Қабул қилаётган қарорларимиз қишлоқдаги оддий одамлар ҳаётига нима ўзгариш олиб кираяпти, ишга жойлашдими, боласи ўқишга кирдими, уйли-жойли бўлдими, тўйиб овқатланаяптими, тоза сув ичяптими, деган саволлар мени жуда қийнайди - Президент

21:02 07 Май 2020 Сиёсат
579 0

president.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 7 май куни Андижон, Навоий ҳамда Сурхондарё вилоятлари туман ва шаҳарларининг иқтисодий салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос. Бир вилоят ичидаги туманларнинг имкониятлари ҳам бир-бирига ўхшамайди. Шу боис Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар иқтисодиётини ривожлантириш масалалари алоҳида, манзилли тарзда муҳокама қилиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари жойларга чиқиб, аҳоли билан гаплашиб, белгиланаётган чора-тадбирларнинг долзарб ва амалий бўлишига катта эътибор қаратмоқда. 

– Шунча саъй-ҳаракатларимиз, қабул қилаётган қарорларимиз қишлоқдаги оддий одамлар ҳаётига нима ўзгариш олиб кираяпти, даромади кўпайдими, ишга жойлашдими, боласи ўқишга кирдими, уйли-жойли бўлдими, тўйиб овқатланаяптими, тоза сув ичяптими, деган саволлар мени жуда қийнайди. Бу барча даражадаги раҳбарлар халқимиз олдида жавоб бериши керак бўлган энг асосий саволлардир, – деди Президент.

Марказдаги раҳбарлар қарорлар қабул қилишда ҳокимларнинг умумий ҳисоботлари билан кифояланиб қолаётгани танқид қилиниб, бундан буён ҳудудларга оид ҳар бир масалани аниқ туман, қишлоқ, маҳалла, соҳа ва корхона кесимида, муаммонинг энг қуйидаги илдизигача тушиб, уни ҳал қилиш зарурлиги таъкидланди. Дастурлар ишлаб чиқишни ҳар бир қишлоқдан бошлаш, қайси қишлоқда қайси йўналишни ривожлантириш, бунга қанча маблағ ажратиш кераклигини аниқ кўрсатиш талаби қўйилди.

Масалан, Сурхондарёда 55 мингта, Андижонда 41 мингта, Навоий вилоятида 14 мингта оилани камбағалликдан чиқариш лозим. Кичик корхоналарни кўпайтириш, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш зарур.

Йиғилишда бунинг учун учта йўналишдаги ишларга қўшимча туртки  бериш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Биринчи йўналиш – саноатни ривожлантириш, мавжуд хомашёни чуқур қайта ишлаш, ҳар бир туман, қишлоқ ва маҳаллани ихтисослаштириш. 

Андижон, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида ишлаб чиқаришнинг асосий қисми битта тармоққа ёки республика тасарруфидаги корхоналар ҳиссасига тўғри келади.

Жумладан, Андижонда саноат ишлаб чиқаришнинг 69 фоизини машинасозлик, Навоийда эса 72,5 фоизини кон-металлургия ташкил этади. Сурхондарё саноатининг мамлакатдаги улуши атиги 1,5 фоиз, ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши эса атиги 8 фоиз бўлиб, республикада энг паст кўрсаткичлардан биридир.

Йиғилишда ушбу ҳудудларда саноат тармоқларини диверсификация қилиш учун барча имкониятлар борлиги таъкидланиб, бу борадаги чора-тадбирлар белгиланди.

Хусусан, Андижон вилояти Хўжаобод туманида ташаббускорларга 32 та тикув-трикотаж корхонаси учун жой ажратиш бўйича кўрсатма берилди. Бу корхоналарда 6,5 мингта иш ўрни яратилади.

Булоқбоши тумани тоғ ҳудудидаги конларни ўзлаштириб, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, Олтинкўл тумани “Ижтимоят” маҳалласида мебель тайёрлашни саноат даражасига олиб чиқиш мумкинлиги қайд этилди.

Асака туманидаги автомобиль заводи яқинида, унумдорлиги паст ерларда кичик саноат зонаси ташкил этиб, бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича топшириқ берилди.

Навоий вилояти Нурота туманидаги “Сувлиқ Гранит” конининг электр тармоғини реконструкция қилиш орқали “Истиқлол” маҳалласидаги 450 нафар аҳолини иш билан таъминлаш мумкин. Томди туманида фосфорит, шиша, цемент, пардозбоп қурилиш тошлари ва оҳактош захиралари мавжуд. Учқудуқ туманида қайта геологик ўрганишлар ўтказилса, яна кўп имкониятлар очилади.

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида гиламдўз ҳунармандлар бор. Бандихон туманида эса гилам учун зарур хомашё – қўй ва эчки  жуни кўп. Мазкур қўшни туманлар ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш орқали йилига 85 тонна жун ва терини қайта ишлаш мумкин.

Олтинсой туманида электр таъминоти яхши эмаслиги сабабли йилига етиштирилаётган 80 минг тонна узум ва 13 минг тонна ғаллани қайта ишлаш имкони чекланмоқда. Шунингдек, у ерда қурилишда талаб бўлган 10 миллион тонна пардозбоп тош захираси мавжуд.

Давлатимиз раҳбари шу каби кўплаб имкониятларни кўрсатиб ўтиб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга Андижон, Навоий ва Сурхондарёда 33 гектар ер ва 5,3 минг квадрат метрли бўш биноларда 10 та янги кичик саноат зонаси ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?