Пенсия тайинлашда қоғозбозликдан воз кечилади ва рақамлаштиришга ўтилади

12:19 06 Май 2021 Жамият
266 0

Пенсия тайинлашда содда ва қулай тизимга ўтиш, фуқароларни ортиқча оворагарчиликлардан халос этади, аниқлик ва ҳаққоний маълумотларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу ҳақда гап кетганда бугунги кунда давлат пенсияларини тайинлашда 30 турдаги ҳужжат талаб этилиши ҳамда уларни тақдим этишга масъул 14 дан ортиқ вазирлик ва ташкилотларда идоравий ахборот тизимлари, электрон ресурс ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги қоғозбозликни авж олишига сабаб бўлаётганини айтиб ўтиш ўринлидир.

Жорий йил 4 майда Президентимиз томонидан имзоланган «Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорда давлат пенсияларини ҳисоблаш учун зарур маълумотлар электрон базасини шакллантириш, ушбу жараённи соддалаштириш, фуқароларнинг оворагарчиликларини бартараф этиш, пенсия ва нафақаларни етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш масалаларига катта эътибор қаратилган.

Хусусан, қарорда белгиланганидек, 2022 йил 1 июлдан бошлаб, давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади. Бунда, пенсияга чиқиш ҳуқуқи пайдо бўлган чоғида ишламайдиган фуқароларга ўзларининг меҳнат дафтарчаларидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилиш орқали «Ягона меҳнат миллий тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритиш хизмати жорий этилади.

Албатта, бу қарор асосида фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлашнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этилиши нафақат иш жараёнини соддалаштиради балки тизимда коррупцияни олдини олишга ҳам хизмат қилади. Энг муҳими эса давлат бюджетидан мақсадли фойдаланишда тартиб-интизом тамойили вужудга келади.

Ҳазратқул Хўжамқулов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?