Президент сурхондарёлик ёш ижодкорга «Спарк» совға қилди

15:42 03 Июнь 2021 Жамият
898 0

Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида янги қурилган кўп қаватли уйга кўчиб ўтган Назира Рахимова хонадонида бўлиб, ёлғиз она ҳамда унинг қизи Рухшона билан суҳбатлашган эди.

Самимий мулоқот чоғида ёш ижодкор Рухшона давлат раҳбарига янги нашрдан чиққан китобини совға қилди. Ўз навбатида, билимли, зукко, оқила, юксак иқтидор соҳибига давлатимиз раҳбарининг меҳри тушиб, «Спарк» автомашинаси совға қилишини маълум қилди. Бугун Назира Рахимова хонадонига кенг жамоатчилик вакиллари ташриф буюрди ва Президент совғаси «Спарк» автомашинаси тантанали равишда Рухшонага топширилди.

Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Ёшлар ишлари агентлиги раиси Алишер Саъдуллаев, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Мирҳожиддин Ҳожиматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва бошқалар иштирок этди.

- Президентимиз эътибори ва ғамхўрлигидан бошим осмонга етди. Аслида, Термиз шаҳрига илм излаб келгандим, толеим кулиб, бу ерда бир қатор ютуқ ва муваффақиятларни қўлга киритдим. Онажоним 15 йилдан буён биринчи гуруҳ ногирони. У кишининг ҳолини сўраб келганлари учун давлатимиз раҳбаридан беҳад миннатдорман. Рости, бу кутилмаган ташриф сабаб онамнинг кечинмаларини асло сўз билан ифодалай олмайман. Президентимизнинг менга оталарча ғамхўрлиги, айниқса, онамнинг руҳиятига катта ижобий таъсир кўрсатди. Менга билдирилган бу ишонч ва рағбатни аъло хулқим, илму-иқтидорим ва Ватанимга муносиб фарзанд бўлиш билан оқлашга ваъда бераман, - дейди биз билан суҳбатда Рухшона Абдураззоқова.

Маълумот учун, қаҳрамонимиз Рухшона Денов туманида туғилиб ўсган. Икки йил муқаддам пухта билим олиш, ўз иқтидорини тўлароқ намоён этиш мақсадида онаси билан Термиз шаҳрига кўчиб келганди. Рухшона ҳозирда Термиздаги 1-сон ал-Ҳаким ат-Термизий номидаги ёш физик ва математиклар мактаб-интернатида таҳсил олмоқда. У ўқиб, ўрганиш баробарида мудом ижодий изланишда. Мақсад сари қатъий интилиши унга ҳамиша омад ва зафар эшигини очиб бермоқда. Бугунга қадар унинг 3 та китоби нашрдан чиққан. Ёшлар ўртасида ўтказилган кўплаб танловлар ғолиби. Жумладан, 2018 йилда «Ёш китобхон» республика кўрик-танлови вилоят босқичида 10-14 ёшгача бўлган иштирокчилар орасида 1-ўринни эгаллаб, республика босқичида ҳам муваффақиятли қатнашган. 2019 йилда Афғонистон Ислом Республикасида бўлиб ўтган “Kangourou” математиклар фестивалида Халқаро сертификат билан тақдирланди. Унинг шу каби қатор ютуқлари, алоҳида иқтидор ва қобилияти инобатга олиниб, ўтган йили «Зулфия» номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди.

Илҳом РАҲМАТОВ, 

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?