Пенсияни ҳисоб-китоб қилишдаги янгиликлар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда

16:48 13 Сентябр 2022 Сиёсат
289 0

Фото: Сирожиддин Вохидов / “Халқ сўзи”

Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган ижтимоий ҳимоя сиёсати доирасида пенсия тизимини такомиллаштиришга, пенсиялар миқдорини мунтазам ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган масалалардан бириФуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги Қонун бўлди.

Таъкидланганидек, Қонун билан 2023 йилнинг 1 январидан пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 10 баробаридан 12 баробарига ошириш назарда тутиляпти.

Сенаторларнинг қайд этишича, киритилаётган ўзгартишга мувофиқ 2023 йилянвардан бошлаб фуқароларга пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун инобатга олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 12 бараваридан ортиқ бўлмаган, яъни 3 888 000 сўм миқдоридаги ўртача ойлик иш ҳақидан ҳисобга олиш белгиланмоқда.

Натижада 352 минг нафар фуқаронинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилиниб, ўртача ойлик пенсия миқдори 400 минг сўмгача ошади. Шулардан, 304 минг нафари ёшга доир пенсия олувчилар, 25,2 минг нафари ногиронлиги бўлган шахслар ва 23 минг нафари боқувчисини йўқотган шахслардир.

Қонунга мувофиқ кўзда тутилган тадбирларни амалга оширишда Пенсия жамғармасидан қўшимча равишда 1,5 триллион сўмдан ортиқ миқдордаги маблағлар талаб этилади.

Мазкур Қонун билан таклиф этилаётган тартибнинг жорий этилиши ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, аҳолининг унумли меҳнат қилиб, кўпроқ ҳақ олишига қизиқишини оширишга хизмат қилади.

Муҳокамалар жараёнида сенаторлар бу ўзгаришлар энг аввало юртимизда ёшга доир, ногиронлик пенсиясини ҳамда етим болаларга тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсияларини олувчи фуқароларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий ҳимоянинг яққол далили эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Сирожиддин Вохидов / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер