ЎзННТМА ва Экопартия ўртасида меморандум имзоланди

16:01 24 Август 2019 Сиёсат
1022 0

Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий асcоциацияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан томонидан мустақиллигимизнинг 28 йиллигига бағишлаб тадбир ўтказилди. Бу ҳақда ЎзННТМА матбуот хизмати хабар берди.

Унда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, ЎзННТМА ходимлари, партия аъзолари, экология ва тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, эколог-олимлар, журналистлар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Борий Алихонов халқимизнинг асрий орзуси бўлган, Ватанимизнинг неча минг йиллик тарихида мутлақо янги саҳифа очган, мамлакатимизни халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантирган Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги бутун юртимиз бўйлаб кенг нишонланаётганини эътироф этди.

Иштирокчилар таъкидлаганидек, жонажон юртимиз бўйлаб истиқлол таровати таралаётган, мустақиллик шодиёналарига қизғин ҳозирлик кўрилаётган шу кунларда бугунги фаровон кунлар, улкан ютуқ ва марралар замирида халқимизнинг манфаатлари йўлида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ишларни кўришимиз мумкин.

Тадбир давомида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон Экологик партияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Шундан сўнг ЎзННТМА Кенгаши раиси Насимжон Алимов сўзга чиқди.

– Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишга эришиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ҳамда ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф муҳитни яратишга йўналтирилган экологик сиёсатини рўёбга чиқариш, экология соҳасига ихтисослаштирилган ННТларни қўллаб-қувватлаш долзарб вазифадир, – деди Н.Алимов. – Бинобарин, бу борадаги тадбир ва дастурлар ижросини таъминлашда икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантириш муҳимдир. Имзоланган ушбу эзгу йўлда дастуриламал бўлади. Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш дастурлари ва лойиҳаларини амалга ошириш, аҳолининг экологик хабардорлигини ошириш, ҳар икки томон мутахассисларини жалб қилган ҳолда турли тадбирлар, аҳоли, хусусан ёшлар ва раҳбар ходимларнинг экологик маданиятини янада юксалтириш мақсадида ўқув семинарлари, курслари ва анжуманлар, тренинглар ташкил қилиш ушбу меморандумнинг мақсади ҳисобланади.

Тадбирда ўзаро ҳамкорлик келгусида атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?