Пешкуда бундан 50 йил муқаддам қурилган икки боғча биноси қанча маблағ эвазига таъмирланди?

11:00 24 Ноябрь 2020 Жамият
240 0

Пешку тумани «Қорақалпоқ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти 1970 йилда қурилган бўлиб, таъмирталаб аҳволга келганди.

Бундан эллик йил муқаддам шу масканда таълим-тарбия олган киши бугун уни таний олмаслиги тайин. Негаки, маскан биноси тамоман замонавий қиёфа касб этди. У давлатимиз томонидан ажратилган 2 миллиард 839 миллион сўм маблағ эвазига таъмирланди. Кичкинтойларнинг болалик завқу шавқини суришлари, маълум билим ва кўникмаларга эга бўлишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилди.

Тумандаги «Бобоҳожи» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фаолият кўрсатаётган 32-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси ҳам таъмирлангач, кўрса ҳавас қилгулик қиёфага келди. Ҳар иккала ташкилот биноси қурилиш-таъмирлаш юмушларига 5 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Яна бир жиҳати, иккала маскан эндиликда аввалгидек 180 эмас, 240 нафар болажонни қабул қилиш имкониятига эга.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси Ахборот хизматидан бизга билдиришларича, Пешкуда 3 — 7 ёшдаги болаларнинг 57 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган.Вилоятда эса бу кўрсатгич 49,2 фоизни ташкил этмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?