Қадринг баланд бўлсин ўзбек тилим

16:00 20 Октябр 2021 Жамият
226 0

Фото: "Халқ сўзи"

И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида 21 октябрь – «Давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилинган кун муносабати билан «Қадринг баланд бўлсин ўзбек тилим» мавзуида бадиий-адабий кеча ўтказилди.

Унда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси Одина Жамолдинова, маънавий-ахлоқий ишлар бошқармаси бошлиғи Дилдора Солихўжаева, филология фанлари номзоди, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги ўзбек тилида иш юритиш асосларини ўрганиш ва малакасини ошириш бўйича директор ўринбосари Ўринбой Бобоёров ҳамда Филиалнинг ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.

Байрамнинг кириш қисмида қадимги тиллардан бўлмиш – ўзбек тилини тараннум этувчи ҳаётий куч эканлиги, янги Ўзбекистон пойдеворни яратувчи, янги Уйғониш даврини шакллантиришга замин бўлувчи «Бу кимнинг тили?» номли видеолавҳа намойиш этилди.

Тадбирда О. Жамолдинова аждодлар томонидан кўп асрлар давомида асраб-авайлаб келинган она тилини ривожлантириш эътибор қаратилаётгани таъкидлади. Унинг қайд этишича, давлат тилининг мақоми, унга бўлган ҳурмат – халқимизга, жамиятнинг мавқеига бўлган эҳтиромдир.

Ў. Бобоёров мамлакатимизда яшаётган барча миллат ва элатларга мансуб вакилларнинг маданияти, тили ва анъаналарини ривожлантиришга қаратилган шарт-шароитлар яратилганлиги тўғрисида сўз юритди. Шу мақсадда республикамизнинг турли вилоятларда 140дан ортиқ миллий маданий марказлар фаолият олиб бораётгани, таълим муассасалари ҳамда оммавий ахборот воситалари томонидан ўзбек тили қаторида, қорақалпоқ, рус, қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тилларда фаолият олиб борилаётгани қайд этди. Унинг таъкидлашича, ҳозирги кунда 65та хорижий олий ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиётини ўрганилиши, шу соҳада хорижий олимлар илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Байрам тадбирида Филиалнинг талабалари ҳам иштирок этди. Уларнинг ижросида буюк Алишер Навоийнинг ғазаллари ҳамда Ўзбекистоннинг таниқли шоирларнинг шеърлари ўқиб эшиттирилди. «Қадринг баланд бўлсин ўзбек тилим» номли видеолавҳалар танловида ғолиб деб топилган талабалар ижодий гуруҳига фахрий ёрлиқлар топширилди.

Розиби Ходжаева раҳбарлигидаги Мухтор Ашрафий номидаги Тошкент давлат консерваториясининг «Нозанин» дуторчи қизлар ансамбли ҳамда Ўзбекистон давлат хореография академияси раққосалари чиқишлари байрамнинг жозибадорлигини янада бойитди. Улар ижросида миллий услубдаги куй ва рақслар композициялари намойиш этилди.

Байрам тадбири ўзбек тилига бўлган муҳаббат ва садоқат, унинг шон-шарафи ва мавқеини дунёга тараннум этиш руҳида ўтди.

Азизахон Усманова, И.М. Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиали доценти, психология фанлари номзоди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?