Прогнозлар тўғри чиқмоқда: Ўзбекистон чигирткалар босқинига учради — Расул Кушербаев

11:51 10 Июнь 2024 Жамият
380 0

Бухоро вилоятининг Ромитан туманида бир неча кундан буён чигирткалар босқини кузатилмоқда.

Экология вазири маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербаевнинг ёзишича, вилоятнинг бир қатор ҳудудларида чигиртка босқини кузатилмоқда. Хусусан, Ромитан туманидан кесиб ўтувчи А-380 «Бухоро—Хоразм» автомобиль йўлининг Газли шаҳарчасига яқин қисмида шундай ҳолат қайд этилган.

«Афсуски прогнозлар тўғри чиқмоқда. Агар ҳукумат ва маҳаллий ҳокимиятлар олимлар, шу жумладан, иқлимшуносларни эшитмасликда давом этса, олдинда кутиб турган бу каби офатлар Ўзбекистон учун катта талафотлар олиб келиши мумкин. Олимларга қулоқ тутишни бошлаш керак», деган Кушербаев.

Вазир маслаҳатчиси шунингдек, чигиртка босқини билан боғлиқ табиий офат бўлиши эҳтимоли ҳақида аввалроқ иқлимшунос Эркин Абдулахатов айтиб ўтганини қўшимча қилган.

Маълумотларга кўра, Тошкент вилоятига қўшни Қозоғистоннинг жанубий вилояти Туркистонда ҳам чигирткалар тўдалари ҳаддан ташқари кўпайиб кетган.

Қозоғистон ҳукумати мазкур ҳудудда қайта ишланган 260 минг гектардан ташқари яна 50 минг гектардан ортиқроқ тарқалиш ҳолатлари аниқланганини билдирган.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер