Президент Шавкат Мирзиёев Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройини бориб кўрди

22:38 16 Октябр 2021 Жамият
817 0

Фото: president.uz

Давлатимиз раҳбари Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройини бориб кўрди.

Бу муассаса шаҳарнинг диққатга сазовор масканларидан бири. 1958 йил фойдаланишга топширилган бинонинг ўзи бир тарихий асар. Ўтган йиллар мобайнида бу ердан кўплаб истеъдодли санъаткорлар етишиб чиққан.

Жорий йилда маданият саройи таъмирланди. Бино ва фаввора асл ҳолини сақлаган ҳолда реставрация қилинди. Замонавий совутиш ва иситиш тизими, овоз кучайтириш мосламалари ўрнатилди. Тўгарак хоналари зарур мебель ва жиҳозлар билан таъминланди. Шу тариқа, бу ер яна одамларнинг, айниқса, ёшларнинг севимли масканига айланди. Бугунги кунда “Беш ташаббус” доирасида ташкил этилган тўгаракларда 300 дан зиёд ўғил-қиз шуғулланмоқда.

Президентимиз бу ерда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди, машғулотлар жараёнини кўздан кечирди.

Маданият саройида 700 ўринга мўлжалланган концерт зали бор. Шу ерда болажонлар куй-қўшиқлар ижро этди.

Давлатимиз раҳбари уларнинг ўқиш ва ижодига муваффақият тилаб, устозларига миннатдорлик билдирди. Мутасаддиларга маданият саройи фаолиятини кенгайтириш, тўгараклар ва ижодий жамоаларни доимий қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига сафари якунланди, давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрига қайтиб келди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?