Парламент фаолияти: 2020 йил якунлари бўйича энг муҳим натижалар

11:00 11 Январь 2021 Сиёсат
493 0

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган бу йилги Мурожаатномасини халқимиз катта қизиқиш билан кутиб олди. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасини қамраб олган мазкур дастурий ҳужжатда ҳозирги мураккаб шароитда халқимиз фаровонлигини янада ошириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, мамлакат тараққиётини янги босқичга кўтаришга қаратилган муҳим таклифлар ва ташаббуслар илгари сурилди. Ҳозирги кунда Мурожаатномада белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, вазирликлар, идоралар, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ўтган йилдаги фаолиятини сарҳисоб қилиб, истиқболдаги режаларини тузмоқда. Албатта, бу жараёнда мамлакатимиздаги қонун чиқарувчи орган — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, депутатлар корпуси четда тургани йўқ.

Мухбиримизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон ИСМОИЛОВ билан суҳбати қуйи палатанинг ўтган йилдаги фаолияти, амалга оширилган ишлар ҳамда келгусидаги режалар хусусида бўлди.

— Нурдинжон Мўйдинхонович, парламент катта сиёсий воқелик — мамлакатимиз раҳбарининг бу йилги Олий Мажлисга Мурожаатномасини қандай қабул қилди?

— Мамлакатимиз парламенти Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ҳар бир Мурожаатномасини юксак эътибор ва улкан масъулият билан қабул қилиб, уни амалга оширишнинг барча босқичида самарали иштирок этиш учун бор имконияти ва салоҳиятини ишга солмоқда. Навбатдаги Мурожаатномани ҳам юксак кўтаринкилик билан тингладик.

Алоҳида қайд этиш жоизки, бугун Ўзбекистоннинг сиёсий тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини тўлақонли тушуниш учун давлатимиз раҳбари томонидан жорий этилган ушбу муҳим янги ташкилий-дастурий институтнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Ҳозирги вақтда Мурожаатнома жамиятимиздаги барча долзарб масала ва муаммоларни қамраб олган, шу билан бирга, мамлакатни ривожлантиришга, жамиятда барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган кенг кўламли вазифаларни кўзда тутувчи яхлит дастурий ҳужжатга айланди.

Биз айнан Президентимиз Мурожаатномалари орқали жамиятимизни жипслаштиришга, жамоатчиликнинг, фуқароларнинг хоҳиш-истакларини ҳисобга олишга эришиш йўлидаги муҳим қадамларни ташлашга муваффақ бўлдик.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бугунги кунга қадар Президентимиз томонидан йўлланган ҳар бир Мурожаатноманинг ҳар бир қоидаси, ушбу дастуриламал ҳужжат бўйича ишлаб чиқилган давлат дастурларининг ҳар бир тегишли банди парламентимиз томонидан тўлиқ бажариб келинмоқда.

Айни вақтда Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, қўмиталар ва комиссияларда Мурожаатномада белгиланган вазифалар атрофлича муҳокама қилинмоқда ва чуқур ўрганилмоқда. Унинг натижалари қуйи палатанинг 2021 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишларини белгилашда эътиборга олинади.

Мана, куни кеча Қонунчилик палатаси Кенгаши йиғилишида ушбу дастуриламал ҳужжатда илгари сурилган таклифлар ва ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш бўйича ўз олдимизга аниқ вазифаларни қўйдик. Буларнинг барчасини амалга оширишда парламент халқимиз ишончини оқлайди.

— Қонунчилик палатасининг ўтган йилдаги фаолиятида ­асосий кўрсаткичлар нималардан иборат бўлди?

— Ўтган йили Қонунчилик палатаси янги таркиб билан, янгича форматда иш бошлади. Хабарингиз бор, 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтган сайловлар натижасида Қонунчилик палатасига 150 нафар депутат сайланди. Шундан 48 нафарини ёки 32 фоизини хотин-қизлар, 9 нафарини ёки 6 фоизини ёшлар, 39 нафарини ёки 26 фоизини олдин ҳам қуйи палата депутати бўлганлар ташкил этди.

Сайлов якунларига кўра, қуйи палатада ЎзЛиДеП — 53 та, «Миллий тикланиш» ДП — 36 та, «Адолат» СДП — 24 та, ЎзХДП — 22 та, Экологик партия — 15 та депутатлик ўрнини эгаллади.

Ҳозир Қонунчилик палатасида 5 та сиёсий партия фракцияси, 12 та қўмита ҳамда 5 та комиссия фаолият кўрсатмоқда.

Якунланган бир йиллик фаолиятимизга назар ташласак, бир ҳақиқат яққол намоён бўлади. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 20 январдаги Қонунчилик палатаси биринчи йиғилишида, 21 январдаги парламент палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқларида, шунингдек, 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифа ва йўналишлар парламент фаолиятига замонавий ёндашув ҳамда мутлақо янгича маъно-мазмун олиб кирди, деб бемалол айта оламиз. Депутатлар ҳам қонун ижодкорлиги жараёнига киришиб, муҳим қонун лойиҳаларини муҳокама этиш, қабул қилишда фаоллик кўрсатдилар.

Ўз навбатида, қонун ижодкорлиги соҳасидаги ишларни бутунлай янгича ташкил этишга ҳаракат қилдик. Жумладан, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги фаоллиги ва масъулияти оширилди. Эндиликда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинаётганда, қоида тариқасида, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакили маъруза билан чиқиши белгиланди. Натижада қонун лойиҳасининг биринчи ўқиш жараёнидаги муҳокамаси том маънода жонланди.

Қонун лойиҳаларининг халқаро шартномаларга, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсияларга мослигини ўрганиш амалиёти йўлга қўйилди.

Тўғридан-тўғри амал қиладиган, яъни ижро этилиши учун қонуности ҳужжати ишлаб чиқилишини талаб этмайдиган қонунларни қабул қилишга эътибор кучайтирилди.

Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йилда 149 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, шундан 62 таси алоҳида қонун сифатида, 49 таси эса 10 та қонунга бирлаштирилиб, жамлама қонунлар тариқасида қабул қилинди. Таққослаш учун айтсак, 2015 йилда бор-йўғи 60 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, 15 та алоҳида қонун ва 32 таси эса 4 та қонунга бирлаштирилиб, жамлама қонунлар таркибида қабул қилинган холос.

Қуйи палатада кўпгина қонун лойиҳалари бўйича конструктив баҳс-мунозара ва тортишувлар бўлиб ўтмоқда. Сайловчилар, шу жумладан, партия электорати манфаатлари ҳам эътиборга олинмоқда. Депутатларнинг қонунлар сифатига, унинг концепциясига талаби ошмоқда. Биргина 2020 йилда 8 та қонун лойиҳаси рад этилди ва ташаббускор идорага қайтарилди. Ҳолбуки, 2016 йилда бор-йўғи битта қонун лойиҳаси қайтарилган. 12 та қонун лойиҳаси депутатлар ташаббуси билан киритилди. Айни пайтда депутатлар томонидан Ер кодекси, Экологик кодекс лойиҳалари ишлаб чиқилди.

— Пандемия шароитида Қонунчилик палатасида иш қандай ташкил этилди?

— Таъкидлаш керакки, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб даврда ҳам Қонунчилик палатаси ўз ишини изчил давом эттирди. Пандемия сабабли жорий қилинган карантиннинг илк кунлариданоқ Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Регламентига зарур ўзгартишлар киритилиб, пандемия шароитида палата ишини вақтинчалик ташкил қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Шунга кўра, қуйи палатадаги барча мажлис, учрашув ва тадбирларни видеоконференция шаклида ўтказиш йўлга қўйилди. Депутатлар ўз сайловчилари билан масофавий ишлашга ўтди. Сайлов округларидаги ишлар онлайн алоқа воситалари орқали ташкил этилди.

Мамлакатимиз Президенти томонидан коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш бўйича илгари сурилган чораларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлашга қаратилган қонунларни қабул қилишга палата фаолиятининг устувор йўналиши ва вазифаси сифатида қаралди.

Шу боис ҳам карантиннинг дастлабки кунлариданоқ парламент томонидан мамлакатимиз учун ўта муҳим бўлган қонунлар қабул қилинди, депутатлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишига ҳамда парламент назорати амалга оширилишини таъминлашга қаратилган муҳим ташкилий-ҳуқуқий чоралар кўрилди.

Аҳамиятлиси, депутатлар корпуси саломатлигимиз посбонлари — шифокорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратди. Биз, депутатлар Президентимиз томонидан тавсия этилган “III ва IV даражали «Соғлом авлод учун» орденини таъсис этиш тўғрисида»ги, «Соғлом авлод учун» медалини таъсис этиш тўғрисида»ги қонунларни қабул қилдик. Бу муҳим аҳамият касб этди. Чунки мазкур орденлар ва медалнинг таъсис этилиши мамлакатимизда халқимизнинг саломатлигини сақлаш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш, соғлом авлодни вояга етказишда фидокорона меҳнат қилаётган тиббиёт ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим ўрин тутади. Бу, ўз навбатида, кечани кеча, кундузни кундуз демай, ўз соғлиғи ва ҳаётини хавфга қўйиб бўлса-да, одамлар саломатлиги учун курашаётган фидойи касб эгаларини ҳар томонлама рағбатлантиришга имкон яратади.

— Қуйи палатанинг Ҳукумат, маҳаллий Кенгашлар, қонун ташаббускорлари билан ҳамкорлиги ҳақида нималар дея оласиз?

— Қайд этиш жоиз, кейинги йилларда парламент ва ижро ҳокимиятининг ҳамкорлиги кучайтирилди. Масалан, Президентимиз ташаббуси асосида Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис палаталаридаги доимий вакили лавозими таъсис этилди ва унинг ҳуқуқий мақоми белгиланди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишдаги роли оширилди. Маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш тизими янгича, халқчил кўринишда йўлга қўйилди.

Ҳукуматнинг парламент палаталаридаги доимий вакили — янги институт бўлиб, у парламент ва ижро ҳокимияти органининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги, шунингдек, ижро органлари фаолияти устидан парламент назоратини ташкил этишда ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Айни пайтда вакиллик институти нафақат қуйи палатага келиб тушаётган қонун лойиҳаларининг сифатини, шу билан бирга, парламент назоратининг самарали амалга оширилишини таъминлашда Ҳукумат ва Олий Мажлис ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқда.

Айтиш керакки, ўтган йили пандемия шароитида бу борадаги ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланди. Ҳукуматнинг аҳолини қўллаб-қувватлашга оид ташаббусларига ҳар томонлама кўмак кўрсатилди.

Шунингдек, Қонунчилик палатаси ва унинг қўмиталари томонидан маҳаллий Кенгашлар билан яқин ҳамкорлик тизимли асосда ўрнатилмоқда. Республика миқёсидаги ва ҳудудий тараққиётимизнинг муҳим масалалари, муайян ҳудудда фуқаролар томонидан кўтарилаётган муаммолар биргаликда муҳокама этиб келиняпти.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари билан ҳам фаол ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Юқорида қайд этганимиздек, қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинаётганда, қоида тариқасида, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакили маъруза билан чиқаётгани ҳам муҳим янгилик бўлди. Бу қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги фаоллиги ва масъулиятини оширмоқда.

Тўғри, баъзан қонун лойиҳалари матнини буткул ўзгартиришга, асосий вазифани зиммамизга олишга тўғри келяпти, баъзида эса қонун лойиҳаси ташаббускорига қайтариляпти, аммо биргаликдаги ҳамкорлигимиз бир мақсадга — қонунларнинг сифатли ва ҳаётбахшлигини таъминлашга хизмат қилади.

— Кейинги йилларда мамлакат Президенти ташаббуси билан парламентга янги ваколатлар берилди. Парламентнинг бу ваколатлардан фойдаланиш натижадорлиги қандай бўлди?

— Очиғини айтганда, бу ваколатлар ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатишда, давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг стратегик йўлларини белгилашда парламентнинг иштирокини сезиларли даражада оширмоқда.

Бу ҳақда батафсил тўхталадиган бўлсак, энг аввало, Вазирлар Маҳкамасининг, вазирликлар ва идораларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг парламент олдида ҳисобдорлигининг комплекс тизими жорий қилинганини қайд этиш жоиз. Жумладан, Ҳукуматнинг тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастури бажарилишининг бориши юзасидан ҳар чораклик ҳисоботини кўриб чиқиш тизими йўлга қўйилди. Ҳукумат аъзолигига номзодларни Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш ва маъқуллаш амалиётидан фойдаланилмоқда. Ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш — «Ҳукумат соати» институти жорий этилди. Қонунчилик палатаси мажлисларида нафақат Ҳукумат аъзоларининг, балки бошқа хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳам ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди. Қолаверса, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ҳукумат аъзолари ва тармоқ раҳбарларининг ҳисоботини мунтазам эшитиб бориш тизими жорий қилинди.

Қайд этиш жоизки, ўтган даврда парламент назорати фаолиятининг натижадорлиги ошди. Мисол учун, 2020 йили давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 14 та парламент сўрови юборилди. Ҳолбуки, 2016 йилда бор-йўғи битта парламент сўрови жўнатилган.

Бундан ташқари, ҳудудлардаги долзарб масалалар, сайловчилар муаммолари парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳал этилмоқда. Жумладан, ўтган йили Қонунчилик палатаси мажлисларида 19 маротаба Ҳукумат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборотлари эшитилди, 9 маротаба «Ҳукумат соати» ўтказилди ва 338 та депутат сўрови юборилди.

Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан Ҳаракатлар стратегияси ва Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг долзарб масалалари юзасидан 163 та назорат-таҳлил тадбири ўтказилди.

— Бюджетнома — мамлакатнинг асосий молиявий ҳужжати. Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижроси назоратида депутатларнинг ёндашуви қандай бўлмоқда?

— Депутатларнинг Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижроси назоратидаги фаолияти, очиғини айтишим керак, анча жонланди. 2019 йилда илк бор 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети қонун шаклида қабул қилиниб, бюджет харажатлари вазирлик ва идоралар кесимида тасдиқланадиган бўлди.

Кейинги йилларда мамлакатимиз бош молиявий ҳужжатини қонун шаклида қабул қилиш, маҳаллий бюджетларни мустақил равишда шакллантириш ва ҳудудий вакиллик органлари томонидан тасдиқлаш, «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашрини чоп этиш, «Очиқ бюджет» ахборот порталини ишга тушириш, Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги маълумотларни миллий ва Халқаро валюта жамғармасининг давлат молиявий статистикаси стандартларига мувофиқ эълон қилиш, шунингдек, маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбаларидан фойдаланилиши, айниқса, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг қўшимча манбаларининг камида 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантириш тизими жорий этилди.

Фракциялар ва депутатларнинг қатъий позицияси туфайли “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасига 23 та принципиал ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди ҳамда қонун янги моддалар билан тўлдирилди. Шунингдек, фракцияларда бўлиб ўтган кенг муҳокамалар натижасида Ҳукумат томонидан таклиф этилган 2021 йил учун Давлат бюджети лойиҳасида 700 миллиард сўмга яқин маблағ қайта тақсимланди.

Шу билан бирга, депутатларнинг таклифлари асосида давлат дастурлари доирасида ажратилиши лозим бўлган маблағларни 2021 йил бюджетида акс эттиришга эришилди.

— Қонунчилик палатасининг халқаро алоқалар ва парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришдаги фаолияти, қолаверса, Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳузурида кузатувчи давлат мақомини олишдаги ҳиссаси қандай бўлди?

— Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида парламент Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган, очиқ, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи ҳамкорликка қаратилган, Ватанимиз миллий манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда илгари суришга асосланган ташқи сиёсий йўлнинг фаол иштирокчисига айланмоқда.

Халқаро миқёсдаги долзарб масалалар юзасидан Ўзбекистоннинг ташаббусларини халқаро ташкилотларда илгари суриш, парламентлараро ташкилотлар билан ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари доимо парламент эътиборида бўлиб келмоқда. Хусусан, Парламентлараро Иттифоқ, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент Ассамблеяси билан амалий ҳамкорлик режалари тасдиқланиб, бугунги кунда бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, ўтган йили тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг парламент дипломатияси концепциясида Олий Мажлиснинг халқаро ҳамкорлик ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш соҳасидаги фаолиятини амалга оширишнинг стратегик мақсад ва вазифалари, устувор йўналишлари, принциплари ҳамда механизмлари белгиланди.

Бугун Қонунчилик палатаси халқаро йўналишдаги ишининг натижадорлиги ошиб, халқаро алоқалар географияси кенгайди.

Агар 2019 йилда Олий Мажлисда хорижий давлатлар парламентлари ҳамда Европа Иттифоқи парламенти билан жами 28 та парламентлараро гуруҳ тузилган бўлса, бугунги кунда ушбу парламентлараро гуруҳлар сони 48 тага етди ва «Ўзбекистон — Европа Иттифоқи» парламент ҳамкорлик қўмитаси ҳузурида Олий Мажлис делегацияси ташкил этилди.

Алоҳида қайд этиш жоиз, ўтган йили Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) таркибида кузатувчи давлат мақомини олиши катта сиёсий воқеа бўлди. Бу тўхтамга ўз-ўзидан келингани йўқ, албатта.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2020 йилда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида парламент палаталари олдига мазкур масалани атрофлича муҳокама қилиб, асосланган хулосаларни тақдим этиш вазифасини қўйган эди. Биз, албатта, ушбу жиддий масалага, энг аввало, халқимизнинг манфаатларидан келиб чиқиб ёндашдик.

Мазкур масала қуйи палатадаги барча қўмита, сиёсий партия фракцияларининг йиғилишларида Ҳукумат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари иштирокида муҳокама қилинди. Аҳоли, электорат, сайловчилар ва жамоатчилик ўртасида маслаҳатлашувлар амалга оширилди. «Ижтимоий фикр» маркази томонидан ўрганилган жамоатчилик фикри натижалари ҳам инобатга олинди.

Хусусан, сиёсий партиялар фракциялари ЕОИИ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш доирасида миллий қонунчиликни ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ташкилот ҳужжатлари билан уйғунлаштириш, шунингдек, божхона, санитария, фитосанитария ва ветеринария назоратига оид инфратузилмаларни янада такомиллаштириш ҳамда моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича қатор чора-тадбирлар кўриш лозимлигини ҳамда бошқа омилларни инобатга олиб, Ўзбекистоннинг ЕОИИ фаолиятида кузатувчи давлат сифатида ҳамкорлик қилиши мақсадга мувофиқ, деган хулосаларни тақдим этишди.

Ана шундай кенг муҳокамалар натижалари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашида, ялпи мажлисида атрофлича кўриб чиқилди. Ҳар томонлама олиб борилган ўрганишлардан сўнг, мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан кузатувчи давлат мақомида ҳамкорлик қилиши тўғрисидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан маъқулланди.

Бу масала, шубҳасиз, парламентнинг доимий эътиборида бўлади. Айни пайтда кузатувчилик мақомида аниқ стратегияни белгилаб олган ҳолда «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқишимиз мақсадга мувофиқ.

— Депутат — халқ вакили. Шундай экан, у аввало, халқ дарди билан яшаши, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун фидойилик кўрсатиши лозим. Сизнингча, депутатларнинг аҳоли муаммоларига эътибори қандай бўлмоқда?

— Очиғини айтишим керак, бугунги депутатлар анча фаол, ташаббускор. Улар ўз сайловчиларининг долзарб муаммоларини чуқур таҳлил қилган ҳолда янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, қабул қилишда ташаббускор бўлишаётир. Буни жойларда депутатларнинг сайлов округларидаги сайловчилар билан мулоқотлари мисолида айтиш мумкин.

Агар илгари депутатлар ўз сайловчилари билан йилда 2-3 марта учрашган бўлса, бугунги кунда бундай учрашувлар депутатларнинг мунтазам равишда, яъни ҳар ойнинг охирги ҳафтасида сайлов округларида бўлиши тарзида амалга оширилмоқда.

Ўтган йилдаги энг муҳим ўзгаришлардан бири айнан депутатларнинг сайлов округларидаги сайловчилар билан ҳамкорлигининг шакллари ва усуллари мутлақо янгича шаклда ўзгартирилгани билан боғлиқ бўлди.

Чунончи, жойларда сайловчиларни қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, сайлов округидаги вазиятдан мунтазам равишда хабардор бўлиш мақсадида ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги Халқ қабулхоналари билан доимий алоқа ўрнатди. Ушбу ҳамкорлик депутатнинг ўз округида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда, одамларнинг дарду ташвишларини тинглашида муҳим омил бўлмоқда.

Давлатимиз ва жамиятимиз олдида турган муҳим муаммоларни ҳал этиш борасида Олий Мажлис билан маҳаллий Кенгашлар ўртасидаги амалий ҳамкорлик кучайиб бормоқда.

Ўтган даврда сайловчилар депутат олдига эмас, депутат ўз сайловчилари ҳузурига бориши шарт, деган тамойилдан келиб чиқиб, халқ вакилларининг аҳоли ва сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларни тизимли равишда ўрганиб бориши ташкил этилди.

Парламент аъзоларининг ҳудудларда долзарб масалалар бўйича ўрганишларини таҳлил қиладиган бўлсак, қайд этиш жоиз, ўтган даврда жойларда 14 маротаба ана шундай ўрганишлар ўтказилди. Масалан, жорий йил бошидан бери депутатлар томонидан ҳудудларда бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш, таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, одил судловни таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш, шахсий томорқалардан самарали фойдаланиш, «темир дафтар»га киритилган аҳолини қўллаб-қувватлаш, «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» асосида ишсиз ёшлар ҳамда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати атрофлича ўрганилди. «Темир дафтар»ни юритишда эҳтиёжманд оилалар тоифаси, жумладан, кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, якка-ёлғиз кексалар, доимий ишсиз фуқаролар, карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар, оғир эпидемиологик ҳудудлардан қайтариб келинган фуқароларни камбағалликдан чиқариш бўйича кўрилаётган чоралар атрофлича таҳлил қилинди.

Ўрганишлар якунлари Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар иштирокида маҳаллий Кенгашлар сессияларида кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама этилди.

Яна бир эътибор қаратадиган муҳим жиҳат, бугунги кунда депутатлар одамларни безовта қилаётган кўпгина муаммоларга эътиборни кучайтирмоқда. Бунга бир қатор мисолларни келтириш мумкин.

Чунончи, депутатлар томонидан ҳудудларда деҳқон хўжаликлари ҳамда шахсий томорқалардан самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганиш натижасида «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги ва янги таҳрирдаги «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Депутатлар ташаббуси билан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда транспорт воситасини жарима майдонига жойлаштириш талаби бекор қилинди.

— Жорий йилда Қонунчилик палатаси ўз олдига қандай режаларни мақсад қилмоқда?

— Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан аниқ натижаларга эришишга йўналтирилган мустақил иш режаси шакллантирилади.

Ушбу вазифаларни амалга ошириш жараёнида мувофиқлашган ҳолда иштирок этиш учун бошқа давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан узвий ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Мурожаатномадаги вазифаларни бажариш билан боғлиқ барча ишлар алоҳида назоратга олинади.

Шубҳасиз, мазкур йўналишдаги ишларда ёшлар билан ишлаш ва соғлиқни сақлаш миллий тизимини яхшилаш бўйича фаолият устуворлик касб этади.

Қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини яхшилашни таъминлашимиз лозим. Шундай экан, парламент қонунларни қабул қилиш жараёнида жамоатчиликнинг иштирокини кенгайтириб боради. Қонун чиқариш жараёнида экспертлар, олимлар, фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг ҳам иштироки кучайтирилади.

Қонунчилик палатаси парламент назорати соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириб боради. Депутатларнинг «Ҳукумат соати», Ҳукуматнинг муҳим давлат дастурлари бажарилиши юзасидан ҳисоботларини эшитиш, парламент ва депутат сўровлари каби назорат-таҳлил фаолияти шаклларининг тартиб-таомиллари ва ўтказиш регламентларини такомиллаштириш мақсад қилинган.

Парламент бундан кейин ҳам фуқаролар билан мулоқот сифатини яхшилаш, ўз сайловчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этади. Биз фуқароларнинг барча мурожаатларига тезкор ва самарали муносабат билдириш тизимини шакллантириш бўйича ишларни давом эттирамиз. Шу мақсадда жорий йилда Депутат портали ишга туширилади. Унинг ёрдамида ҳар бир фуқаро ўзининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатига электрон тарзда мурожаат қила олади ва ўз мурожаатининг бажарилиш жараёнини кузатиб, уни кўриб чиқиш натижаси бўйича депутат фаолиятига баҳо беради.

Биз сайлов округларида сайловчилар билан бевосита мулоқот шаклидаги ишларни давом эттирамиз. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами вакилларининг мурожаатлари бажарилиши, «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари» юритилиши алоҳида назоратга олинади.

Қонунчилик палатаси фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, парламентнинг халқ олдидаги ҳисобдорлиги даражасини кўтариш бўйича ишлар ҳам давом эттирилади. «Электрон парламент» ахборот тизимининг ягона архитектурасини шакллантириш доирасида лойиҳалар амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро индекс ва рейтинглардаги кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида мамлакатимизда амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирларда парламентнинг иштирокини фаоллаштиришга ҳаракат қиламиз. Бунда парламент БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштиришда қатнашади.

Шунингдек, парламент ўзининг парламентлараро алоқаларини кучайтириш орқали Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳамкорлик тизимини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

— Очиқ ва мазмунли суҳбат учун раҳмат.

Зиёда АШУРОВА
(«Халқ сўзи») суҳбатлашди

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?