Президентимиз томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати натижасида ИҲТга аъзо мамлакатлар билан савдо айланмаси сезиларли даражада ошди

15:00 02 Декабрь 2021 Сиёсат
184 0

Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган кундан бошлаб асосий эътиборни жаҳондаги давлатлар билан интеграциялашувга, уларнинг ичида айниқса қўшни республикаларга алоҳида аҳамият қаратиб келмоқда. Қўшни давлатлар биз учун стратегик муҳим аҳамиятга эга бўлиб иқтисодий ҳамда ижтимоий барқарорлигимизни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо бўлишдан мақсад ҳам иқтисодий, шу жумладан савдо-сотиқ ҳажмини ташкилотга аъзо мамлакатлар билан янада кенгайтириш эди.

2021 йил 28 ноябрь куни Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 15-саммити бўлиб ўтди. Бу галги саммитнинг асосий мавзуси ИҲТни жадал ривожланаётган ташкилот сифатида мустаҳкамлашга қаратилган кўп томонлама шерикликни янада кенгайтириш, унга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни савдо, транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқлик, саноат кооперацияси, «яшил» иқтисодиёт ва туризм соҳаларида ривожлантириш каби йўналишлар бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев саммитдаги нутқида «Тарихи, дини, урф-одат ва анъаналари яқин бўлган биродар халқларимиз азалдан савдо-сотиқ алоқалари ва маданий ришталар билан чамбарчас боғланган. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ўтган давр мобайнида улкан иқтисодий салоҳиятга эга йирик минтақавий тузилмага айланди», деб таъкидлаб ўтди. Дарҳақиқат сўнгги йилларда мамлакатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати натижасида ИҲТга аъзо мамлакатлар билан савдо айланмаси сезиларли даражада ошди. Биргина Афғонистон мисолида кўрсак, 2016 йилда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо айланмаси 519,7 млн. долларни ташкил этган бўлса 2020 йилга келиб савдо айланмаси 779,1 млн. долларни ташкил этди. Пандемия сабабли ўрнатилган чекловлар натижасида мамлакатимиз ташқи савдо айланмаси 2020 йилда 13 фоизга камайишига қарамасдан Афғонистон билан савдо айланмамиз 25,8 фоизга ошган.

Шунингдек давлатимиз раҳбари ўз нутқи давомида «500 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган, улкан бозорга эга бўлган мамлакатларимизнинг савдо ва инвестиция соҳаларидаги катта имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарур. Қабул қилинган «ИҲТ истиқболлари – 2025» концептуал дастури асосида, мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини янада кенгайтириш ва энг муҳими, амалий натижадорликка эришиш» масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. Ҳозирги ахборот ва янги технологиялар асри бўлган даврда ҳар қандай мамлакат ҳудудларини ривожлантиришда ва уни янги сифат йўлига ўтказишда ҳамда халқ фаровонлиги даражасини оширишда инвестициялар зарур аҳамият касб этмоқда. Мамлакатимизнинг сўнгги йиллардаги инвестицион жозибадорлиги ҳам ортиб бормоқда, хусусан 2020 йилда тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ҳисобидан ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 28,7 триллион сўмни ташкил этган. Бу инвестициялар мамлакатимиз равнақи йўлида тиргак бўлиб хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳозирги куннинг муҳим ва долзарб масалаларига тўхталар экан ИҲТга аъзо мамлакатларнинг ўзаро ҳамкорлигида транспорт йўлакларидан унумли фойдаланиш ва янгиларини яратиш масаласига алоҳида тўхталиб, «минтақалараро транзит хабларини ташкил этиш, замонавий транспорт ва йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, транспорт ва транзит тарифларини оптималлаштириш ҳамда қўшимча чегирмаларни тақдим этиш, халқаро юк ва йўловчи ташиш шартларини енгиллаштириш, транспорт соҳасини рақамлаштириш масалаларига аниқ ечимлар топиш муҳим» дея таъкидлади. Мамлакатимизни ташкилотга аъзо мамлакатлар билан боғловчи «Термиз – Мазари Шариф», «Тошкент – Бухоро – Туркманобод – Мари – Сарахс – Истанбул – София», «Тошкент – Бухоро – Туркманобод– Мари –Туркманбоши – Боку – Тбилиси – Поти», «Тошкент – Олмаота – Хоргос – Урумчи» транспорт йўлакларидан самарали фойдаланиш ва янгиларини яратиш мамлакатлар ўртасидаги савдо-сотиқ муносабатларини янги даражага чиқишига сабаб бўлади.

Ташкилот доирасида муайян соҳани ривожлантириш бўйича ҳар йилга ном бериш анъанасини жорий этиш ташаббуси билдирилди. Президентимиз ИҲТда 2022 йилни Ўзаро узвий боғлиқликни мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилишни таклиф этди. Давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари ҳамда ташкилот бош котиби Ўзбекистонни 2022 йилда ИҲТга раисликни қабул қилиб олгани билан табрикладилар.

Президент Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан билдирилган самимий тилаклар учун миннатдорчилик билдириб, учрашув иштирокчиларини Ўзбекистонда ўтказиладиган навбатдаги саммитга таклиф қилди.

А. ГУЛАМОВ, Тошкент давлат транспорт университети проректори, и.ф.д., доцент

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер