“PIA” авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни йўлга қўяди

18:27 16 Декабрь 2021 Жамият
1140 0

“PIA” авиакомпанияси Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни йўлга қўяди. Ушбу масала Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигида Покистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳамда “PIA” авиакомпанияси раҳбарияти иштирокида ўтказилган учрашувда муҳокама этилди.

Учрашув давомида ҳар икки томон вакиллари мамлакатларимиз ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиши Ўзбекистон ва Покистон манфаатларига бирдек мос келишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Музокаралар давомида Транспорт вазирлигининг ҳаво транспортини ривожлантириш департаменти раҳбари Д.Джумаев хорижий авиакомпанияларни мамлакатимиз авиация бозорига жалб этиш, ушбу бозорнинг барча иштирокчилари учун қулай шароитларни яратиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида батафсил маълумот берди.

Хусусан, биргина жорий йилнинг ўзида аэропорт хизматлари учун йиғимлар 42% га қадар туширилгани, зиёрат туризми йўналишида бажариладиган парвозларга эса 50% га қадар чегирмалар берилиши тўғрисида айтиб ўтди.

“PIA” авиакомпаниясининг Ўзбекистондаги вакили Муҳаммад Ваккос Исломобод – Тошкент ва Карачи – Тошкент йўналишида мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш бўйича режалари билан ўртоқлашди. Авиакомпания ушбу йўналишларда парвозларни 2022 йил январь ойидан йўлга қўйиш ниятида.

Учрашув якунида томонлар белгиланган йўналишларда мунтазам парвозларни йўлга қўйиш юзасидан ҳамкорликда ишларни давом эттиришга келишиб олди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер