Пойтахтимизда 22 сентябрь — “Халқаро автомобилсиз кун” муносабати билан веломарафон мусобақаси ташкил этилди

17:11 22 Сентябр 2022 Спорт
271 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Соғлиқни сақлаш, Спортни ривожлантириш, Ички ишлар вазирликлари ва бошқа масъул ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мазкур акцияда ҳаваскор спортчилар, турли ёш тоифасидаги ўғил-қизлар, давлат идоралари, хусусан, тиббиёт тизими ходимларидан иборат 800 нафардан зиёд аҳоли вакиллари иштирок этди.

Президентимизнинг 2022 йил 1 августдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек спортнинг велоспорт турини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, оммалаштириш, бу орқали соғлом турмуш тарзини юксалтириш мақсадида уюштирилган мусобақа ҳар томонлама қизғин ва муросасиз кечди.

— Велосипедда юриш саломатлик учун фойдали, — дейди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Э. Баситханова. — Қувонарлиси, мамлакатимизда йилдан йилга ушбу спорт турига бўлган қизиқувчилар сони ортиб бормоқда. Айниқса, бугунги тадбирда иштирок этган йигит-қизлар, катта ёшли инсонлардаги шижоат ва интилишни кўриб, ўзим учун ҳам катта куч олдим.

Ўйлайманки, бу каби мусобақаларни юртимизнинг барча ҳудудларида мунтазам ўтказиш лозим. Сабаби инсон қанчалик кўп жисмоний ҳаракат қилса, шунчалик соғлом ва иммунитети мустаҳкам бўлади. Бу ҳаёт ҳақиқати эса пандемия даврида яна бир бор ўз исботини топди.

Тадбирда, шунингдек санъаткорлар ижросида соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи куй ва қўшиқлар янгради.

 

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?