Парламент сўровида қайд этилган 7 та масала юзасидан ҳеч қандай муносабат билдирилмади. Бу сенаторларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди

16:17 04 Март 2021 Сиёсат
550 0

Бугун, 4 март куни Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, Ёшлар парламенти аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган, хусусан, никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш самарадорлигини ошириш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мазкур сўровда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан муайян чора-тадбирлар белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилган.

Бироқ Парламент сўровида қайд этилган 7 та масала юзасидан ҳеч қандай муносабат билдирилмагани сенаторларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди.

Жумладан, ирсий касалликларнинг олдини олиш мақсадида яқин қариндошлар ўртасида никоҳни тақиқлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, никоҳланувчи ёшларни тиббий кўрикдан ўтказиш сифатини ошириш учун ўсмирлар тиббиёт диспансерлари фаолиятини танқидий-таҳлилий баҳолаш, фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари ходимларининг никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтганликлари ва тарафларнинг тиббий натижалардан хабардорлигини аниқлаш бўйича мажбурият мезонларини ишлаб чиқиш ва жавобгарлигини аниқ белгилаш каби масалаларга эътибор қаратилмаган.

Бундан ташқари, сенаторлар аҳолига қулайлик яратиш мақсадида никоҳ олди тиббий кўрикни туман(шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалар қошида барча тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўтказиш таклифини илгари сурди. Мамлакатимизда янги ташкил қилинган Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида махсус курсларни жорий этиш фикрини билдирди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида Сирдарё вилоятида ўтказилган ўрганишлар натижалари ҳам муҳокама марказида бўлди.

Сенаторлар ҳозирда бешта муҳим ташаббус доирасидаги тадбирлар асосан таълим муассасаларида ташкил этилаётгани, 18-30 ёшгача бўлган ёшларни ва аҳолини кенг жалб қилиш юзасидан ишлар етарли даражада ташкил қилинмаётганига алоҳида урғу бердилар. Айниқса, бешта муҳим ташаббусни ҳар бир маҳаллага кириб боришини таъминлаш борасида тегишли ташкилотлар ишларни тизимли йўлга қўйиши зарурлиги таъкидланди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?