"Қачонгача ўзбек тилида гапиришга қўрқамиз?"

14:52 13 Октябр 2020 Жамият
199 0

Яқинда ижтимоий тармоқларда бир ўқитувчининг русча сўзларни нотўғри талаффуз қилгани ҳақида видео тарқалди. Кўриб, эътибор бермагандим. Аммо орадан икки кун ўтиб видеога масхаромуз оҳангда қолдирилган «пост»ларни ўқиб, бир ўзбек сифатида жаҳлим чиқди. Яна «пост» қолдирганларнинг барчаси миллатдошларим.

Биринчидан, ўқитувчи ҳам одам, адашиши табиий. Қолаверса, отадек улуғ саналган устозларни масхара қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Иккинчидан, унинг рус тили ўқитувчиси эмаслиги, уни кимдир шу тильда гапиришга мажбур қилган кўриниб турибди. Шундай экан, у рус тилида гапиришга мажбур эмас.

«Онлайн» дарсларни кузатсангиз, рус тили дарсини ўтаётган рус миллатига мансуб устозларнинг баъзан ўзбекча сўзларни, «қ», «ғ», «ў» ҳарфларини тўғри талаффуз қилолмаётгани, қилса-да, шевада гапираётганига кўп гувоҳ бўласиз. Лекин бу ҳақда ҳеч ким гапираётгани йўқ. Нима, ўзбек устозларнинг рус тилида тўғри гапиролмагани айбу, рус устозларнинг ўзбек сўзларини бузиб гапираётгани айб эмасми?!

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига яқинда 31 йил тўлади. Миллатчилик қилмоқчи эмасман, аммо шунча йилдан бери юртимизда яшаётган бошқа миллат вакилларга Она тилимизни ўргатишга умуман эътибор қаратмадик, ҳали ҳам қаратмаяпмиз. Улар ҳам мажбурият бўлмаганидан кейин бунга ҳаракат ҳам қилишмади, ҳамон қилишмаяпти. Ахир шу юртда яшагандан кейин, шу юртнинг нонини егандан кейин буюк ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов айтганларидек: «Бир юртда яшаб туриб, ўша халқ тилини билмаслик: биринчидан – ўша халққа нисбатан ҳурматсизлик, иккинчидан – ўша халқдан ўзини устун қўйиш, учинчидан – ғирт нодонликдир!». 

«Онлайн» дарсларда мени таажжубга солган яна бир нарса, Ўзбек тили дарсларида рус тилидаги сўзлардан кўп фойдаланилаётгани бўлди. Бунга 5, 6, 7, 8, 9-синфлар учун ўтилаётган ўзбек тили дарсларини кузатсангиз кўп гувоҳ бўласиз. Ахир бу дарслар фақат рус тилида сўзлашувчилар учун эмас, қардош халқлар учун ҳам эмасми? Яъни мамлакатимизда қанча қорақалпоқ, қозоқ ва тожик мактаблари бор. Бу қардошларимизни ўзбек тилини рус тили орқали ўрганишга мажбурлаш эмасми?! 

Қачонгача ўзбек тилида гапиришга қўрқамиз? Наҳот 31 йил камлик қилган бўлса? «Агар халқ ўз тилини сақлаб қолиш учун ҳаракатга тушса, демак, бу унинг охирги имконияти: агар у тилини йўқотса, ўзи ҳам йўқликка маҳкум бўлади», деган экан Озарбайжоннинг собиқ президенти Абулфаз Элчибей. 

Хуллас, шунақа гаплар. 

Жаҳонгир ЗИЯЕВ, 
ЎзМТДП депутати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?