Қадри қаддидан баланд уста

09:34 23 Сентябр 2020 Жамият
433 0

Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос урф-одатлари, анъаналари мавжуд. Андижон вилоятининг Шаҳрихон тумани ҳам қадри баланд ҳунармандлари билан танилган. Айниқса, темирчилик соҳасида илдиз отган анъаналар неча йилки, аждодлардан авлодларга мерос бўлиб келмоқда. Бу борада устазода пичоқчи Раҳматхўжа Алихўжаевнинг ҳам улкан ҳиссаси бор.

Раҳматхўжа аканинг ҳикоя қилишича, ушбу сулоланинг асосчиси Исломхўжа бобо асли марғилонлик бўлган. 1800 йилларда Қўқон хони Амир Умархоннинг турмуш ўртоғи Нодирабегим Андижонга қилган сафарлари чоғида ҳайхотдек манзиллар ўзлаштирилмай турганлигидан афсусланади. Бу ҳақида хон билан маслаҳатлашиб, ўшал манзиллар томон сой оқизишни таклиф этади. Шу тариқа Амир Умархон буйруғи билан Андижон шаҳридан Қўқон шаҳри томон юришда бир манзилга сой қазилиб, бу ерда шаҳар бунёдкорлигига асос солинади ва у «Шаҳрихон», яъни «Хонлар шаҳри» номи билан атала бошланади.

Ҳар бир шаҳарда инсон эҳтиёжи учун зарур бўлган шароитлар бўлмоғи керак. Жумладан, Шаҳрихонга ҳам одам зоти учун неки зарур бўлса барчасини тахт қилгувчи ҳунармандлар олиб келинади. Ўша пайтда бу соҳада анча тараққий топган Марғилон эли ҳунармандлар манзили бўлган. Амир Умархон улар орасидан иқтидорлиларини танлаб олиб, Шаҳрихонда қўним топишлари учун шароит яратиб берган. Шу тариқа янги масканда ҳунармандлар маҳаллалари бунёд бўлган. Бу маҳаллалар уларнинг амалга оширган ишлари билан аталган. Натижада «Темирчи», «Пичоқчи», Кўнчи”, «Ошпаз», «Сартарош»,”Тўнчи” каби ҳудудлар пайдо бўлган.

— Тасаввур қилинг, инсон дунёга ҳеч нимасиз келади,-дейди ҳунарманд Раҳматхўжа ака Алихўжаев.-Унга инсон қиёфасини киргизиш учун аввал мато тўқувчи керак, ўшал матодан кўйлак тикиш учун чевар керак. Бошга дўппи тикадиган дўппидўзу пойабзал тикувчигача ҳаммаси мана шу инсон учун хизмат қилади. Умархон Шаҳрихонга ҳунарманд танлашда масаланинг шу жиҳатига эътибор қаратган ва бу ерда барча касб-кор эгалари жамулжам бўлган. Марғилондан ёлланган ҳунармандлар орасида менинг бобом Исломхўжа ҳам бўлганлар. Улар Шаҳрихонда пичоқчиликка асос солган. Ёнига фарзандларини, шогирдларини олиб, халқ хизматига киришганлар. Орадан шунча йиллар ўтди. Бобомиз бошлаб берган анъанани бугунга келиб еттинчи авлод давом эттирмоқда.

Мақоламиз қаҳрамони эсини танибдики, сандон ва ўчоқ атрофида пайдо бўлган. Отасининг ҳар бир ҳаракати унинг хотирасига муҳрланган. Қўлига болға олиб, пичоқчилик сир-синоатларини ўзлаштира бошлаганида 14 ёшда эди. Мустақил тарзда илк маҳсулотини яратгунига қадар яна 14 йил ҳунар ўзлаштиришига тўғри келган.

— Республикамизнинг бир нечта ҳудудларида пичоқчилик ҳунари кенг ривожланган,-дея суҳбатни давом эттиради қаҳрамонимиз.-Уларнинг ҳар бири ўз хусусиятига эга. Мисол учун, Шаҳрихон пичоқлари енгиллиги ва ўткирлиги билан ажралиб туради. Қолаверса, унга берилган ишловлар бетакрордир.

Раҳматхўжа ака нафақат, Шаҳрихон пичоқлари шаклланишига, балки, республикамиз ҳунармандчилиги тараққиётига ҳисса қўшиб келмоқда. У яратган санъат асарлари (дарвоқе, уста яратган пичоқлар хўжалик қуроли эмас, санъат асари даражасидаги аҳамиятга молик) ўнлаб хорижий давлатлардаги кўргазмаларда намойиш этилган. Айниқса, республикамиз мустақилликка эришгач, ҳунармандларга яратилган шароит, мавжуд имкониятлар Раҳматхўжа ака фаолиятида янги босқичларни бошлаб берди. Натижада 1995 йили ЮНEСКО ташкилотининг 50 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган халқаро ҳунармандлар кўргазмасида иштирок этди. 2003 йили Францийа давлатида бўлиб ўтган «Сифат белгиси» халқаро кўргазмасида 166 та давлат вакиллари орасидан унинг фаолиятига юқори баҳо берилиб, 1-даражали диплом ва Олтин кубок билан тақдирланган.

Раҳматхўжа Алихўжаев ўзи истиқомат қилаётган хонадонда устахона ташкил этган. Шу ерда мўъжазгина музей ҳам барпо қилган. Ҳар йили 100 дан ортиқ сайёҳлар унинг уйига ташриф буюриб, сулола тарихи ва фаолияти билан танишадилар.

— Биринчи Президентимизнинг 1997 йилдаги халқ ҳунармандчилигини ривожлантириш тўғрисидаги Фармонидан кейин республикамизда ҳунармандлар фаолиятида кескин бурилиш юзага келди,-дейди ҳикоямиз қаҳрамони. –Бугунга келиб даромад солиғи ва божхона тўловларидан озод этилганмиз. Фаолиятимизни мувофиқлаштириб турувчи «Ҳунарманд» уюшмаси ташкил этилди. Устахона очиш, савдо қилиш учун шароитлар яратилди. Имтиёзли кредитлар билан таъминланмоқдамиз. Буларнинг барчаси юртимизда ҳунармандчилик тараққиётига бошлаб борувчи йўллар дарвозасини очиб берди.

Эшон ака (уни Андижонда барча шу ном билан атайди) айни пайтда уч ўғли ва 50 нафар шогирдлари билан пичоқчиликнинг 43 та йўналишини шакллантириб келмоқда. Амалга ошираётган, эришган ютуқлари нафақат, халқимиз ардоғида, сайёҳлар эътиборида, балки, ҳукуматимиз эътирофида ҳам. Шу боис давлатимиз раҳбарининг шу йил 28 август кунги «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига биноан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

Бизни болалигимизданоқ бир мақол билан тарбиялашган: «Меҳнат инсонни улуғлайди». Мурғак қалбимиз билан ақл идрокимизга муҳрланган ушбу пурмаъно мақолнинг нечоғли ҳақ эканлигига бугун Раҳматхўжа Алихўжаев мисолида яна бир бор гувоҳ бўлдик.

Саминжон ҲУСАНОВ,

(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?