Пекинда ўзбек асал ишлаб чиқарувчилари билан онлайн-мулоқот бўлиб ўтди

16:40 03 Декабрь 2020 Иқтисодиёт
278 0

Мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Илмий-синов ва сифат назорати давлат маркази ходимлари, шунингдек, Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги асал етиштирувчи тадбиркорлар билан видеоконференция алоқаси воситасида мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Қайд этиш жоизки, элчихонада Ўзбекистондан Хитойга етказиб бериладиган маҳсулот турларини кўпайтириш асносида экспорт ҳажмини янада ошириш, ўзбек товарларининг ушбу мамлакат бозорларида мустаҳкам ўрин эгаллашига йўналтирилган тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу саъй-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ, Хитой Божхона бош бошқармаси томонидан юртимиздаги асаларичилик билан шуғулланувчи компаниялар томонидан ишлаб чиқарилган табиий асални хитойлик истеъмолчиларга етказиб беришга рухсатнома олингани баробарида икки мамлакат мутасадди ташкилотлари ўртасида расмий баённома ҳам имзоланган.

Элчихона томонидан уюштирилган мазкур тадбир чоғида Хитойга импорт қилинадиган маҳсулотлар сифати, уларни қадоқлаш усуллари, асалариларни эмлашда қўлланиладиган воситалар, уларнинг таркиби инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи моддалардан холи бўлиши ва лаборатория текширувларидан ўтказилиши билан боғлиқ масалалар тўғрисида фикр юритилди. Бунда экспортчи ишлаб чиқарувчиларнинг Хитой томонидан қўйиладиган талабларга тўла жавоб берадиган маҳсулот юборишлари таъминланиши билан боғлиқ жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилди. Яъни пандемия шароитида Хитой томонидан импорт маҳсулотлари сифатига бўлган талабнинг кучайтирилганлиги боис тадбиркорлар икки томонлама имзоланган баённома шартларига қатъий амал қилишлари лозимлигига урғу берилди.

Онлайн-тадбир ниҳоясида элчихона ходимлари мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг Хитойга ўз маҳсулотларини экспорт қилиши билан боғлиқ барча саволларига батафсил жавоб берди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?