Қадриятлар қайтадан кашф этилмоқда

02:16 18 Февраль 2019 Жамият
3074 0

Шарқ қадимдан маданият бешиги бўлиб келган. Ушбу минтақадан дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган давлатлар жой олган бўлиб, ҳар соҳада мустаҳкам алоқа ўрнатиш қардош халқларнинг бош қадриятидир.

Яқинда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Жанубий Корея университетлари билан ҳамкорликда иш бошлаган, “Осиё қадриятларини қайта кашф этиб” (Rediscovery of Asian values) деб номланган Ўзбекистон — Жанубий Корея халқаро илмий медиа-конференцияси ҳам бунинг яққол далилидир.

Тадбирда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжаев, Ўзбекистон — Жанубий Корея халқаро илмий медиа-конференцияси мувофиқлаштирувчиси Ли Жен Ро, Донг – А оммавий ахборот воситалари ва санъат институти профессори Хонг Ён Рак ва бошқалар сўзга чиқди.

— Айни пайтгача биз Россия, Туркия, Хитой Халқ Республикасининг нуфузли университетлари билан ҳамкорликда анжуманлар ўтказдик, — деди Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжаев. — Бугун Жанубий Кореяда жойлашган ўнта энг сара олийгоҳ профессорлари университетимизга илк бор ташриф буюришди. Бундай алоқалар келгусида ҳам изчил давом этади. Миллий журналистикамизни ривожлантириш ҳамда бу соҳада робот технологиясининг ўрни нечоғли муҳимлигини аниқлаш асосий мақсадимиздир. Ўйлашимча, журналистикада касбий маҳорат, инсон омили, истеъдод биринчи ўринда бўлиши керак.

Ўзбекистон — Жанубий Корея халқаро илмий медиа-конференцияси мувофиқлаштирувчиси Ли Жен Ро журналистика соҳасида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик жуда ҳам муҳим эканини, уни келгусида янада изчил давом эттириш мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади.

Анжуманда Жанубий Кореянинг турли университетлари ва ЎзЖОКУ, ЎзДЖТУ, Сингапур менежментни ривожлантириш институти профессорлари томонидан босма ОАВ ҳамда улар трансформация жараёнида дуч келаётган ўзгаришлар, телерадио журналистикасининг Осиё мамлакатларини бирлаштиришдаги ўрни ва роли, ахборот хизмати ҳамда жамоатчилик билан алоқалар соҳасининг ривожи, интернет журналистикаси ва замонавий масс-медиада кутилаётган ўзгаришлар каби мавзуларда тақдимотлар намойиш этилди.

Дилшодахон Олимова, ЎзЖОКУ талабаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?