Почта хизмати: энди СТИР гувоҳномасини алоқа боғламасида юклаб олиш мумкин

09:58 19 Январь 2021 Жамият
273 0

Почта алоқаси яқин вақтгача аҳолининг энг яқин кўмакдоши сифатида юртдошларимизга кенг кўламли хизмат кўрсатиб келганини кўпчилик яхши эслайди. Бироқ, бир қатор объектив сабаблар, хусусан, вақтли матбуот нашрларига обуна ҳажмининг кескин камайиши билан соҳа корхоналарининг молиявий кўрсаткичлари ёмонлашди, кўплаб иш ўринларини қисқартиришга тўғри келди. Алоқанинг ҳамма учун мақбул бўлган ушбу жабҳасини аввалги мавқеига кўтаришда истиқболли тадбирларни амалга ошириш, жумладан, қўшимча хизмат турларини жорий этишни вақт қатъий талаб сифатида қўймоқда. Наманганда тизим фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Тўрақўрғон туман почта алоқа боғламасида биринчилардан бўлиб айни йўналишдаги тадбирларни жорий этишга киришилди.

Масалан, эндиликда фуқаролар почта орқали давлат хизматлари кўрсатиш имкониятидан фойдаланишлари мумкин. Янги йилнинг иккинчи ҳафтасидан бошлаб алоқа боғламасида ана шундай хизматларнинг 15 га яқин тури йўлга қўйилди. Маълумки, жисмоний шахсларга СТИР берилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олиш учун фақатгина солиқ идорасига мурожаат қилишга тўғри келган. Соҳадаги янгилик шарофати билан ушбу гувоҳномани почтада электрон юклаб олиш, бундан ташқари юридик ва жисмоний шахсларга солиқдан қарзи  йўқлиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлиш, манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш хизматларини ҳам кўрсатишга киришилди. Фуқаролар учун яна бир қулайлик. Ота-оналар фарзандларини мактабгача таълим ташкилотига навбатга ёздириш учун фақатгина Давлат хизматлари марказига боришлари шарт эмас. Уларнинг мазкур масала бўйича аризалари ҳам почтада қабул қилинади ва талаблари қондирилади.

— Бундай хизматлар қисқа муддатда бажарилиши билан аҳамиятли — дейди боғлама бошлиғи Фозилжон Мирзаев. — Зарур ҳужжатларни мижозга тақдим этиш учун тартибга кўра унча кўп вақт талаб қилинмайди,аксарияти узоғи билан бир соат ичида бажарилади.

Тўғри, бу сингари қўшимча хизматлар ҳозирча марказий почтада кўрсатилмоқда. Бироқ, қулайликларни босқичма-босқич қишлоқ жойларида ҳам яратиладиган кунлар узоқ эмас.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер