Пресс-тур: Сурхондарёда қулай тадбиркорлик ва инвестициявий муҳит яратилмоқда

16:47 13 Октябр 2020 Иқтисодиёт
217 0

Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пресс-тур ташкил этилди. Тадбир давомида журналистлар инвестиция мажбурияти билан «ноль» қийматда тадбиркорларга берилган иншоотларда амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусийлаштирилган корхоналар ва замонавий корпоратив бошқарув асосида иш олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан танишди.

Таъкидлаш жоизки, давлат активларини бошқариш, хусусийлаштириш ва бўш турган объектларни хўжалик фаолиятига жалб этишга доир изчил саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда қулай тадбиркорлик муҳитини яратиш, инвестициявий жозибадорликни ошириш орқали хусусий бизнес ривожига кенг йўл очиб бермоқда. Хусусан, бўш турган иншоотлардан самарали фойдаланиш, иқтисодиёт тармоқларини узоқ муддатли ривожлантириш мақсадларидан келиб чиқиб, устав капиталига берилган активларни салоҳиятли инвесторларга сотиш, давлат иштирокидаги корхоналарда илғор бошқарув амалиётини татбиқ этиш натижасида вилоятда бир қатор барқарор ва муваффақиятли лойиҳалар амалга ошириляпти. Президентимизнинг 2019 йил 14 январдаги «Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони бу борадаги фаолиятни янада самарали ташкил этишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Термиз шаҳрида иш бошлаган “Glass-expo-surxon” масъулияти чекланган жамиятига қарашли ойнага ишлов бериш ва қайта ишлаш корхонаси фаолияти билан танишди. Умумий майдони 1,37 гектардан иборат маъмурий ва хўжалик бинолари 1,5 миллион долларлик инвестиция киритиш шарти билан мазкур тадбиркорлик субъектига берилганди. Ҳозирда Хитой, Италиядан олиб келинган замонавий технология асосида юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Жамият томонидан инвестиция киритиш мажбуриятлари бажарилишига коронавирус пандемияси салбий таъсир кўрсатгани боис, давлат активларини бошқариш агентлиги Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан бу борадаги мажбурият муддати 6 ойга узайтириб берилди.

Биринчи босқичда 50 та янги иш ўрни яратилган бўлса, иккинчи босқич ишлари якунлангач, бу кўрсатгич 100 тага етади. Лойиҳага кўра, корхонада бир йилда 200 минг кв метргача ойнага ишлов берилади. Тайёр маҳсулотнинг бир қисми Афғонистон ва Тожикистонга экспорт қилинади. Экспорт ҳажми тобора оширилиб, 2024 йилда 1 миллион долларлик маҳсулотни четга сотиш режалаштирилган.

Яна бир самарали лойиҳа бу “Termiz kanselariya mollari” МЧЖ томонидан амалга оширилган. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва ҳудудий бошқармаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 5 апрелдаги 182-сонли қарорига асосан замонавий электротехника воситалари шу жумладан, телевизор ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга ошириш учун 16,0 млрд. сўм инвестиция киритиш мажбурияти билан қурилиши тугалланмаган собиқ темир йўл шифохонаси жамият тасарруфига берилди.

Жамият томонидан бугунги кунда долзарб бўлган янги иш ўринларини яратиш мақсадида замон талабларига жавоб берадиган текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилганлиги учун Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 майдаги 266-сонли қарори қабул қилиниб, мазкур иншоот хусусий мулк қилиб берилди. Бу ерда айни пайтда турли хилдаги болалар, аёллар ва эркаклар кийимлари ишлаб чиқарилмоқда. Бир-биридан бежирим дизайндаги сифатли маҳсулотлар асосан ички бозорда сотилмоқда. Шуниси эътиборлики, кластер таркибидаги корхона юз фоиз маҳаллий хом ашёси асосида ишлаб чиқариш тармоғини яратган. Корхонада мингга яқин ишчи хизматчиларнинг бандлиги таъминланган. «Устоз-шогирд» анъанасига биноан 2-3 ойлик ўқув курсларида тикувчиликка қизиқиши бор ёшлар пул тўланиб, касбга ўргатилмоқда.

“Rosher” оилавий корхонаси колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармасига бўш турган давлат объекти ажратилишини сўраб мурожаат қилганди. Шунга асосан Термиз шаҳри, «Маърифат» маҳалласи Тараққиёт кўчасида жойлашган бўш турган қозонхона биноси Сурхондарё вилоят ҳокимининг 2017 йил 10 ноябрдаги 
Қ-626-сонли қарорига таклиф киритилиб, инвестиция киритиш шарти билан «ноль» харид қийматида берилганди. Бундай имкониятдан унумли фойдаланган оилавий корхона раҳбари Саидаҳрор Носиров лойиҳани амалга оширишга киришди. Натижада корхона фаолиятини йўлга қўйиш учун 1,5 миллиард ўрнига 2,5 миллиард сўмлик инвестиция киритилиб, Хитойдан замонавий технология олиб келиб ўрнатилди. 12 та иш ўрни яратилди. Корхона бир кунда 5 тоннагача колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, талаб ва таклифларни инобатга олган ҳолда ҳозирда кунига 1-1,5 тонна колбаса маҳсулотлари тайёрланиб, савдога чиқарилмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари Денов туманида жойлашган «Денов вино-ароқ» АЖ корхонасида жорий этилган илғор корпоратив бошқарув фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

— Замонавий корпоратив бошқарув тизими корхонамиз фаолиятига ижобий таъсир кўрсатди, - дейди корхонанинг маркетинг ва савдо масалалари бўйича ўринбосари Файзулла Давлатов. – Ҳозир акциядорлар билан ишлашнинг самарали механизми яратилди. Шунинг пировардида иқтисодий кўрсатгичларимиз ҳам тобора яхшиланиб бормоқда. Агар 2015 йилда олинган соф фойда 1,3 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2019 йил якуни буйича 1,9 млрд. сўмга кўпайишига эришилди. Табиийки олинган соф фойданинг асосий қисми акциядорларга дивиденд учун ажратилиб, уларнинг манфаатдорлиги оширилди. Ҳозирда ҳар чоракда жамият кўрсаткичлари коэффициенти ва чораклик бизнес режа Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан ташкил этилган электрон базада мунтазам равишда акс эттирилмоқда.

Сариосиё туманидаги «Шўртаннефтгаз-Текстиль» корхонасида Италия давлатидан 118 та замонавий пайпоқ ишлаб чиқариш дастгоҳлари келтирилган бўлиб,айни пайт фойдаланилмасдан бўш турибди. Ушбу МЧЖнинг 100 фоиз давлат улуши баҳоланган нархда, яъни 56 787,9 млн сўм бошланғич нархда 2020 йил 17 апрелда аукцион савдоси орқали сотиш учун савдога чиқарилганди. Мазкур жамият давлат улушини бир неча маротаба такрорий савдога чиқарилганлигига қарамасдан сотилмаганлиги сабабли ҳозирги кунда жамият давлат улушини бошланғич нархи босқичма-босқич 3 марта пасайтирилган ҳолда 42 093,2 млн сўмга яъни номинал қийматда такрорий аукцион савдосига чиқарилган.

Бугунги кунда баҳоланган қийматнинг номинал қийматгача пасайтириш механизми қўлланилиб савдога чиқарилган 100 фоиз давлат улушига тадбиркорлар томонидан қизиқиш билдирилмаганлиги учун вилоят ҳудудий танлов комиссиясининг қарорига асосан баҳоланган қийматнинг 50 фоизгача пасайтириш тўғрисида қарор қабул қилиниб, Давлат тендер комиссиясига таклиф киритилган. Демак, яна бир йирик ишлаб чиқариш корхонаси ўз харидорини кутмоқда.

Пресс-тур давомида журналистларга Сурхондарё вилояти Давлат активларини бошқариш бошқармаси томонидан жорий йилнинг 9 ой давомида амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар ҳам берилди.

Илҳом Раҳматов,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?