Прокуратура кўмаги билан 7 лойиҳа якунига етди

11:27 05 Сентябр 2024 Жамият
209 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Қизилтепа туманида «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси» ташкил этиш учун М-37 Самарқанд – Бухоро халқаро автойўли бўйидан беш гектар майдон ажратилган. Ушбу саноат ва тадбиркорлик зонасида жами қиймати 51,2 миллиард сўмлик 43 та лойиҳа амалга оширилади.

Қурилиш ва бунёдкорлик ишлари очиқ майдонда амалга оширилаётганлиги боис тадбиркорлар инфратизим ва муҳандислик коммуникация тармоқларига уланишда муайян қийинчиликларга дуч келаётган эди.

— Вилоятимиздаги «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси» ташкил этилишида тадбиркорларга кўмаклашиш ва яқиндан ёрдам бериш мақсадида вилоят прокуратураси томонидан ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳар бир лойиҳа бўйича юзага келган муаммолар атрофлича ўрганилди, — дейди вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Фарҳод Мамалатипов. — Ўрганишлар жараёнида 200га яқин тадбиркорга коммуникация тармоқларига уланишида техник шартлар ҳамда 11 нафар тадбиркорга кредит маблағлари олишларида амалий ёрдам кўрсатилди.

Бевосита Қизилтепа «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси»га тўхталадиган бўлсак, вилоят прокуратураси ҳамда мутасадди корхоналар ҳамкорлигида ушбу ҳудудга 1,6 километрлик электр энергияси тармоғи ҳамда 1,2 километрлик йўл тортилиши таъминланиб, 8 нафар тадбиркорнинг кредит олишдаги муаммолари бартараф этилди. Натижада, 7та лойиҳада қурилиш ишлари тўлиқ якунланди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, Қизилтепа «Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси»даги лойиҳаларнинг 34 таси саноат йўналиши, 9 таси хизмат кўрсатиш соҳасида бўлиб, улар негизида 300 га яқин янги иш ўринлари яратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер