Ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг айрим масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборилмоқда

17:06 10 Июль 2024 Сиёсат
141 0

Фото: Акмал Муҳаммадов / “Халқ сўзи”

Сенатнинг 54-ялпи мажлисида ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолиятини амалга оширишнинг айрим масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

2020 йилда аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитларни яратиш мақсадида мамлакатимизда ўзини ўзи банд қилиш институти жорий этилди.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан аҳолининг мурожаатларидан келиб чиқиб, ўзини ўзи банд қилиш, хусусан, фуқаролар томонидан ижтимоий солиқ тўлаш орқали пенсия учун зарур меҳнат стажини ҳисобга олиш борасидаги ишлар ҳолати ўрганилди.

Ўзини ўзи банд қилиш тизими “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Қонун, Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва бошқа норматив ҳужжатлар билан тартибга солинган.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган 100 дан зиёд фаолият (ишлар, хизматлар) турлари мавжуд.

Солиқ кодексига мувофиқ ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди.

Солиқ кодекснинг 408-моддасига асосан ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун йилига базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баравари миқдорида ижтимоий солиқ ихтиёрий равишда тўланади. Шунингдек, ушбу моддага кўра ўзини ўзи банд қилган шахслар ижтимоий солиқ тўловини ҳисобот йилининг 1 декабригача амалга оширади.

Жорий йилнинг 6 ой давомида ўзини ўзи банд қилган шахслар сони ошди.

Аҳолининг мурожаатлари ва таҳлиллар тизимда баъзи муаммолар борлигини кўрсатди. Хусусан, 2020–2023 йилларда рўйхатга олинганларнинг фақатгина
13 фоизи ижтимоий солиқ тўловини амалга оширган.

Шунингдек, 2023 йилда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган
65 мингга яқин фуқароларга ўзини ўзи банд қилиш учун давлат томонидан молиявий кўмак, яъни 313 млрд сўм субсидия ажратилган бўлиб, даромад олиш манбаи яратилган бўлса-да, ушбу фуқаролар томонидан ижтимоий солиқ тўлови даражаси пастлигича қолмоқда.

Бундан хулоса қилишимиз мумкинки, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар томонидан ижтимоий солиқ тўламаслик келажакда уларнинг ижтимоий ҳимояланиши ҳолати пасайишига, яъни ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишига олиб келади.

Ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан кам миқдорда солиқ тўланган ҳолларда уларга тегишли йил учун меҳнат стажи ҳисобланмаяпти ва айни пайтда тўланган суммани солиқ тўловчига қайтариш амалиёти ҳам йўлга қўйилмаган.

Норасмий меҳнат нафақат мамлакат иқтисодиётига жиддий салбий таъсир этади, балки инсон ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўяди, қариганда ёки меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолганда ижтимоий ҳимоясиз қолдиради.

Маълумки, Солиқ кодексининг 408-моддасига биноан ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳисобот йилининг 1 декабригача тўловни амалга ошириши белгиланган. Амалда мазкур санадан кейин (1–31 декабрь оралиғида) солиқ тўлаган шахсларга тегишли йил учун меҳнат стажи ҳисобланмаган.  

Вазирлар Маҳкамасига юборилаётган парламент сўровида аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топиш, қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар, ўзини ўзи банд қилган шахсларга қулайлик яратиш сўралмоқда.

Муҳокама сўнггида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер