Президентлик сайловларининг иккинчи босқичида Эрдоғаннинг ғалаба қозониш имкониятлари баҳоланди

17:19 23 Май 2023 Дунё
708 0

Фото: AP

Туркиянинг амалдаги президенти Режеп Таййип Эрдоған мамлакатда бўлиб ўтаётган президентлик сайловларида фаворит ва унда ғалаба қозониш эҳтимоли юқори. Ушбу фикрларни Халқаро гуманитар ва сиёсий тадқиқотлар институти эксперти, сиёсатшунос Владимир Брутер айтиб ўтди.

“Туркиядаги президентлик сайловлари натижалари эълон қилинишидан олдин қолган вақтни ҳисобга олсак, Эрдоған ғалаба қозонади. Эҳтимол, у сайловнинг биринчи босқичида ғалаба қозонаман деб ўйлагандир, аммо бу содир бўлмади”, дейди сиёсатшунос.

Шунга қарамай, Брутер овоз бериш натижалари эълон қилинишидан олдин Эрдоған учун юзага келиши мумкин бўлган тўсиқларни истисно қилмади.

“Сайловларда муаммолар ҳар доим пайдо бўлиши мумкин, лекин менимча, у овоз беришда устунликка эга ва мамлакат қанчалик катта бўлса, овозлардаги кичик устунлик шунчалик кўп нарсани англатади”, дейди эксперт.

Олдинроқ, Туркия президентлигига собиқ номзод Синан Оган 28 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг иккинчи босқичида амалдаги президент Режеп Таййип Эрдоғанни қўллаб-қувватлашини эълон қилмоқчи эканлигини маълум қилгани эди.

Шу йилнинг 14 май куни Туркияда бўлиб ўтган президентлик сайловининг биринчи босқичида Эрдоған 49,5 фоиз овоз билан Камол Қиличдароғлуни (44,89 фоиз) ортда қолдирган эди. Оган эса 4,32 фоиз овоз тўплаган.

Аммо номзодлардан бирортаси 50 фоиздан кўп овоз олмагани учун сайловнинг иккинчи босқичини ўтказишга қарор қилинди. Сиёсий тадбир шу йилнинг 28 май куни бўлиб ўтади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?