Таътилдаги президент, гулхан атрофидаги Абдураҳмонов, қишлоқда тунаган Мирзаев, «Оскар»га кечиккан «Фарида» — Ҳафта "тренд"лари

01:09 11 Январь 2021 Жамият
2407 0

Янги йилнинг илк ҳафтасида ўзбекистонликлар учун муҳим ва қизиқарли воқеаларга бой бўлди. «Халқ сўзи» шу каби хабарларнинг энг муҳимларини саралаб ҳафта дайжестини сизларга ҳавола қилади.

Президент қисқа муддатли таътилга чиқди

архив фото


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 4 январдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиқди.

«Чиройли рақам» рекорд қийматда сотилди

Ижтимоий тармоқларда 30 Z 777 ZZ автомобиль рақами шов-шувларга сабаб бўлди. 30 Z 777 ZZ рақами онлайн ким ошди савдосида 596,5 млн сўмга сотилди. Бу ўз ўрнида рекорд даражадаги таклиф миқдори эканлиги қайд этилди.

Ота 3 ҳафта аввал каналга чўкиб кетган ўғлини ҳамон қидирмоқда

2020 йилнинг 22 декабрь куни икки таниши ҳамроҳлигида бўлган вояга етмаган Абдулазиз исмли йигит баъзи сабабларга кўра, кийимларини ечиб Катта Фарғона каналига тушган ва чўкиб кетган. Вилоят фавқулодда вазиятлар, ИИБ бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қутқарув гуруҳи томонидан бир неча кунлик қутқарув ишлари ҳозирча натижа бермаяпти.

Маълум бўлишича, боланинг отаси Россиядан эндигина келган. Келган кунидан бошлаб ўғлининг жасадини қидирмоқда.

Тошкент шаҳрида якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ажратилган ерда учдан ортиқ қаватли квартиралар қурилган. Бу аҳолининг эътирози ва коммунал соҳадаги муаммоларни келтириб чиқармоқда – Ортиқхўжаев

Сенатнинг ўн биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди.

Муҳокамада Тошкент шаҳар ҳокими, сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам сўзга чиқди.

«Тошкент шаҳрида якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкасида кўп қаватли квартирали уйлар қуриш ҳолатлари ортиб бормоқда. Бунинг оқибатида қурилган кўп қаватли квартирали уйлардаги муҳандислик коммуникациялар тизимига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айримлари қувватига етмай, айримлари эса турли хил авария ҳолатларини келтириб чиқармоқда.

2020 йил ўтказилган хатловда 100дан ортиқ якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида учдан ортиқ қаватли квартиралар қурилган. Бу эса аҳолининг эътирозларига ва коммунал соҳадаги муаммоларни келтириб чиқармоқда», дейди Ж.Ортиқхўжаев.

Қаршида газ чақнаши натижасида бир уй бутунлай сочилиб кетди

Жорий йилнинг 6 январь куни 8:10ларда Қарши шаҳар «Отчопар» МФЙда жойлашган уйларнинг бирида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши юзага келган. Оқибатда бинонинг деворлари тўлиқ қулади.

Ўзбекистонликлар учун ғайриоддий ҳодиса рўй берди

«Ўзгидромет» Ўзбекистонда ғайриоддий ҳодиса кузатилаётгани ҳақида маълумот берди. Маълум қилишича, бу ҳодиса Ўзбекистонда ниҳоятда кам учрайди, кўпинча у қиши барқарор совуқ ҳудудларда кузатилади.

Ўзбекистондаги совуқ об-ҳаво

Ўзбекистоннинг аномал совуғини ушбу расмдан ҳам билиш мумкин.

Президентга шеър ўқиб берган талаба Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди

Ўзбекистон ёшлари форумида Жиззах давлат педагогика институти талабаси, «Мард ўғлон» мукофоти совриндори Сайфиддин Оканов ҳам ушбу учрашувда ўз таклифи билдирган, ўзи ёзган шеърини Президентга ўқиб берган эди. 

Худди шу ҳафтадаёқ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган 12 нафар жиззахлик ижодкорга гувоҳномалар топширилди. Улар орасида Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилояти бўлимининг «Сангзор мавжлари» тўгараги раҳбари Сайфиддин Оканов, Зомин туманидаги «Зомин булбуллари» тўгараги раҳбари Абдуғаффор Шодмонқулов, Шароф Рашидов туманидаги «Истеъдод ғунчалари» тўгараги раҳбари Абдухалил Сатторов ҳам бор.

«Тримол» ёки «ТУРМОЛ»

Ижтимоий тармоқларда барчага таниш бўлган «Тримол» дори воситасининг умумий кўриниши ва номидан фойдаланиб «Турмол» таблеткаларини ишлаб чиқараётган наманганлик «уддабурон тадбиркор» ҳақида маълумотлар тарқалган эди.

Хабарга кўра, «Тримол» дори воситасини ишлаб чиқараётган Ҳиндистоннинг “AJANTA PHARMA LIMITED” компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси билан ўзларининг товар белгиси билан ўхшаш ҳамда истеъмолчини чалғишига сабаб бўлувчи товар белгисидан фойдаланиб қонунга хилоф равишда ишлаб чиқараётган "MERRYMED FARM" МЧЖга ҳуқуқий чора кўриш учун агентликка мурожаат қилган.

Агентлик эса мурожаатга асосан ҳолат бўйича ишни ўрганиб, Маъмурий судга баённома киритди. Натижада "MERRYMED FARM" МЧЖга БҲМ 3 баравари миқдорида яъни 669.000 сўм жарима жазоси тайинланди.

8 ёшли бола Lacettiъда супермаркет ичига кириб кетди

Жорий йилнинг 7 январь куни соат 13:50ларда, Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Гёте-5 кўчасида ҳайдовчи, 1983 йилда туғилган Ж.Ш. «Ласетти» русумли транспорт воситасида ҳаракатланиб келиб, ушбу кўчада жойлашган «Макро» супермаркети яқинига тўхтаб, ўт олдиргич калит ва фарзандини қаровсиз қолдириб ўзи супермаркет ичига кириб кетган. Автомобилда бўлган 8 ёшли фарзанди ўт олдиргич калитни бураб юбориши оқибатида автомобиль ҳаракатланиб кетган ва супермаркет ойнасини синдириб, ичкарига кириб тўхтаган.

Мамлакатимизда илк маротоба очиқ осмон остида «Муз майдони» ташкил этилди

Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри олдида Бунёд этилган муз майдонидаги тантанали очилиш маросими ва концерт дастури бўлиб ўтди.

Тошкентда 7 та тўлов терминаллари ўғирланди

Тошкент шаҳрида бир неча тўлов терминаллари ўғирлангани аниқланган. Яшнобод тумани ИИБ томонидан олиб борилган ишлар натижасида жиноят ишида гумонланаётган икки нафар шахс қўлга олинган.

Маълумотларга кўра, гумонланаётган шахслар 2020 йил 15 декабрдан 2021 йилнинг 2 январь вақт оралиғида жами 7 та тўлов терминалларини ўғирлаб, уларни бузган ва ичидаги пулларни сарфлаб юборишган.

Наманганда кўприк қулаб тушди

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятининг Давлатобод туманидаги Шимолий Фарғона канали устида қурилаётган кўприк қулаб тушгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Вилоят ҳокимлигининг маълум қилишича, узунлиги 37 метр, эни 3 метр бўлган ва пиёдалар қатнови учун мўлжалланган кўприк маҳаллий тадбиркор томонидан «Ўн бир Аҳмад» зиёратгоҳига келувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида барпо этилаётган бўлган. Бунинг учун давлат бюджетидан маблағ сарфланмаган.

Гулханда исинаётган ҳоким

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Асака туманидаги 5 минг 200 нафар аҳоли истиқомат қилаётган Улуғбек маҳалласи аҳолисининг дарду-ташвишлари ва муаммоларини очиқ осмон остида эшитди.

Вилоят ҳокими чекка қишлоқдаги аҳоли хонадонида тунади

Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев вилоятнинг чекка ҳудудларида яшовчи аҳолининг ҳолидан хабар олиш, уларнинг ташвиш ва муаммоларини ўрганиш мақсадида Ховос туманидаги «Бинокор» маҳалласида бўлди. Ва шу маҳалла фуқаросининг хонадонида тунаб қолди.

Жиззахда кўп қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушди

Ҳафта якуни ҳам дилхиралик билан якунланди. 10 январь куни соат 17:15 лар атрофида Жиззах шаҳар Зилол маҳалласи Мустақиллик кўчасида янгидан қурилаётган кўпқаватли уйлардан бири қулаб тушди. 

Қулаб тушган бино юзасидан прокуратура текширув бошлаб юборди, шунингдек, қулаб тушиш сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди.

Сувсиз қолаётган андижонликлар

Шу йилнинг 9 январь куни Андижон шаҳрига ичимлик суви етказиб берувчи диаметри 1400 мм.ли бўлган «Хонобод-Андижон» марказий сув қувурининг Андижон тумани Хортум МФЙга қарашли «Анжирзор» кўчаси ҳудудида жойлашган сув тақсимлаш жиҳозида носозлик юзага келди. Қайд этилишича, носозликларни бартараф этиш учун бир неча кун талаб этилади.

«Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми «Оскар»да қатнашмайди

«Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми белгиланган вақтда юборилмаганлиги сабаб «Оскар»да қатнашмайди. «Халқ сўзи» бу масалага ойдинлик киритиш мақсадида фильм продюсери ва мутасаддилардан изоҳ олди.

Эълон қилинган мақола юзасидан «Ўзбеккино» Матбуот котиби Нозим Сафари таҳририят билан боғланди ва вазиятга изоҳ берди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?