Паркентда дала ўқув-машғулоти ўтказилди

Шу кунларда Тошкентда Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (ШТҲА) томонидан молиялаштирилаётган лойиҳаларни амалга ошираётган Марказий Осиё мамлакатлари мутахассислари, шунингдек, халқаро мутахассислар ҳамда ШТҲАнинг Тожикистон ва Қирғизистондаги миллий офислари ходимлари иштирокида иқлим ўзгариши масалаларини комплекс ҳал этишни бошқариш, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва табиий офатлар хавфини камайтиришни ривожлантириш бўйича халқаро семинар-тренинг бўлиб ўтмоқда.
Жорий йилнинг 14 март куни тренинг иштирокчилари учун Паркент туманида дала ўқув-машғулот йиғини ўтказилди. Меҳмонлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ШТҲА ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси. 2-босқич” доирасида амалга оширилаётган ишларни Паркент тумани ирригация бўлими мисолида ўргандилар.
Таъкидландики, лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ҳамда 156 та туман ирригация бўлимларига сувдан самарали фойдаланиш ва сув ресурсларини барқарор бошқаришни режалаштириш, суғориш-дренаж тармоқларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда мониторинг қилиш имконини берадиган замонавий компьютер жамланмаси тақдим этилган.
Бугунги кунда Паркент тумани ирригация бўлимига лойиҳа доирасида тақдим этилган иккита компьютер жамланмасидан сув ресурсларини оқилона бошқариш, суғориш-дренаж тармоқлари ҳолатини доимий мониторинг қилиб боришда самарали фойдаланилмоқда. Меҳмонларга сув хўжалигининг махсус хизмати, истеъмолчилар билан муносабатларни такомиллаштириш, сувнинг ҳисобини аниқ юритиш бўйича бажарилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Меҳмонлар “Паркент агрозамин” фермер хўжалигига ташриф буюришди. Лойиҳа томонидан ўтган йили сув тежовчи технологияларни жорий этган аёл фермерлар ўртасида танлов ўтказилган эди. Фермер хўжалиги раҳбари Шоҳсанам Анорбоева мазкур танловда қатнашиб, трансформатор ютган эди.
Фермер аёл меҳмонларга лойиҳа билан ҳамкорликда амалга ошираётган ишлари, хусусан, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш самараси, томчилатиб суғоришнинг афзалликлари, шунингдек, истиқболдаги режалари ҳақида гапириб берди.
Иштирокчилар “Эко агро продукт” МЧЖнинг интенсив боғларини ҳам бориб кўрдилар.
Семинар-тренинг иштирокчилари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «ЖЧ-2026»га Осиёдан тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга киритган терма жамоалар маълум
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
- Тошкент давлат тиббиёт университетининг «Битирувчи – 2025» тантанали маросими бўлиб ўтди
- Танзила Нарбаева «Better Cotton» халқаро ташкилоти бош директори Алан Макклей билан учрашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг