Пойтахтдаги улкан LED-экранларда Ўзбекистон шифокорларини қўллаб-қувватлаш акциясига старт берилди

20:44 21 Июль 2020 Жамият
356 0

Ўзбекистон дунё мамлакатлари қаторида коронавирус синовидан ўтмоқда. Жаҳонда COVID-19 билан касалланганлар сони 14 млн кишидан ошиб кетди. Республикамизда бу кўрсаткич 17 мингдан зиёд кишини ташкил этмоқда, шундан 9 500 га яқини соғайди. Бунда тиббиёт ходимларининг хизмати катта. Улар айни вақтда коронавирус инфекциясига қарши курашда олд сафларда туриб жанг қилмоқда ва ҳар куни ҳақиқий қаҳрамонлар каби жасорат кўрсатиб, беморлар ҳаётини сақлаб қолмоқда. 

Дунё бўйича одамлар пандемияга билан курашаётган шифокорларга турли йўллар билан миннатдорлик билдирмоқда. Кўпчилик асфальт устига «раҳмат» сўзини ёзиб, ижтимоий тармоқлар орқали ташаккур айтмоқда. Шифокорларга бундай таъзим, шубҳасиз, ҳурмат-эҳтиром ва эътироф намунасидир.

Президент Шавкат Мирзиёев коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишлари давомида таъкидлаганидек, “коронавирусга қарши курашишдаги ўзига хос «жанг майдони»да тиббиёт ходимлари биринчи зарбани қабул қилмоқдалар. Оддий ҳақиқатни тан олиш адолатдан бўлади — касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади, лекин охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди. Дунё бўйлаб, хусусан, мамлакатимизда шифокорларнинг ўз касбига садоқати, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида туну кун қилаётган меҳнати барчамиз учун жасорат намунаси бўлмоқда”.

Мамлакатимиз шифокорларининг коронавирус (COVID-19) билан кураш йўлидаги фидокорона хизматлари учун миннатдорлик изҳор қилиш мақсадида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати «Ўзбекистон шифокорларига раҳмат» мавзусида флешмоб-акциясини ўтказиш ташаббуси билан чиқмоқда.

Жорий йилнинг 21 июль куни Тошкент шаҳридаги "Humo Arena” муз саройи ҳамда "Hilton” меҳмонхонасининг LED-экранларида тарғибот-ролигининг намойиши ташкил этилади. Намойиш маҳаллий телеканаллар ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилади.

Қайд этиш керак, пандемия даврида тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватловчи бу каби акциялар кўплаб хориж мамлакатларида ўтказилди. Мисол учун, Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ташкилотчилар Исо Масиҳ ҳайкалига махсус ёритувчи чироқлар ёрдамида шифокор кийимини кийдиришди ва соғлиқни сақлаш соҳасида меҳнат қилаётган инсонларга «раҳмат» айтишди. Токио-2020 ёзги Олимпиа ўйинларининг ташкилотчилари эса олимпиа боғидаги «Комадзава» биносини кўк рангга бўяшди. Мантиққа кўра, бу бошқа давлатлар билан бирлашиш, тушуниш, қўллаб-қувватлаш рамзидир. Skytree телеминораси ҳам худди шундай рамзий рангга бурканди. Москвадаги Останкино телеминораси шифокорларга миннатдорлик сўзлари акс этган видеолавҳалар билан безатилди. Шунингдек, АҚШдаги Эмпайр-стейт-билдинг, БААдаги Бурж Халифа, Канададаги Си-Эн Тауэр ва бошқа осмонўпар иншоотлар иллюминацияларга бой бўлди. Замонамиз қаҳрамонларига Google компанияси ҳам бир неча дудллари (бош саҳифада акс этувчи суратлар) ёрдамида далда бериб турди. Барча шифокорлар, ҳамширалар, тез ёрдам хизмати ходимлари учун «раҳмат» сўзи ёзилган анимация тайёрланди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ахборот хизмати

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?