Парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди

16:54 10 Июль 2024 Сиёсат
237 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг 54-ялпи мажлисида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сифат таркибини яхшилаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш ҳамда кадастрини юритиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Парламент сўровига берилган жавоб орқали республикамизда ўзига хос, ноёб, қимматли табиий объектлар ва мажмуаларни, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг фондини сақлаб қолиш, шунингдек, табиий жараёнларни ўрганиш мақсадида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимини ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини кўриш мумкин.

Хусусан, сўнгги беш йилда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар (МЭТҲ) фаолиятига доир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3 та қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 13 та қарори ва 1 та фармойиши қабул қилинган. Олиб борилган ишлар натижасида республикада МЭТҲ майдони 6,4 млн га етказилиб, мамлакат ҳудудининг 14,08 фоизини ташкил этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги ПФ–37-сонли Фармонига мувофиқ жорий йилда Фарғона ва Наманган вилоятларида миллий табиат боғларини ташкил этиш ҳамда МЭТҲ майдонини 14,2 фоизга етказиш режалаштирилган. Трансчегаравий МЭТҲ ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиб, манфаатдор томонларга тақдим этилган.

МЭТҲда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси контрабандаси, ноқонуний овчилик, ўсимликларнинг ноқонуний кесилишининг олдини олиш мақсадида манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда назорат тадбирлари ўтказилган.

Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларини ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш бўйича смарт мониторинг тизими жорий этилиб, кадастр маълумотларини тўплаш ҳамда шакллантириш ва таҳлил қилиш ишлари йўлга қўйилган. Шунингдек, Давлат кадастрлари ягона тизими Миллий географик ахборот тизимига интеграция қилинган. МЭТҲда 500 дан ортиқ фотоқопқон ўрнатилиб, ёввойи ҳайвонлар ҳисоби ва мониторинги юритилмоқда.

МЭТҲ бирламчи ёнғинга қарши курашиш воситалари билан таъминланган, ёнғинга қарши йўллар таъмирланиб, минераллаштирилган йўлаклар барпо этилган.

Биотехник тадбирлар учун 693 та нуқтада омухта ем охурлари, 92 та нуқтада сунъий сувлоқлар, 500 дан ортиқ тузлоқлар ва қўшимча озиқлантириш масканлари ташкил этилган.

МЭТҲда илмий-тадқиқотлар олиб боришни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус транспорт воситалари, лаборатория жиҳозлари, электрон микроскоплар, фотоқопқонлар ва бошқа техник анжомлар харид қилинган.

МЭТҲга антропоген омиллар таъсирини камайтириш мақсадида қатор қўриқхоналарга туташ ҳудудларда қўриқланма (буфер) зоналар ташкил қилинган.

Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон ва ўсимликлар турларини муҳофаза қилиш ва такрор кўпайтириш мақсадида Бухоро буғуси парваришхоналари, Қизилқум архари парваришхонаси ҳамда ихтисослаштирилган “Жайрон” питомниклари ташкил қилинган.

Соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 2023 йил давомида икки мингга яқин назорат рейд тадбирлари амалга оширилган. МЭТҲга туташ ҳудудларда истиқомат қиладиган аҳоли ўртасида профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.

Қайд этилганидек, парламент сўрови жавоби таҳлиллари ва ўтказилган ўрганишлар айрим масалалар ҳамон долзарблигича қолаётганни кўрсатмоқда.

Жумладан, МЭТҲда биотехник тадбирларга маблағлар маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши лозим бўлса-да, айрим ҳолатларда улар томонидан етарли маблағ ажратилмай қолмоқда.

Ҳудудлар хусусиятларини, табиий мажмуалар ва ҳудудий фарқларни ҳисобга олган ҳолда экологик индикаторларни ишлаб чиқиш лозим.

Ноқонуний чорва моллари боқилиши, ерларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва бошқа салбий омиллар сабабли МЭТҲнинг биологик хилма-хиллиги қисқариши, умумий биомассаси сийраклашиши давом этмоқда.

МЭТҲ ер майдонларини саноат ва бошқа мақсадлар учун захирага қайтариш учун ҳаракатлар кучайиб бормоқда.

Ялпи мажлисда юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, маълум вақт талаб этадиган ва доимий назорат лозим бўлган айрим масалалар парламент назоратида қолиши қайд этилди.

Муҳокамалардан сўнг Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер