Париж шаҳрида бўлиб ўтаётган «Тенглик авлоди» халқаро форумида Сенат Раиси нутқ сўзлади

12:18 02 Июль 2021 Сиёсат
409 0

Шу кунларда Франция пойтахти Париж шаҳрида гендер тенглик масалаларига бағишланган «Тенглик авлоди» халқаро форуми бўлиб ўтмоқда.

Фуқаролик жамияти билан ҳамкорликда Франция ва Мексика раислигидаги «БМТ-Аёллар» тузилмаси томонидан ўтказилаётган тадбирда хорижий давлатлар раҳбарлари, жаҳон парламентлари, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти вакиллари, ёш етакчилар ва хусусий сектор вакиллари иштирок этмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда Олий Мажлис Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Т. Нарбаева Париж форумида иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳолатини яхшилаш учун қонунчилик базаси яратилгани, 2030 йилгача Ўзбекистонда гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқлангани таъкидланди.

Шунингдек, аёлларни раҳбарлик лавозимларига кўтариш, уларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан давлат томонидан ҳимоя қилиш бўйича мақсадли ишлар олиб борилмоқда, муҳтожларни уй-жой билан таъминлаш дастури амалга оширилмоқда.

Форум иштирокчилари зўравонликнинг олдини олиш, меҳнат соҳасида ҳуқуқлар ва адолатни, репродуктив саломатликни таъминлаш, технологиялар ривожланиши нуқтаи назаридан гендер тенглик, таълим олиш имкониятлари ва бошқа масалаларни муҳокама қилдилар. Бундан ташқари, «Тенглик авлоди: хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тенг ҳуқуқли келажак» кампанияси доирасида 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш бўйича аниқ чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Гендер тенгликка эришиш учун аниқ ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш белгилаб олинди.

Тадбир доирасида 100 дан ортиқ виртуал тадбирлар ўтказилади ва якунида «Ҳаракатлар коалицияси: Гендер тенгликни тезлаштириш дастури» қабул қилинади.

«Тенглик авлоди» форумида кўп қиррали ҳаракатлар коалициялари яратилди, гендер зўравонлик, иқтисодий адолат, репродуктив ҳуқуқлар ва саломатлик, иқлим соҳасида адолатни қўллаб-қувватлаш учун хотин-қизлар фаолияти, технологиялар ва инновациялар, феминистик ҳаракатлар ва етакчилик бўйича аниқ ва ўлчанадиган натижаларга беш йил ичида эришиш учун улар ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ҳамда хусусий секторни бирлаштиради.

Коалицияларга 30 га яқин мамлакат ва 70 дан ортиқ турли тузилмалар, шу жумладан БМТ агентликлари, фуқаролик жамияти муассасалари, ёшлар уюшмалари, хусусий компаниялар ва давлат хайрия ташкилотлари, бирлашган коалициялар қўшилган.

Ҳаракатлар коалицияси доирасида Ўзбекистон хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш ва гендер зўравонликни бартараф этиш мажбуриятини ўз зиммасига олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?