Пойтахтимизда ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси очилди

15:15 29 Декабрь 2021 Жамият
740 0

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси томонидан турли ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Сайилгоҳ кўчасида “Broadway Craft Bazar Tashkent2021” ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси очилди.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Очилиш маросимида “Ҳунарманд” уюшмаси, Савдо-саноат палатаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари, Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган моҳир ва тажрибали уста-ҳунармандлар, ёшлар, юртимизда ташриф буюрган сайёҳлар, кенг жамоатчилик вакиллари, журналистлар қатнашди.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Сўз олганлар мамлакатимизда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини янада ривожлантириш, ҳунармандларни моддий, маънавий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Мазкур тадбир ҳам уста-ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, соҳада “Уста — шогирд” мактабларини янада равнақ топтириш ва янги иш жойларини яратиш, Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада тараққий эттириш, шунингдек, Янги йил байрами арафасида юртимиз аҳолисига ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиб олишига шароит яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Кўргазма-ярмарка доирасида 18 та ҳунармандчилик маҳсулотлари савдо дўкони ўз иш фаолиятини бошлади. Уларда ёғоч ўймакорлиги, каштачилик, заргарлик, кулолчилик, миллий либослар тайёрлаш, миниатюра, рангтасвир, наққошлик ва бўёқли нақшлар, кандакорлик, мисгарлик каби йўналишларда ҳунар сирлари намойиш этилмоқда, буюм ва маҳсулотлар сотуви йўлга қўйилган.

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Кўргазма-савдода моҳир ҳунармандларнинг ноёб асарларини томоша қилиш билан бирга, уларни харид қилиш мумкин. Бу асарлар табиий маҳсулотлардан қўлда тайёрланган бўлиб, уларда ҳунарманднинг қалб қўри, кўз нури ҳамда халқимизнинг орзу-истаклари ва асрий қадрият ва анъаналари мужассам топган.

 

Фото: Сирожиддин Воҳидов / «Халқ сўзи»

Кўргазма-савдо 2022 йил 10 январгача давом этади.

Дилшод КАРИМОВ (“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?