Президент Фармони билан Қоҳира университети декани «Дўстлик» ордени билан тақдирланиши Миср матбуотида кенг ёритилди

13:06 05 Октябр 2020 Дунё
421 0

Мамлакатимизнинг Миср Араб Республикасидаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига мувофиқ «Дўстлик» орденини билан тақдирланган Қоҳира университети археология факультети декани Аҳмад Ражаб Муҳаммад Али Ризққа давлатимизнинг юксак мукофотини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Эътиборлиси, Қоҳира университети деканининг Ўзбекистон Президенти томонидан «Дўстлик» ордени билан тақдирланиши Миср оммавий ахборот воситаларининг диққат эътиборини ўзига қаратди. Ушбу мавзудаги материаллар етакчи телерадиоканаллар, босма ва электрон нашрларда кенг ёритилди.

Хусусан, Мисрнинг расмий “MENA” ахборот агентлиги чоп этган мақолада Президент Шавкат Мирзиёев фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси билан ҳар томонлама шериклик муносабатларини ривожлантиришга доир муҳим дастур ва лойиҳаларни рўёбга чиқаришдаги амалий кўмаги, халқлар ўртасидаги ўзаро бир-бирини англаш ва қўллаб-қувватлаш тамойилларини мустаҳкамлаш, дўстлик ва маданий ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси учун тарих фанлари доктори, профессор Аҳмад Ражаб «Дўстлик» ордени билан мукофотлангани қайд этилган.

Яқин Шарқдаги энг нуфузли нашрлардан бири бўлган «Ал-Ёум ас-Сабиʼ» газетаси профессор Аҳмад Ражабнинг икки жилдлик «Бухородаги обидалар ва Ислом цивилизацияси» китобининг чоп этилиши икки мамлакат ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаганини таъкидлаган. Мақолада бу асар “Ипак йўли шаҳарларидаги обидалар ва Ислом цивилизацияси энциклопедияси" туркумидаги биринчи китоб бўлгани ва Аҳмад Ражаб томонидан Самарқанд, Термиз, Тошкент, Фарғона, Урганч тарихи ва диққатга сазовор жойлари ҳақида яна бир қанча китоблар нашрга тайёрлангани тўғрисида хабар берилган. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси каби илм даргоҳларининг ташкил этилиши буюк ўзбек алломалари, ислом маданияти ва тамаддунига бўлган ҳурмат ва эътибор сифатида юқори баҳоланган.

«Рўз ал-Юсуф» газетаси мисрлик олимга берилган мукофот ҳақидаги мақолада, шунингдек, ХХ асрнинг 70-80 йилларида 200 га яқин мисрлик талаба ва аспирант Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида техник фанлар, тиббиёт, ирригация ва бошқа соҳаларда таълим олгани, Миср бадиий фильмлари Тошкент халқаро кинофестивалларида намойиш этилганига эътибор қаратган.

«Ал-Рай» газетаси қайд этишича, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар нафақат ўтмишда, балки ҳозирги даврда ҳам жадал ривожланмоқда. Сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги муносабатлар кенгайишига Миср Президентининг 2018 йил сентябрда Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифи ва Президент Шавкат Мирзиёев билан ўтказилган самарали музокаралари туртки берган. Ўзбекистон раҳбари бошчилигида иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг Миср ва бошқа араб давлатлари билан товар айирбошлаш ҳажмининг бир неча баробарга ошиши кутилмоқда.

Мамлакатнинг етакчи нашрларидан яна бири «Баввабат ал-Аҳрам» газетасининг маълум қилишича, доктор Аҳмад Ражабнинг Ўзбекистонга қизиқишининг асосий сабаби минтақанинг инсоният цивилизациясидаги ўрни, узоқ тарихи ва ушбу ҳудудда кўплаб манбалар мавжудлигидадир. Қоҳира университети Археология факультети декани Ўзбекистон ва Мисрни азалдан ўзаро алоқалар боғлаганини, ислом даврида эса янада мустаҳкамланганини қайд этган. Мақолада таъкидланишича, Хоразмшоҳлар давлати қўшинининг 40 минг аскари мўғуллар билан жангдан сўнг Ўзбекистон ҳудудини тарк этиб, Миср подшоҳи Солиҳ Нажмуддин Айюбнинг қўшинига қўшилиши ва ушбу заминда қолиши икки халқ алоқалари узоқ ва мустаҳкам ришталарга эга бўлганини кўрсатади.

Доктор Аҳмад Ражабга «Дўстлик» орденининг топширилиши муносабати билан Қоҳира университетида ўтказилган учрашувга оид «Ал-Иқтисадий ал-Арабий» журнали мақоласида олий ўқув юрти ректори Муҳаммад Усмон ал-Хўшт ислом тамаддунини яратишда салмоқли ҳисса қўшган Хоразмий, Термизий, Беруний ва Ибн Сино каби алломаларнинг юрти билан алоқаларни кенгайтиришдан Миср томони манфаатдор эканини таъкидлагани қайд этилган. Мақолада Муҳаммад Усмон ал-Хўшт университет ходими Ўзбекистоннинг юксак мукофоти билан тақдирлангани учун мамлакатимиз Президентига самимий миннатдорлик изҳор этгани, Шавкат Мирзиёевнинг таълим тизими ходимлари ва ушбу соҳага бераётган катта эътиборини юқори баҳолагани таъкидланган. Қоҳира университети ректори Ўзбекистоннинг олий таълим муассасалари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил давом эттирилишига ишонч билдирган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?