Президент электротехника саноатида ўз ечимини кутаётган долзарб масалаларни кўрсатиб ўтди 

17:48 26 Сентябр 2022 Сиёсат
528 0

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида электротехника саноатидаги истиқболли йўналишлар ҳамда келгусидаги асосий вазифалар юзасидан йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Жаҳон бозорларидаги вазият икки йилда экспортни 1,5 миллиард долларга етказиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Бундан ташқари, ички бозорда ҳам 1 миллиард 300 миллион долларлик импорт бозори бор. Бундан ташқари, ички ва атрофимиздаги бозорларда ярим ўтказгич ва электрон платаларга талаб 6 миллиард долларни ташкил этади.

Масалан, электромобиль саноати учун зарур литий-темир-фосфатли батареялар ишлаб чиқаришга барча хом-ашё заҳираси мавжуд.
Бу борада ҳудудларда барча имкониятлар яратиб берилган. Лекин, ҳудуд раҳбарлари бу имкониятларни ҳисоб-китоб қилиб, фойдаланмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Масалан, электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразмда қолган ҳудудларга нисбатан 2-3 баравар паст (200 миллиард сўмга етмайди).

Бугунги кунда экспорт бозорига битта-иккита маҳаллий бренд чиқа олди, холос. Экспортнинг 80 фоизи шу брендларга тўғри келмоқда.

Экспортни 1,5 миллиард долларга олиб чиқиш учун эса камида 3-4 та янги бренд яратиш зарурлиги таъкидланди.

Яқинда Президент томонидан тасдиқланган қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш бўйича дастурда:

- 34 мингта хонадон, вазирлик ва идораларнинг 6 мингта объектида бундай қурилмалар ўрнатилиши белгиланди;

- аҳолига компенсация олиш, кредитни 3 йил ичида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилди.

Келгуси уч йилда мисни чуқур қайта ишлашни камида 2 бараварга ошириш зарурлиги қайд этилди.

Оҳангарондаги мис кластерининг бошқарув тизимини такомиллаштириш, хорижий бошқарувни йўлга қўйиб, чуқур қайта ишлаш лойиҳалари, илм ва инновацияни олиб кириш муҳимлиги таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?