Паркент тиббиёт бирлашмаси биносини таъмирлаш учун 5 млрд сўм маблағ ажратилади

19:52 25 Ноябрь 2022 Жамият
345 0

Фото: Архив сурат

Хабарингиз бор, Олий Мажлис Сенатининг ҳар бир ялпи мажлисида сенаторларнинг ҳудудларда олиб борган ўрганишлари, ушбу ўрганишлар жараёнида аниқланган камчиликлар, аҳоли вакилларини қийнаётган муаммолар Ҳукумат вакиллари, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари иштирокида муҳокама қилинади.

Хусусан, Олий Мажлис Сенатининг 33-ялпи мажлисида сенатор Маҳмуд Тоир Тошкент вилоятининг Паркент туманининг минглаб аҳолисини қийнаб келаётган муаммони кўтарган эди. Сенатор ўз мурожаатида, туман тиббиёт бирлашмаси (туғруқ бўлими биноси) маънан эскиргани боис, мукаммал таъмирлаш учун дастурга киритилганлигини, бунинг учун давлат бюджетидан жами 7,4 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилганини, мазкур маблағнинг 2 млрд 400 млн сўми 2022 йилда ажратилганини, аммо маблағ етишмовчилиги боис таъмирлаш ишлари жорий йилда якунланмай қолаётганини айтиб ўтган эди.

Шунингдек, сенатор ушбу ижтимоий объект муҳим аҳамиятга эга эканлиги, аҳоли эътирозларини бартараф этиш мақсадида қурилиш лойиҳаси учун ажратилиши кўзда тутилган 5 млрд сўм маблағни жорий йилда ажратилишида амалий ёрдам берилишини сўралган эди.

Ўз навбатида, мазкур масала Сенат Раисининг назоратига олиниб, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига мурожаат қилинди.

Натижада мазкур объектни молиялаштириш масаласи Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилиб, Паркент тумани тиббиёт бирлашмаси (туғруқ бўлими биноси)ни мукаммал таъмирлаш учун 5 млрд сўм маблағ шу йилнинг ўзида ажратилиши белгиланиб, фуқароларнинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?