Ўзлигимиз тимсоли — она тилим

12:29 14 Октябр 2020 Жамият
506 0

«Ўзбек тили нафақат қадимий тил, у ғоятда нафосатга бой тил, у ҳар қандай маънони энг инжа қатламларигача очиб бера оладиган, ўзининг гўзаллиги билан одамга завқ-шавқ улаша оладиган, баҳри дилини очиб, гўзаллик туйғусини қондира оладиган тилдир»

(Озод Шарафиддинов, Ўзбекистон Қаҳрамони)

Инсон учун олий неъмат деб аталмиш она тили ҳар бир миллатнинг энг асосий белгиларидан бўлиб, биринчи президентимиз И.А.Каримов таъкидлаганидек: « Она тили ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ва аждодлар ўртасидаги руҳоний- маънавий боғлиқлик устунидир». Бу курраи замин осмонидаги порлаб турган юлдузлар каби халқлар ҳам кўп. Ҳар бир халқ ўз тили, миллий урф-одат, қадрият ва анъаналари , ўзига хос турмуш тарзи билан ажралиб туради. Чунончи, халқнинг, миллатнинг ўзлигини англаши, тарихини намоён қилишида ўз «Олий забони» бўлмиш она тилининг ўрни беқиёсдир.

Англашимиз лозим бўлган яна бир ҳақиқат шулким, инсон дунё юзини кўрибдики, ўз она тили билан кўз очади , уйғонади, улғаяди ва камолга етади. Шу тил билан яшаб ўтади. Тил инсон камолотида бетакрор аҳамият касб этади. Она тили энг эзгу фазилатлар, юксак туйғулар манбаидир.

Бу йил Давлат тили байрамининг 31 йиллиги арафасида Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75 сессиясида жаҳон халқлари олдида соф она тилимизда баралла нутқ сўзлагани халқимизни беҳад тўлқинлантирди, биз ёшларга янада жўшқинлик ато этди. Жаҳон ҳамжамиятида эса тилимизга бўлган ҳурмат, ишонч ва қизиқиш ортишига хизмат қилди.

Тилимизни кенг тарғиб қилиш, ёш ҳимоячилари бўлмиш баркамол авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб камол топишида кўмаклашиш, иқтидорларини янада ривожлантириш мақсадида Муҳаммад Ризо Огаҳий, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия , Иброҳим Юсупов , Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева ва Муҳаммад Юсуф номидаги маърифат маскани деб аталмиш ижод мактаблари қад ростлагани ва «Адиблар хиёбони» мажмуасининг барпо этилиши миллий юксалиш нишоналаридир. Бу ва шу каби маърифат масканлари тил ва адабиётнинг яшнаш ва юксалишнинг ҳақиқий ўчоқларидир. Бизнинг мана шундай серқирра аждодларимиз асарларини ўзбек тилида ёзган ва ҳанузгача бу анъана давом этмоқда. Шонли тарихимиз ва бой маданиятимиз билан бирга аждодлар мерослари ҳам шу тил воситачилигида бизга етиб келмоқда. Шу мерослар ва анъаналарни асраб-авайлаш, келажак авлодга ҳам етказиш учун қатор ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимизнинг байроғини кўкларга кўтаришда ўз ҳиссасини қўшаётган тенгдошлар, ака-опалар, биз ёшлар ва айниқса жаҳон мамлакатларида спортчиларнинг ғалабалари шарафига ўзбек тилида мадҳиямиз янграётгани сўз билан ифодалаб бўлмас, осмон қадар ишончни юксалтирадиган , аҳилликка чорлайдиган улкан ютуқ , бу қувонч, бу фахр, бу ифтихор...

Ўзбек тили ва унинг оҳангини эшитган ҳатто булбул ҳам маҳлиё бўлиб қолади , шундай экан, тилимиз жозибасига мафтун бўлиб, ўзгача қизиқиш билан ўрганаётганлар ҳам талайгина. Тилимизнинг янада яшовчан ва барҳаётлигини таъминлаш учун ўзбек тили тараққиёти йўлида ҳамфикр, ҳамкор бўлиб, қўлни қўлга, керак бўлса жонни жонга бериб бўлса-да, бирлашмоғимиз даркор. Бу чорлов ташаббуси ёшлардан чиқиши аждодлар изидан собитқадамликдир. Тенгдошларимга шахсий намуна сифатида шуни айтишим мумкинки, ўзим ҳам кўп бадиий асарлар, мумтоз адабиётимиз намуналарини мутолаа қиламан. Тўлқинланиб, қалбан жўшиб кичик юрагимдаги туғёнларни шеър, ҳикоя ва мақола тарзида қоғозга муҳрлайман. Президентимизнинг беш муҳим ташаббуси таркибига кирувчи тўртинчи йўналиш ҳам «Китобхонлик», 2019 йил бундай оламшумул имкониятлардан унумли фойдаланиб илк китобимни « Умид сўнмасин» номи остида чоп эттиришга муваффақ бўлдим. Шеърият шайдолари ва адабиёт ошнолари билан юксалиш йўлида бирлашиб, 2020 йил «Ватанга вафо » номли китоб тўпламимизни чоп эттирдик. Бу жўшқинлик, бу шижоат, бу ғайрат, бу ижодни мен тараққиёт йўлидаги якдиллик, равнақ йўлидаги аҳиллик, тилимиз яшовчанлигини таъминлаш йўлидаги жонбозлик деб биламан. Халқимизнинг дуолари, бобо- бувиларимизнинг «Барака топ, жон болам!» деган сўзларининг она тилида янграшининг ўзи энг катта бахтдир. Ота-оналаримизга берган оқ сути , тўғри тарбиялари учун айтилган раҳматлар саодатдир.

Мен ўзбек миллати ва халқининг бир ёш фарзанди сифатида ўз тарихимизни, маданиятимизни, анъана ва урф -одатларимиз, миллий ва умуминсоний қадриятларимизни ўз она тилимизда англадим ва шуни тушуниб етдимки, «Ўзлигимиз тимсоли- Она тилимиз» дея бежиз айтилмас экан.

Биз ишонамизки, шундай фарзандлари бор халқнинг тили ҳеч қачон ўлмайди, аксинча гуллаб -яшнайверади.

Мохичеҳра ХУРСАНОВА,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ

Сирдарё академик лицейи ўқувчиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?