Пойтахт ИИББ ўзини вазир ўринбосарининг иккинчи хотини эканини айтиб, жанжал кўтарган аёл видеоси бўйича баёнот берди

11:45 26 Август 2021 Жамият
1469 0

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори томонидан тўхтатилган қоидабузар ҳайдовчи ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, ўзини вазир ўринбосарининг иккинчи хотини эканини айтиб, жанжал кўтаргани ҳақида видео тарқалди. Пойтахт ИИББ мазкур ҳолат юзасидан расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, 30 июль куни Учтепа тумани КҲАЙ кўчасида ўтказилаётган махсус рейд тадбирида ЙПХ инспектори томонидан оқ рангли Nexia-3 русумли автоуловга тўхташ ишораси берилган, бироқ ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмасдан ўз ҳаракатини давом эттирган. Кўрилган чора тадбирлар натижасида мазкур транспорт воситаси КҲАЙ ва Фарҳод кўчалари кесишмасида тўхтатилган.

ЙПХ инспектори томонидан текширилганда транспорт воситаси ҳайдовчиси 1996 йилда туғилган Э.Мадина автотранспорт воситасини техник қайд этиш гувоҳномасидан ташқари бошқа ҳужжатларни тақдим эта олмаган. Жавобгарликдан қочиб қутулиш мақсадида Э.Мадина ва унинг укаси 1999 йилда туғилган Э.Умид ИИО ходимларининг фаолиятига тўсқинлик қилиб, жанжал кўтарган.

Ушбу фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автоулов вақтинча жарима майдончасига жойлаштирилган ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан суд томонидан тегишли жазо чоралари қўлланган.

Ўтказилган текширув жараёнида Э.Мадинанинг ҳеч қайси вазир ўринбосарига алоқаси йўқлиги аниқланган.

«Шу ўринда фуқароларга эслатиб ўтамиз, бировнинг номини сотиб, ўзини кимнингдир қариндоши деб таништириш, жанжал кўтариш орқали жавобгарликдан қочиб қутулиб бўлмайди. Қонун олдида барча баробар», дейилади баёнотда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?