтақавий мувофиқлаштириш маркази ўртасида меморандум тузилиб, маҳкумларга касб-ҳунар ўргатиш йўлга қўйилди. Яқинда уларнинг бир гуруҳига ўрганган касб-ҳунарларини тасдиқловчи махсус сертификатлар топширилди.

— Жазони ўташ даврида мен маиший техникаларни таъмирлаш ҳунарини ўргандим, — дейди маҳкумлардан бири Камолхон Турсунов. — Кўнглимда қани энди, тезроқ озодликка чиқсам, ўз ҳунарим билан одамларга, оиламга нафим тегса, деган ният уйғонди. Бунинг учун албатта, ҳаракат қиламан.

Тадбирда маҳкумларга ушбу сертификатларнинг аҳамияти ҳамда фуқаролик ҳаётида уларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш борасида қилинаётган тадбирлар хусусида батафсил тушунча берилди. Мазкур чора-тадбирлар маҳкумлар қалбида эзгулик чироғини ёқиши тайин. Шу боис ҳам бу ишларни мунтазам давом эттиришга қарор қилинди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?