Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш — давр талаби

14:23 11 Май 2020 Иқтисодиёт
397 0

Дунёда, қолаверса, республикамизда аҳоли сонининг кундан-кунга кўпайиши озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг ҳам ошишига олиб келмоқда. Бундай шароитда истеъмол талабини қондириш, аҳолини озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш, энг асосийси қишлоқ аҳолиси бандлиги ва даромадларини ошириш каби қатор муҳим ижтимоий -иқтисодий вазифалар долзарб аҳамият касб этади. Самарқанд вилоятида ҳам ана шундай талаблардан келиб чиққан ҳолда истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинмоқдаки, натижада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш даражасининг ўсишига эришиляпти.

Булунуғур тумани асосан мева-сабзавотчилик, узумчилик ва картошкачиликка ихтисослашган ҳудудлардан саналади. Азалдан туман аҳли ушбу йўналишда ўзига хос мактаб ҳам яратган. Бугун эса давлатимиз томонидан берилаётган кенг имкониятлар бу ишларни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Туманда биргина боғдорчилик, сабзавотчилик, иссиқхоначилик, чорвачилик, паррандачилик, мева-сабзавотни қайта ишлаш соҳаларида мисли кўрилмаган натижаларга эришилмоқда.

Аниқ мисолларга ўтамиз. Бундан бир йил аввал туман ҳудудидаги тошлоқ ва ташландиқ ҳолатдаги ер тадбиркорга ажратиб берилгач, бу ерда “Янги ариқ иссиқхонаси” фермер хўжалиги ташкил қилинди ва 2 гектар майдонда замонавий, йирик иссиқхонага асос солинди. Айни пайтда иссиқхонада помидор, бодринг ва булғор қалампири етиштирилмоқда. Албатта, тартиб билан терилган ҳосилларни кўрсангиз кўзингиз яшнайди. “Одамнинг қўли гул” деган нақлга яна бир карра ишонч ҳосил қиласиз.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, 810 минг АҚШ долларлик имтиёзли кредит эвазига иш бошлаган иссиқхонада 20 га яқин иш ўринлари яратилди. Бу ерга асосан шу атрофда яшовчи қишлоқ хотин-қизлари ишга жойлаштирилди. Улар учун эса барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Шу вақтга қадар ишсиз бўлган аёллар иш билан таъминланганидан мамнун албатта.

“Излаган имкон топар” дейишади. Хўжалик аъзолари бугун иссиқхонадаги ҳар бир ниҳолни меҳр билан парваришламоқда. Ердан янада самарали фойдаланиш мақсадида булғор қалампири, қатор ораларига эса бодринг экилган. Бугун улар ҳам аллақачон ҳосил нишоналарини кўрсатиб турибди. Бу эса омилкорлик билан қўшимча даромад олиш дегани.

— Иссиқхонада парваришланаётган 20 минг тўп помидор, 34 минг тўп булғор қалампири ва бодринглар шиғил ҳосилга кирган, — дейди фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Мирзабек Шермонов. - Ҳадемай улар бозорга чиқарилиб, аҳоли дастурхонинини безайди. Биз ушбу исссиқхонада йилига ҳозирча икки марта, келажакда эса уч мартагача ҳосил олишни мўлжалламоқдамиз. Маҳсулотларимизни нафақат ички бозорга етказиш, балки экчпорт қилиш ҳам кўзда тутилган.

Қувонарли томони шундаки, иссиқхонада барча жараёнлар автоматик равишда бошқарилади. Экинлар томчилатиб суғорилади, бу билан эса ўғит, сув тежалади. Ишчи кучи иқтисод қилинади. Иссиқхонадаги белгиланган ҳаво ҳарорати ҳам айни шу тартибда назорат қилиб борилади.

Булунғур туманида кейинги йилларда чорвачилик тармоғини янада ривожлантиришга ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. Бугунги кунда тумандаги чорвачиликка ихтисослашган хўжаликларда икки мингга яқин наслли чорва моллари парваришланяпти. Ушбу хўжаликлар томонидан эса аҳолига сифатли ва арзон гўшт ва сут маҳсулотлари тайёрланиб, етказиб берилмоқда. Туманда ушбу йўналишдаги ишларни янада кенгайтириш, янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида ҳам истиқболли режалар ишлаб чиқилган.

— Ҳозирда Булунғур туманидаги барча тоифадаги хўжаликларда 106 минг 740 бош чорва моллари боқиб келинмоқда, — дейди “Чорванасл” жамиятининг Булунғур туманидаги вакили Жамшид Ҳасанбоев. — Чорвачилик фермер хўжаликларида эса 1797 бош қорамоллар парваришланади. Шулардан бири туманимиздаги “Зарбдор зар замини” фермер хўжалиги 2019 йилда кредит маблағлари ҳисобидан 66 бош қора молларни Германия давлатидан олиб келиб парваришламоқда. 2020 йилда ҳам 4 та лойиҳа ташаббускори аниқланган бўлиб, улар томонидан ҳам Германия, Австрия давлатларидан чорва молларини олиб келиш мўлжалланган.

Тумандаги “Зарбдор зар замини” фермер хўжалигида бугун 120 бош наслли қорамол боқилмоқда. Ўтган йили 232 минг АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит эвазига олиб келинган 66 бош қорамол бугунги кунда 120 бошга етди. Ҳозирда кунига улардан 1 тоннадан ортиқ сут соғиб олиниб, қайта ишлаш корхоналарига етказилмоқда. Наслли она сигирлардан олинган бузоқчалар ҳам белгиланган меъёр асосида парваришланяпти. Келгусида хўжалик қошида сутни қайта ишлаш цехини ташкил этиш мўлжалланган.

Паррандачилик етти хазинанинг бири саналади. Шу боис ҳам туманда ушбу тармоқни ривожлантириш, бозорларимизга тухум ва парҳезбоп товуқ гўшти етказиб беришга ҳам устувор аҳамият қаратилган. Бугунги кунда биргина “Достонбек Нажмидддинов чорваси” фермер хўжалигида 35 минг бош товуқ боқилмоқда. Асосан гўшт йўналишига ихтисослашган хўжаликда йилига 40 тонна парҳез товуқ гўшти ички бозорга етказиб берилади. 10 га яқин ишчи меҳнат қилаётган хўжаликда 200 тонна сиғимга эга музлатгич ҳам барпо этилган. Бу эса етиштирилган маҳсулотни сақлаш ва пешма-пеш бозорга етказиб бериш имконини бермоқда.

— Фермер хўжалигимизда 65 гектар ер майдони бор. Ғалла, маккажўхори каби озуқаларни ўзимиз етиштирамиз, — дейди — дейди хўжалик раҳбари Фазлиддин Боймуродов. — Давлатимиз томонидан паррандачиликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар ажратиляпти. Бундан ташқари қатор имтиёз ва қулайликлар бериляпти. Булардан фойдаланиб келгусида товуқ гўшти ишлаб чиқаришни янада ошириб, халқимизга арзон ва сифатли маҳсулот етказиб беришни мўлжаллаганмиз.

Дарҳақиқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, уни қайта ишлаш, қадоқлаш ва сақлаш ҳамда экспортга йўналтириш борасидаги бу каби кенг кўламли саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини ҳамда бозорларимизда йил давомида маҳсулот сероблигини, арзончиликни таъминлаш баробарида, кўплаб янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини янада ошириш имконини бермоқда.

Абдулазиз Йўлдошев

(Халқ сўзи)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?