Бухорода пенсия жамғармаси туман бўлими ҳаракати ғайриқонуний деб топилди

16:04 25 Октябр 2021 Жамият
512 0

Фото: Халқ сўзи

Турмуш ўртоғининг вафот этиши Ромитан туманида яшовчи Усмон Муродовни мушкул аҳволга солиб қўйди. Ахир ҳали вояга етмаган фарзандлари бор. Сўраб-суриштирган эди, танишлари пенсия жамғармасига мурожаат қилишни маслаҳат беришди.

Турмуш ташвишларим хийла енгиллашар, деган умидда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Ромитан туман бўлимига бориб вояга етмаган фарзандларининг онаси вафот этганлиги сабабли боқувчисини йўқотганлик нафақасини тайинлашни сўради. Аммо ташкилот марҳума билан ўрталарида қонуний никоҳдан ўтгани тўғрисида гувоҳнома йўқлигини важ қилди. Мурожаатчининг тарвузи қўлтиғидан тушди. Бироқ кўнглининг бир четида “Қонун мен томонда.Ҳақ барибир юзага чиқади”, деган ишонч бор эди.

Шундан сўнг у Ромитан туман адлия бўлимига мурожаат қилди. Мутахассислар ҳолатни атрофлича ўрганди ва бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилди. Боқувчисини йўқотганлик нафақасини тайинлаш мажбуриятини юклаш тўғрисида Бухоро туманлараро маъмурий судига ариза киритилди. Ўз навбатида суд жамғарма туман бўлими зиммасига мурожаатчининг вояга етмаган фарзандларига нисбатан боқувчисини йўқотганлик нафақасини тайинлаш мажбуриятини юклади. Шу тариқа адолат қарор топди.

Бухоро вилоят адлия бошқармаси маълум қилишича, жорий йилнинг 9 ойи давомида 3 минг 400 дан зиёд мурожаат келиб тушган.Уларнинг аксарияти қонуний ечимини топган.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?