Қадринг баланд бўлсин, она тилим!

23:32 21 Октябр 2021 Жамият
194 0

Фото: "Халқ сўзи"

Президент Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча Ўзбек тили байрами куни муносабати билан халқимизга йўллаган табригида сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш борасидаги сиёсат ва амалий ишлар янги босқичга кўтарилаётгани алоҳида таъкидланди.

Чиндан ҳам ўзлигимизни, миллат сифатида қадр-қимматимизни англатиб турувчи ўзбек тили бугун жаҳон миқёсида муносиб ўринга эга бўлиб бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбарида, улкан сиёсий саммит ва учрашувларда баралла янграмоқда. 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни сифатида миллий солномамизга киргани ва бу кун юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётгани замирида ҳам, аввало, она янглиғ муқаддас тилимизга бўлган эҳтиром мужассам.

Ўзбек тили байрами куни Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида «Она тилим – фахрим, ғурурим» деб номланган маданий-маърифий анжуман бўлиб ўтди. Вилоят кенг жамоатчилик вакиллари, талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда қайд этилганидек, 2020 йил 10 апрелда Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилингани она тилимизнинг нуфузини оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди. Анжуман Бухоро вилоят мусиқали драма театри жамоаси томонидан намойиш этилган саҳна кўриниши ва куй-қўшиқларга уланди.

Фото: "Халқ сўзи" 

Самарқандда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 32 йиллиги бағишланган тадбирлар шаҳар марказидаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйиш билан бошланди. Айни шу ерда тилшунос олимлар, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирокида ўтган байрам тадбирида она тилимизни безавол келажак авлодга етказиш борасида масъулиятли вазифалар тургани ҳақида сўз юритилди. Талабалар шеърлар ўқиди.

Ўзбек тили байрами куни Сурхондарё вилояти марказидаги Алишер Навоий ҳайкали пойи ҳам гуллар билан тўлди. Танатанали тадбирда Термиз давлат университети ректори А. Мараҳимов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари М.Олломуродов ва бошқалар халқимизнинг фахру ифтихори, шон-шавкати, миллий тимсоли - ўзбек тилини асраб-авайлаш аҳамияти ҳақида тўхталдилар. Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаларининг дилбар шеърлари барчага завқ улашди.

Фото: "Халқ сўзи" 

Қарши шаҳридаги Маънавият масканида «Қадринг баланд бўлсин, она тилим» мавзуидаги тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Зиёда Аминованинг фикрлари барчанинг диққатини тортди. Унинг сўзларига кўра, вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, муассаса ва савдо нуқталарида 9 минг 668 та ташқи ёзув мавжуд бўлиб, шундан 2500 дан зиёди бехато ва соф ўзбекона бўлишига эришилди. Бу борада тилшунос олимлар, депутатлар ва кенг жамоатчилик иштирокида тузилган ишчи гуруҳи астойдил фаолият олиб бораётгани айтиб ўтилди.

Саҳнада Алишер Навоий сиймоси гавдалантирилди, ижро этилган мумтоз ва замонавий куй-қўшиқлар байрамга ўзгача кўтаринкилик бағишлади.

«Халқ сўзи» мухбирлари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?