Парижда ўзбек-француз бизнес-форуми бўлиб ўтди

09:15 19 Ноябрь 2022 Сиёсат
620 0

Фото: Халқ сўзи

Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифи арафасида Париж шаҳрида Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг асосий омили сифатида икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги муносабатларни ҳар томонлама мустаҳкамлашга қаратилган ўзбек-француз бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев, Франция Республикаси савдо бўйича делегат вазири Оливер Бешт, Ўзбекистон-Франция ишбилармонлар кенгаши раиси, «Орано» компанияси бошқаруви раиси Клод Имовен, тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакатнинг етакчи компаниялари, холдинглари ва ҳаракатларининг 150 дан ортиқ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни очар экан, Клод Имовен Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилаш, инфратузилмани ривожлантириш, минтақавий ва халқаро савдо-иқтисодий муносабатларни йўлга қўйиш ва кенгайтириш, мамлакатни глобал савдо тизимларига интеграциялаш, саноат кооперациясини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг изчиллиги, самарадорлиги ва ўз вақтида амалга оширилишини таъкидлади. Шунингдек, у икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришнинг ижобий динамикасини ва иқтисодий шерикликнинг ҳар икки мамлакат учун устувор йўналишларда изчил кенгайишини таъкидлаб, француз бизнеси вакилларини ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашга чақирди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари-инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев ўз қутлов сўзида форум иштирокчиларининг эътиборини Ўзбекистонга сармоя киритиш тўғрисида қарор қабул қилишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган бир қатор муҳим жиҳатларга қаратди. Хусусан, солиқлар ва ҚҚС ставкалари кескин камайтирилгани, инвесторларнинг ҳуқуқларини қонунчилик даражасида ҳимоя қилинаётгани, 200 дан ортиқ лицензия ва рухсатномаларнинг бекор қилингани ва натижада 2021 йилда мамлакат иқтисодиёти 7 фоизга ўсгани, экспорт ҳажми 1,5 баравар ошгани ва инфляция даражаси 18 фоиздан 11 фоизгача пасайгани қайд этилди.

Иқтисодиётга хорижий инвестицияларнинг ўн баравар ўсиши, 72 миллион аҳолиси бўлган Марказий Осиё ва 300 миллион аҳолиси бўлган МДҲ мамлакатлари бозорларига кириш имконияти мавжудлиги таъкидланди. ГСП+ Европа Иттифоқининг бенефициар мақоми Ўзбекистонга 6000 дан ортиқ турдаги товарларни Европа Иттифоқи бозорларига имтиёзли шартларда экспорт қилишга имкон беради ва ҳукумат экспорт қилувчиларнинг транспорт харажатларининг 70 фоизини қоплашга тайёр. Шунингдек, мамлакатда малакали, иқтидорли ва билимли ёшлар борлиги, қазиб олиш учун имтиёзли шарт-шароитларга эга бўлган кўплаб табиий ресурслар мавжудлиги, саноат ишлаб чиқариши, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва туризм каби соҳаларда 22 та МИЗ ташкил этилиши қайд этилди.

Ўзбекистон ҳукуматининг истиқболли қўшма лойиҳаларнинг 50 фоизини молиялаштириши, давлат корхоналарини чуқур хусусийлаштиришга тайёрлиги, шунингдек, энг муҳим транспорт йўллари кесишмасида Ўзбекистоннинг ноёб географик жойлашуви фонида Ғарб ва Шарқ, Шимол ва Жануб ўртасида қулай транспорт йўлакларини яратадиган Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон ва Мозори-Шариф – Кобул - Пешавор темир йўлларини қуриши истиқболлари форум иштирокчиларининг катта қизиқишига сабаб бўлди.

Қўшма лойиҳаларни амалга оширишда, жумладан, яшил энергетика, автомобилсозлик ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш, фармацевтика саноати ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби устувор тармоқларда француз тадбиркорларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирилди.

Бизнес-форум давомида Ўзбекистон ва Франция вазирликлари, идоралари, етакчи компаниялари, холдинглари ва ҳаракатлари раҳбарлари ўртасида «Г2Б» ва «Б2Б» учрашувлари ташкил этилиб, унда иштирокчилар қўшма корхоналар ташкил этиш ва ўзаро манфаатли савдо битимларини тузишнинг молиявий-техник жиҳатларини батафсил ишлаб чиқишга муваффақ бўлишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?