Пискентда нега муаммолар кўпаймоқда?

17:26 25 Май 2021 Жамият
237 0

Ижтимоий соҳадаги айрим муаммоларни ҳал этиш пискентликлар учун йиллар давомида ширин орзуга айланиб қолмоқда. Кекса ёшдагилар ечим тополмаган чигал масалалар бугунги ёшларни ҳам ўйлантиряпти. Туман раҳбарлари зиммасида ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги ҳамда аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини таъминлаш, маҳаллабай ишлаш тизимини шакллантириш умумтаълим мактаблари ва боғчалар фаолиятини намунали йўлга қўйиш каби вазифалар ижроси турибди. Аслида, бу каби ижтимоий масалаларни пискентликлар учун ечимсиз муаммога айланиб кетишининг ўзи кишини ўйлантиради. Негаки, туманнинг иқтисодий салоҳияти бинойидек. Пахта ва ғаллачиликда деҳқончилик маданиятини қийиб қўядиган номдор фермерлар ишлайди. Вилоятда биринчи бўлиб Пискентдан заъфарон экспорти йўлга қўйилди. Хорижий сармоядорлар иштирокида тоғ-кон ва металлургия саноати учун ноёб хомашё бўлган «ксантогенат» ишлаб чиқариш, темир оксидидан пигмент бўёқ олиш, қурилиш маҳсулотлари, томчилатиб суғориш учун пластик трубалар, шунингдек, кийим-кечак ишлаб чиқариш каби ўнлаб лойиҳалар амалга татбиқ этилган. Хуллас, қайта ишлаш саноати, тадбиркорлик, хусусий бизнес, хизматлар кўрсатиш ва бошқа соҳаларда ҳам туман маҳаллий бюджетини изчил ривожлантириш омиллари мавжуд. Бироқ ижтимоий муаммолар кўлами йил сайин қисқариш ўрнига ортиб бормоқда. Ҳокимлар янгиланган билан долзарб масалалар эскилигича қолмоқда.

Ана шундай саволларга жавоб қидириб, Нурафшондан вилоят ҳокимлиги биносидан чиқиб, Пискентга кириб борарканмиз, йўл четида беш ўнтадан бўш идиш кўтариб, жўмракдан отилиб чиқаётган зилол сувга навбатда турганлар олдида тўхтадик.

— Пискентданмисизлар? — сўраймиз улардан.

— Ҳа, шундай, — дея, жавоб қилди ўрта ёшлардаги бир йигит.

— Мен сал нарироқдаги қишлоқдан, Сатторободданман, — дейди бошқаси.

— Мен янаям узоқроқдан келиб кетаман, — дея жавоб қайтарди учинчи бир одам.

— Бунча сувни нима қиласизлар, шифобахшми? — сўраймиз улардан қизиқсиниб.

— Шифобахшлигини билмадик-ку, лекин ширин сув, истеъмолга яроқли-да! — дейишади улар.

— Мен ҳокимият орқасидаги маҳаллада яшайман, — дейди бир аёл. — Ҳовлидаги сувнинг маза-матраси йўқ, ичиб барака топмаяпмиз. Ҳар сафар 50-60 литр олиб кетаман, икки уч кунга етади.

Туман маркази ва атрофдаги узоқ-яқин қишлоқлардан йил ўн икки ой идишда юзлаб литр сув ташиб ичаётган суҳбатдошларимиз: «Журналист бўлсаларинг, масалани уйма-уй юриб ўрганганлар. Шунда одамларни қийнаётган муаммолар илдизига етасизлар», — дейишди.

«Обиз»дан «Келовчи»гача

Шу қисқа суҳбатдан сўнг, Олмалиқ шаҳри билан туташ чекка ҳудудлардан бири Исмиддин Ҳайдаров номли манзил томон йўл олдик. «Гулистон» МФЙга қарашли Обиз қишлоғидаги Мироблар кўчасида тўхтаймиз.

— Кўчамизга 2019 йил ёз чилласида сув қувурлари кўмилганди. Унгача атрофдаги қишлоқлардан ташиб ичганмиз. Ҳалиям оғзимиз ошга етганича йўқ. Сув қувурлари фақат кўча бошигача тортилган. Ҳамма бола-чақаси билан идишда ташиб ичади, шунга ҳам шукр! — дейди 34-уй бекаси Шаҳноза Аслонова. — Кўриб турганингиздек ички йўлларга кўз теккан, қишда лой кечамиз, ёзда чанг ютамиз.

— Обизда 60 та хонадон бор. Уч юз нафардан ошиқ аҳоли яшайди, — дейди бизга пешвоз чиққан Абдуҳаким Умаров. — Ўша аёлнинг айтгани тўғри, маҳалла кўчаларида ҳар 100 метрга битта жўмрак ўрнатилган. Жами 15 та точка бор. Ички йўлларга беш йил олдин ҳашар уюштириб шағал тўшаб чиққанмиз. Қурбимиз етгани шу бўлди, асфальт ётқизишга одамларнинг ҳамёни кўтармаяпти, ишсизлар кўп.

— Ҳокимиятдагилар шу муаммоларни билишадими?

— Албатта-да! Оқсоқоллар билан ҳокимга қатнайвериб ковушимиз тешилиб кетган. Охири, 2017 йилда эски ҳоким келиб вазиятни ўрганди. «Майли энди савоб бўлар-ов!» — деб, ички кўчалар бир четда қолиб, қишлоқ этагидаги «Обиз ота» қабристонига кириш жойигагина асфальт ётқизиб берди, барака топкур. Шу-шу кўча масаласи менимча раҳбарларнинг кун тартибидан кўтарилган кўринади.

Муғол, Келовчи, Сағана, Ғортепа, қишлоқлари ва Дўстлик қўрғони Обиз билан ёнма-ён ҳудудларда жойлашган. Уларнинг ҳам сувга бўлган эҳтиёжи обизликлардан кам эмас. Сағанада 160 та, Дўстлик қўрғонида 122 та, Фермерлар ва Янгиобод кўчаларида 73 та, Нурафшон кўчасидаги 10 та хонадонда ичимлик суви йўқ. Кимдир уйидан қазиган қудуқдан, бошқа бировлар эса атрофдаги қишлоқлардан сув ташиб кун ўтказишмоқда.

—Бу ерга кўчиб чиққанимизга 20 йилдан ошди, ҳалигача ичимлик сувидан қийналамиз, — дейди Беруний кўчасидаги 15-хонадонда истиқомат қилувчи Тўлқинали Ҳайдаров. —Югуриб елишдан наф бўлмагач, таъми яхши бўлмаса-да ҳовлидан қудуқ қазиб сув ичяпмиз. Кечқурун идишларга олинган сув юзасини эрталабга бориб юпқа ёғли парда қоплайди. Бу сувга танамиз ҳам ўрганиб кетди шекилли, эътибор қилмай қўйдик. Кўчамиздаги хонадонларга газ қувурлари тортилмаган, дала бошига ўрнатилган трансформатор ва симёғочлар ҳам эскирган.

— Қишлоғимизга Олмалиқ кон-металлургия комбинати, «Аммофос-Максам» каби корхоналарнинг жиддий зарари сезиляпти, — дея суҳбатга қўшилди Ўқитувчилар кўчаси, 18-уйда яшовчи Нуриддин Маназаров. — Бу корхоналарнинг баланд мўриларидан чиқаётган зарарли чиқинди ва газлар тўғри устимизга ёғилади. Қудуқ сувларидаги тахирлик ҳам шу корхоналарнинг иши шекилли. Охирги ўн йилда томорқамизда помидор, бодринг сингари сабзавот ва мевалардан ёлчитиб ҳосил олганимизни эслолмаймиз. Узум, шафтоли, гилослар ҳам битмай кетди. Ҳаво тоза эмас! Ариқларимизда шарқираб турган оқава сув ҳам қуриди. Экин-тикин ҳам ўзига етганча бўлиб қолди. Эплаган қудуққа мотор ташлаб томорқа суғоряпти.

Дарвоқе, нафақат Пискент, балки, унга туташ ҳудуддаги Оҳангарон тумани ва Олмалиқ шаҳри аҳолисининг ҳам ҳаводаги зарарли чанг ва газлардан қийналаётгани айни ҳақиқат. Одамларнинг шундай эътирозлари сабабли, «Халқ сўзи» газетаси билан Республика Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассислари ҳамкорлигида «Оҳангаронцемент», Нурободдаги «Янги Ангрен» ИЭС, Олмалиқ шаҳридаги «ОКМК», «Аммафос-Максам» каби йирик саноат корхоналари жойлашган ҳудудларда ўтказилган таҳлиллар бу борадаги ҳақиқий ҳолатни юзага чиқарди. Олмалиқ шаҳрининг Байналмилалчилар, Мустақиллик, Амир Темур кўчалари, Абдулла Қаҳҳор ва Улуғбек кўчаларининг чорраҳаси, «Аммафос-Максам» АЖ қаршисидаги катта йўл, саноат ҳудудидаги ташландиқлар атрофи, «Сўфи Оллоёр» МФЙдаги Улуғбек кўчасида бир марталик лаборатор таҳлиллар ўтказилди. Ҳар бир текширув натижасида, ҳаводаги зарарли моддаларнинг рухсат этилган меъёрдан паст ёки юқорилиги ойдинлашиб борди. Олмалиқ шаҳридаги еттита нуқтада ўрнатилган мобил эколабораторияларнинг тезкор таҳлиллари азот диоксиди, углерод оксиди, олтингугурт диоксиди, фенол, аммиак, сероводород каби инсон саломатлиги учун хавфли ҳисобланган зарарли газ ва чанглар миқдори ҳавода ортиб бораётганини тасдиқлади. Зарарли газлар миқдори айрим кузатув нуқталарида меъёрдагидан 1,1 баробардан 4,0 баробаргача, аммиак ва сероводород газлари миқдори ҳаттоки, 12,0 баробаргача ортиқ эканлиги маълум бўлди.

—Қишлоқдаги ёшлар умрини бекорга ўтказяпти. Тайинли иш йўқ, борида ҳам ёлчитиб пул бермайди. Қўлидан иш келадиганлар мардикор бозорига чиқади, ҳунарсизлар ёлланма ишчиликдан кунбай пул топишади. У ҳам ҳар доим бўлавермайди. Шу туфайли йўлини топганлар Россияда яна бошқаси Туркияда юрибди, — дейди келовчилик суҳбатдошларимиз.

Беруний кўчасида яшовчи Тўлқиналининг гапларига кўра, қишлоқ ёшларнинг кўпчилиги Олмалиқ кон-металлургия касб-ҳунар коллежини битиришган. Унинг қизи Ситора Мустафоқулова ҳам 2016 — 2019 йилларда шу билим даргоҳида Электроника ва асбобсозлик йўналиши бўйича таҳсил олган. Ситора ноёб ихтисосликни эгаллаганига қарамай, ОКМК билан КХК ва ўқувчи ўртасида имзоланган уч томонлама шартнома шартлари бажарилмади. Оқибатда, у ишсиз қолди. Туманнинг бошқа қишлоқларида ҳам Ситорадек муаммога учраган ёшлар талайгина.

«Гулистон» МФЙ таркибидан ажралиб чиққан «Келовчи»да бугунги кунда 3800 нафар аҳоли истиқомат қиляпти. Мана шундай катта ҳудуддаги аҳоли мурожаатини тинглайдиган маҳалла оқсоқолининг ҳали тайинли хонаси йўқ. Ижарага олинган чойхонанинг бир қисмидаги зах босган полсиз хоналарга линолиум тўшаб, амал тақал қилиб кириб олган оқсоқол ва ходимлар учун компьютер у ёқда турсин оддий стол-стул ҳам қўйилмаган. Ёзув-чизув тик оёқда дафтар қаламда эпланмоқда. Бу ҳолатда «маҳаллабай», «хонадонбай» ишлаш тизими қандай шаклланаркин?

15 йил олдин қулаган сув захира "башня"си

Пискентнинг Новкент, Оқтепа, Зоминовул, Сатторобод каби аҳоли манзилларидаги аҳволни ўрганарканмиз, ичимлик суви тақчиллиги, тўкилиб турган таъмирталаб ҳовлилар ва кўчаларга дуч келдик. Қишлоқларда шағал тўшалмаган йўлларни истаганча топасиз.

—Сувни 1,5 километр узоқликдаги қўшни қишлоқдан ташиб ичамиз,-дейди Зоминовулдаги Дўстлик кўчаси, 15-хонадонда яшовчи Фарҳод Раҳмонов. — Бир пайтлар атрофдаги қишлоқлар аҳолисини ҳам таъминлаган Сатторободдаги сув захира башняси бундан 15 йил олдин қулаб тушгач, аҳвол ҳалигача ўнгланмади. Одамлар кунма кун навбат билан қулаган захира башнясининг занг босиб, чириган қувуридан сув тортиб ичишмоқда. Унинг истеъмолга нечоғлик яроқлилиги ҳозирча ҳеч кимни қизиқтираётгани йўқ.

—Қишлоғимиздаги йўлни таъмирлаш учун лойиҳа қилинганига ҳам ҳадемай 8 йил бўлади,-дея, изоҳлаган бўлди ўзини Ҳожибой Раҳмонбердиев деб, таништирган киши. — Муаммо кўп, аммо натижа йўқ укам!-деди у.

«Тошкент сув таъминоти» МЧЖнинг Пискент туман бўлимига қарашли «Оқтепа» сув иншоотига ташриф буюрганимизда дарвозанинг шунчаки очиқ-сочиқ ташлаб кетилганига гувоҳ бўлдик. Минглаб нафар аҳолига ичимлик суви етказиб берувчи бу муҳим стратегик иншоот аслида қатъий назоратда қўриқланиши зарур эмасмиди?!

Шу иншоотдан сал нарида жойлашган Новкентдаги Истиқлол кўчаси, 26-уй бекасининг таъкидлашича қувур жўмрагидан тушаётган сувда ҳар хил чўкинди ва зараркунандалар миқдори кун сайин ортиб бормоқда...

—Бу сувни ҳатто қайнатиб ҳам истеъмол қилишга чўчийсан киши, — дейди у. —Ёнгинамизда эса умумтаълим мактаби жойлашган. Болаларнинг жўмракка оғиз қўйиб сув ичмаслигига ким кафолат беради?!

Тошкент вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан ҳамкорликда туман аҳолиси истеъмолга яроқсиз деб эътироз билдирган ҳудудлардан олинган сув намуналарнинг бактериологик таҳлилларида бир қатор манзилларда ҳақиқатдан ҳам ичимлик суви таркибида нитрат ва сульфатлар миқдори ҳамда сувнинг қаттиқлик даражаси белгиланган меъёрдан ошиқчалиги аниқланди.

Таъмирталаб боғчалар

Кейинги куни тумандаги Давлат мактабгача таълим муассасалари фаолияти билан танишдик. «Ойбек» МФЙдаги 17-сонли ДМТМ директори Ақида Маматқулованинг таъкидлашича бу ерда ичимлик сувидан муаммо йўқ. Тараққиёт, Холиқберди, Сайидобод, Чимқўрғон, Бекобод, Митан, Мингтепа, Бирлик каби ҳудудлардан қатнаётган 3-7 ёшли болалар тарбияси билан шуғулланаётган бу маскан камчиликлардан ҳоли эмиш.

Гуруҳларни айланарканмиз, мебель жиҳозлари эскиргани, 180 та болалар стулчалари, 36 та кийим жавони ва жажжи болажонлар овқатланадиган столлар, 180 дона каравот етишмаслиги маълум бўлди. Боғча ҳовлисидаги ўйин майдончалари ҳам талаб даражасида эмас. Дарахтларни оқлаш, шакл бериш, кўргазмали майдончаларни бўяш, керакли инвентарлар билан таъминлаш лозим. Ўтган йили илинган байроқчалар ранги иссиқ ва совуқдан бўзариб кетган. Ёзги айвонларнинг шифт ва деворлари кўчиб таъмирталаб ҳолатга келган. Хуллас, 17-сонли ДМТМда директор айтганидек: «ҳаммаси жойида» эмас экан.

«Митан» МФЙдаги Фурқат кўчасида жойлашган 6-ДМТМдаги аҳвол ҳам ачинарли. 1986 йилда қурилган, ҳозирда мукаммал таъмир талаб бу масканда ҳам стол-стул, болалар каравоти, кийим жавони, ўйинчоқлар, 100 дона матрас, 70 та кўрпа ва 50 та ёстиқ каби зарурий анжомларга эҳтиёж бор. Бинонинг 2-қавати 6 та гуруҳ учун ажратилган бўлсада, эшиклар зич ёпилган. Сабабини сўраганимизда тепага сув чиқмаслиги туфайли у ерга болаларни қабул қилишмаётганлигини айтишди.

—Бугунги ёш авлодни ҳар томонлама билимдон ва зукко қилиб тарбиялашимиз учун албатта АКТ дарсларини йўлга қўйишимиз керак. Бироқ, бунинг учун телевизор ва керакли жиҳозларга эҳтиёжимиз бор, —дейди директор Гавҳар Ҳайдарова.

Боғчадаги болалар ўйингоҳи ҳам рисоладагидек эмас. Ўтган асрнинг 80 йиллари охирида ўрнатилган ошхонадаги электр печи, гўшт қиймалагич, газ плитаси, музлатгич каби зарурий маиший техникалар аллақачон ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган.

—Овқатни мана бу газдаги қозонда, ҳаво очиқ кунларида эса ташқаридаги ўчоқда пиширамиз, — дейди ошпаз опалардан бири, омонатгина турган газ плитасига ишора қилиб. — Янгиларига буюртма берилган, менимча мукаммал таъмирдан кейин ижозат бўлса керак.

Ҳомийлик пулини ким еб кетди?

«Майлобод»маҳалласи туман ҳокимлиги билан ёнма-ён жойлашган. Бу ердаги 4-Давлат мактабгача таълим муассасаси қурилиши билан боғлиқ ҳангомаларни соҳага дахлдор раҳбарлар ичида эшитмагани кам бўлса керак. Бундан бир неча йил олдин 100 ўринли бу масканни деярли нолдан қайта қуриш учун туман ҳокимлиги бошчилигида ҳаракатлар бошлаб юборилди. Вилоятда бу ишни эплайдиган қурилиш ташкилотлари истаганча топилса-да, боғчани бунёд этишга усталар гуруҳи негадир Фарғона водийсидан ташланди. Ишлар бинойидек кетаётган кунларнинг бирида «қўли гул» қурувчилар бирдан кўринмай қолишди.

—Уларни излаб бормаган жойим, мурожаат қилмаган раҳбарим қолмади. Лекин усталар сувга чўккандек ғойиб бўлишди. Уларнинг раҳбари бўлган йигит билан телефон орқали қилган саноқсиз мулоқотларимиз наф бермади,-дейди таълим муассасаси директори Барно Раҳмонова.

Исми-шарифини сир тутишликни айтган мутахассиснинг таъкидлашича, бу ишга ҳокимият томонидан ҳомийлик маблағлари жалб қилинган экан. Унга водийлик усталар раҳбари қўнғироқ қилиб: «Ҳокимиятдагилар бизни алдади, пулимизни еб кетди, энди қайтиб бормаймиз»,-дейишибди.

—Ҳамма ҳангома шундан кейин бошланди. Бу ишга ҳеч ким бош қўшмай қўйди,-дея сўзида давом этди Барно Раҳмонова. — Югуриб елсак-да, қурилишга ажратилган пуллар дарагини тополмадик. Бир амаллаб қўшимча бинони қурдик. Асосий бинодаги таъмирлашни ҳам ўзимиз охирига етказдик. Канализация қувурларини ўрнатишдаги пала-партишликлар оқибатида ҳаммаёқдан сув отилиб кета бошлади. Буларни ҳам қайта ўрнатдик. Томдан чакка ўтди, ёпдик, деворлар ёрилди беркитдик.

Ҳақиқатда янги боғча биз борган кунлари деворлари ёрилиб кетган, маҳалла ва кўчадан девор билан тўсилмаган, дарвозаси йўқ, аянчли бир аҳволда эди. Болалар маскани боғчани эмас, кўпроқ ташландиқ бинони эслатарди.

—Бинойидек иситиш тармоғи олиб ташланиб, иссиқ пол ўрнатилгани сабабли гуруҳлар тарбияланадиган хоналарда ҳавонинг эркин айланиш ҳолати бузилиб, таъмирдан чиққан деворлар нам тортиб кетган. Бундай жойда болалар қандай қилиб эркини нафас олиши мумкин? Ҳозир иссиқ полдан ҳатто катта ёшдагилар ҳам ранжишмоқда-ку!-дейди маскан раҳбари.

Боғча қурилиши нега шу пайтгача аросатда ташлаб қўйилганига ойдинлик киритиш мақсадида таъмирлаш жараёнига бош-қош бўлган туман ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Суннатилла Исақуловга қайта-қайта мурожаат қилсак-да, тегишли лойиҳа-смета ҳужжатлари, водийлик шоввозлар ва ҳокимият ўртасида тузилган шартнома билан танишишимизни ортга сурар, ваъда қилинган кунлар эса ўтиб борарди. Ҳар сафар «Сизга ўзим қўнғироқ қиламан»-дея, телефон гўшагини қўйиб қўявергач, бу ҳужжатлар бизга ҳеч қачон тақдим этилмаслигини фаҳмладик.

Хуллас, 4-ДМТМни мукаммал таъмирлашни ўз зиммасига олган туман ҳокимлиги билан водийлик «ишбилармонлар» ўртасидаги ўзаро сирли келишув ҳозирча мавҳумлигича қолди. Лекин бир нарса ойдинлашдики, тумандаги таълим муассасаларида сув тозалаш фильтрлари ўрнатилмаган, канализация тармоғи эса йўқ. Чиқинди сувлари боғча ҳовлисининг бир четида ковланган ўрага ташланади... Ҳа демай жазирама кунлар бошланганда бу ўралардаги ювинди ва ахлат сувлари ўзидан зарарли ис гази тарқатиши ҳам исбот талаб этмайдиган ҳақиқат-ку!...

Шодиёр МУТАҲАРОВ
("Халқ сўзи")

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?