Яшнобод тумани давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди

18:33 16 Октябр 2021 Жамият
262 0

Фото: Давлат хизматлари агентлиги

Пойтахтимизда Яшнобод тумани давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Давлат-хусусий шериклик асосида бунёд этилган ушбу марказ замонавий IТ-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган.

Бу ерда фуқароларга бир вақтнинг ўзида 160 дан ортиқ турдаги хизматлар кўрсатиш имкони мавжуд. Ахборот киоскаси, саломатлик бурчаги, болалар майдончаси ҳамда кутубхона ташкил қилинган.

Марказда кўплаб давлат хизматларидан экстерриториал тамойили асосида, яъни яшаш ва турган жойдан қатъи назар фойдаланиш мумкин. Қолаверса, мажмуада электрон навбат тизими билан интеграция қилинган махсус платформа мавжуд бўлиб, унинг ёрдамида мижозлар хизмат кўрсатиш жараёни ҳамда хизмат кўрсатган ходимни баҳолаши мумкин бўлади. Бу эса фуқаролар билан қайта алоқанинг муҳим усулларидан бири сифатида мурожаатчилар учун хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга ёрдам беради.

Ташриф буюрувчиларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, давлат хизматларидан фойдаланишда NFC махсус қурилмаси ишга туширилди. Унинг ёрдамида ID картадаги фуқаронинг шахси аниқланади ҳамда тизимда аризачининг маълумотлари автоматик тарзда тўлдирилади.

Мурожаатчилар бир нуқтада турли масалаларга ечим топиши мумкин. Яъни эндиликда фуқароларнинг идорама-идора оворагарчиликларининг олдини олиш мақсадида бинога Халқ қабулхонаси, Бош вазир қабулхонаси ҳамда ФҲДЁ бўлимлари ҳам жойлаштирилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида 12 та давлат хизматлари маркази мавжуд бўлиб, уларнинг учтаси замонавий шарт-шароитларга эга.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?