Пандемияда туризм: Туркия бунинг уддасидан қандай чиқмоқда?

12:14 28 Ноябрь 2020 Дунё
344 0

Саид РАҲМОНОВ, «Халқ сўзи» махсус мухбири Истанбулдан хабар қилади

Коронавирус пандемиясидан энг кўп зарар кўрган соҳа, шубҳасиз, бу — туризм. Негаки, бу кўзга кўринмас офат жаҳон давлатлари дарвозасини тамбалаб қўйди. Аммо мураккаб даврни бошидан ўтказаётган сайёҳлик индустрияси «синмади». Аксинча, ўрнатилган чекловларга дахл қилмаган ҳолда, соҳа янги форматда ривожланмоқда. Бунга Туркия тажрибаси яққол мисол бўла олади. 

Дарҳақиқат, айни пайтда биз, ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган медиа-тур доирасида Туркияда бўлиб турибмиз. 

Англагимиз шуки, бу ерда карантин талабларига амалга қилинган ҳолда, сайёҳлик хизматлари кўрсатишнинг уддасидан чиқилмоқда. Буни эса сафаримиз аввалидаёқ ҳис қилдик. Сабаби, самолётга чиқишимиз билан ширинсухан борт кузатувчилари қўлимизга тиббий ниқоблар, нам «салфетка», антисептик воситалардан иборат елим халтачани тутқазишди. Ҳатто, йўловчилар жуда кўп бўладиган Истанбул халқаро аэропортида оралиқ масофани сақлаш учун зарур барча чора-тадбирлар кўриляпти. Жамоат жойларни дезинфекция қилиш, ижтимоий масофани сақлаш каби карантиннинг муҳим қоидаларига Истанбул ҳар бир маскани, хусусан, сайёҳлик объектлари, меҳмонхоналарда қатъий амал қилинмоқда. Шу боис Шарқу Ғарб ўртасида олтин кўприк бўлиб келган ушбу ўлкада сайёҳлар айни пайтда жуда кўп. 

Истанбулнинг Истиқлол кўчасидамиз. Бу тарихий йўлларни яёв кезаркансиз карантин туфайли толиққан асабларингиз чигили ёйилади, миллий ширинликлар сотувчиларнинг ширин сўзи, одамларнинг хушмуомаласи руҳиятингизни кўтаради. Дунёнинг турли бурчакларидан келган сайёҳлар Тақсим майдони томон ҳаракатланаётган ўша машҳур қадим трамвайга чиқиб, олам-олам завқ олишади... Мени ҳайратимни оширгани эса каштан дарахти меваларининг қовуриб сотилаётгани бўлди. Ўйлаб қолдим, буни каштанга бой бўлган Тошкентимизда ҳам йўлга қўйсак бўларкан. 

Хўш, сайёҳлар кўчага чиқишга ҳадик тортиб турган айни нозик паллада Туркия туристларни жалб қилишнинг уддасидан қандай чиқмоқда? 
Туркия Маданият ва туризм вазирлиги вакили Меҳметхон Келкитнинг айтишича, жаҳон туризм марказларидан бири бўлган бу мамлакат меҳмонларни кутиб олишдан доимо шараф туяди. Шунинг учун пандемия даври асосий эътибор карантин талабларига риоя қилган ҳолда, хавфсиз ва сифатли хизматлар кўрсатишни йўлга қўйишга қаратилган. 

— Туркия эшикларимиз сайёҳлар учун ҳар доим очиқ, уларнинг хавфсизлиги ва саломатлигини сақлаш, мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун зарур барча шарт-шароитларни яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз, — дейди у. — Буни чет эллик сайёҳларнинг ўзлари ҳам ҳис қилиб турибдилар. 

Айтишларича, Туркия келган сайёҳларга кўришга ошиқадиган манзиллардан бири — бу Долмабахче боғидир. Бунинг учун асослар етарли, албатта. Чунки Босфор бўғозининг Европа қисмида жойлашган тарихий мажмуа Туркиядаги энг катта сарой ҳисобланади. 

Биз ҳам соҳил бўйидаги ушбу муҳташам сарой ташриф буюриб, Шарқ анъанавий меъморчилигининг Ғарб санъатига моҳирона уйғунлашувига гувоҳ бўлдик. Ўта ҳашаматли сарой жойлашган боғнинг умумий майдони 14 595 квадрат метрни ташкил этади. Бу ерда соатли минора, валиаҳд кошонаси, Султон Абдулҳамид II даврида барпо этилган кошона ҳам бор. 

Усмонийларнинг олти султони яшаган Долмабахче саройига кирар экансиз, ўзингизни худди ўтмишга тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Чунки сарой ўз ҳолида сақлаб қолинган ва 1984 йилда музейга айлантирилган. 

Сарой икки қаватли асосий бинодан ташқари, ер тўла ва болахонали бўлиб, Катта тантана залидан, яна 44 та турли тадбирлар ўтказиладиган зал, 68 та йиғин ва учрашувлар хонаси, султон ҳарами ва 6 та ҳаммомдан иборат. Саройдаги қандиллар унга ўзгача зеб, салобат бериб турибди. Уларнинг ёғдуси жуда ёрқинлиги эътиборимиз тортди. Сабабининг сўраганимизда, саройнинг ички безагига 14 тоннадан зиёд олтин ишлатилганини, шу туфайли ёруғли қайтишини айтишди...

Медиатур дастури ғоятда ранг-баранг бўлиб, бизни олдинда яна кўплаб тарихий манзиллар, сайёҳлик объектлари кутиб турибди. Улар ҳақида батафсил маълумот бериб борамиз. Бизни кузатишда давом этинг.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?