Президент ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори вафот этди

17:15 12 Август 2021 Жамият
421 0

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори Мирзамуратов Нурлибек Юсупович оламдан ўтди.

Мирзамуратов Нурлибек Юсупович 1963 йил 4 сентябрда Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида туғилган, миллати қорақалпоқ, маълумоти олий. 1990 йилда Тошкент автомобиль йўллари институтини тамомлаган, мутахассислиги бўйича муҳандис-қурувчи. «Адолат» социал демократиялик партияси аъзоси, 2012-2014 йиллар оралиғида Халқ депутатлари Мўйноқ тумани Кенгеси депутати, 2014-2019 йиллар оралиғида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати бўлган.

1996 йилда «ЭКОСАН» халқаро ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси филиали етакчи мутахассиси, 1996-2005 йиллар «ЭКОСАН» халқаро ташкилоти Қорақалпоғистон Республикаси филиали директорининг ўринбосари, 2005 йилдан 2018 йилгача «ЭКОСАН» халқаро хайрия жамоат фондининг Қорақалпоғистон ҳудудий ташкилотининг директори лавозимида ишлаб келган. 2018 йил октябрь ойидан умрининг охирги кунларигача Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази директори лавозимида самарали фаолият юритиб келди.

Мирзамуратов Нурлибек Юсупович, ўзининг иш фаолияти давомида профессионал этика қоидаларига амал қила оладиган раҳбар эканлигини намоён этиш билан бирга, кейинги йилларда Орол денгизи қуриган тубида шўрланган ерларда экотизим ва барқарор турмуш даражасини таъминлаш, халқаро ташкилотлар билан инновация ва ерларнинг шўрланган ҳудудларида экологик муаммоларни ҳал қилиш бўйича маҳаллий олимлар ва чет эллик халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ташкил этиш ва тажриба учун экспериментал майдонларни яратиш ишларида фаол ва сидқидилдан хизмат кўрсатиб келган.

Ватан олдида кўрсатган фидокорона хизматлари эътиборга олиниб, 2020 йилда Ўзбекистон ҳукумати томонидан «Ватан фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?