Пахта далаларида сув қаровсиз қолдирилган (ми?)

16:24 29 Июль 2022 Жамият
399 0

Фото: Халқ сўзи

Юртимизда ёзнинг чилласи жуда иссиқ келди. Бундай аномал иссиқлик қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирувчилари ҳамда бу ишга масъул бўлганлардан жиддий эътибор ва масъулият талаб этмоқда. Айниқса, пахта парваришида амалга ошириладиган муҳим агротехник тадбирларни ўз вақтида, оби-тобида, сифатли қилиб ўтказиш долзарб масала бўлиб турибди. Хусусан, суғориш ишларини белгиланган меъёр ва талаблар асосида ташкил этиш ғўза ниҳоллари баравж ўсишининг муҳим шарти ҳисобланади.

«Ўзагроинспекция»нинг Жиззах вилоят бошқармаси мутахассислари ҳам ўта оғир ва олис ҳудудлардаги пахта майдонларига сув етказиш чораларини кўришмоқда. Амалий саъй-ҳаракатлар натижасида суғоришда қийналаётган фермер хўжаликларининг пахта даласига сув етиб бориши таъминланаётир. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳозирга қадар 52 минг 657 гектардан зиёд ғўза майдонлари иккинчи бор суғорилди. Ғўза, такрорий ва томорқа экинларини суғориш ишларида эса 2 минг 56 нафар сувчилар қатнашмоқда.

Бироқ юртимизда глобал иқлим ўзгаришлари ва антропоген таъсирлар сабаб қишлоқ хўжалиги экинларига мўлжалланган сув ресурсларида камайишлар кузатилаётган бир пайтда вилоятдаги айрим сув истеъмолчиларининг сувдан тежаб-тергаб фойдаланишни билмаслиги ва истеъмол маданиятининг етишмаслиги, «қулоқбоши»дагиларнинг «Ўзим хон-кўланкам майдон» қабилида иш тутиши бебаҳо неъматнинг исроф бўлишига олиб келмоқда. Бунинг оқибатида пахта майдонларига сув етиб бориши анчайин қийинлашиб, сувдан ким, қай йўсинда, ёки қандай мақсадда фойдаланаётгани айни вегетация даврида янада яққолроқ сезилиб қолмоқда.

— Вилоятдаги 7 та пахтачилик туманларида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши юзасидан ўтказилган жами 606 та назорат тадбирида 645 та камчилик аниқланди, — дейди «Ўзагроинспекция»нинг Жиззах вилоят бошқармаси қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўлими бош инспектори Ихтиёр Душабоев. — Шундан 83 та ҳолатда экин майдонлари кўллатиб суғорилган ва пахта майдонларида ташланмалар ҳосил бўлган, 69 та ҳолатда сув коллектор-дренажларга оқизиб қўйилган. Бундан ташқари рухсатсиз ва шартнома тузмасдан сув олиш бўйича 56 та ҳолат аниқланиб, 83 та ҳолатда даладаги сув қаровсиз қолдириб кетилган. 34 та ҳолатда эса меъёридан ортиқча сув олинган.

Олимлар ва пахтачилик соҳаси мутахассисларининг фикрича, жазирама иссиқда ғўза ниҳолларини тунда суғориш яхши самара беради. Аммо инспекция томонидан бу борада олиб борилган мониторинг таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, ҳамма ҳам бу усулга амал қилаётгани йўқ. Мисол учун, ўрганишларда 136 та ҳолатда тунги суғориш ишлари ташкил этилмаган бўлса, 158 тасида шарбатсиз суғорилгани маълум бўлган

Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида сув истеъмолчиларига 81 та ёзма кўрсатма ва 200 та огоҳлантиришлар берилиб, ҳокимликлар ва сув хўжаликлари ташкилотларига 24 та тақдимнома киритилди. Шунингдек, 60 та маъмурий қарор қабул қилиниб, 76 та ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун суд идораларига тақдим этилди.

Толибжон ЭРГАШEВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер