Ўзбеклар таомни нега лаганда ейди?

11:48 25 Ноябрь 2022 Жамият
291 0

Фото: Халқ сўзи

Мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини оширишда ҳунармандларнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Зеро, қўл меҳнати асосида яратилган беназир миллий маҳсулотларимиз хорижлик меҳмонларнинг эътиборини жалб қилиб келаётган асосий омиллардан биридир.

Андижонлик уста-ҳунарманд Ашурали Исроиловнинг айтишича, кулолчилик ота мерос бўлиб, ҳатто боболари ҳам лой билан тиллаша билган. Бутун вужудига сингиб кетган бу ҳунарнинг сир-асрорларини ўз шогирдларига ўргатиб келаётган Ашурали аканинг устахонасидан ташриф буюрувчилар аримайди.

— Шундай пайтлар бўлган, ҳунармандчилик билан шуғулланиш учун шароит тугул, рухсат ҳам йўқ эди, — дейди Ашурали Исроилов. — Давлатимиз мустақилликка эришгач, бу борадаги хайрли ишлар кўлами ортди. Айниқса, Президентимизнинг ўтган йили ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги қарори эълон қилингач, Андижон вилоят ҳокимлиги кўмаги билан Пахтаобод тумани ҳамда Андижон шаҳрида устахонамизни ва савдо дўконимизни очдик. Бундан ташқари  пойтахтда ҳам ўз устахонамиз бор. 10 нафардан зиёд шогирдлар, қолаверса, оила аъзоларимиз билан кулолчилик ҳунарини оммалаштиришга ҳисса қўшиб келмоқдамиз.

Ашурали ака томонидан шу кунгача 100 турдан зиёд маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Айни пайтда бир ойда ўртача 10-15 млн. сўмлик кулолчилик ишлари тайёрланади.

— Ҳозир шароитлар яхши, — дейди ҳунарманд суҳбатда давом этар экан. — Авваллари республикамиз бўйлаб хомашё ахтариб юрардик. Эндиликда Ангрендаги керамика заводи томонидан тайёр хомашё тақдим этилмоқда. Тайёр маҳсулотни ҳам бозорларда ноқулай шароитларда сотишимизга тўғри келарди. Бугунга келиб Андижон шаҳридаги аҳоли гавжум ҳудудлардан бирида ўз савдо дўконимизга эгамиз.

20 йилдан буён Ҳунармандчилар уюшмаси аъзоси бўлмиш Ашурали акани хорижда ҳам яхши танишади. Боиси, қўшни давлатларда ўтказиб келинаётган ҳунармандчилик кўргазмаларида жуда фаол. Қолаверса, Андижонга ташриф буюрган Франция, Германия, Туркия, Корея каби давлатлар фуқаролари бир чимдим лойдан бунёд бўлган санъат асарларини ўзлари билан олиб кетадилар.

— Ҳар бир меҳмонга, у сайёҳ бўладими ёки харидор, ким бўлишидан қатъи назар, маҳсулотнинг вазифасидан ташқари аҳамияти ҳақида ҳам гапириб бераман, — дейди қаҳрамонимиз. — Мисол учун, лаган (айрим жойларда товоқ дейишади)ни олайлик. Эътибор берган бўлсангиз, қуюқ овқатлар, айниқса, ош фақат лаганда истеъмол қилинади. Бугунги кунга келиб баъзи оилаларда, ҳатто тўйларда ҳам ош чинни косаларда тарқатилишига гувоҳ бўляпмиз. Аслида лаганда таом истеъмол қилишнинг аҳамияти жуда катта. Оддий мисол, бир лагандан тўрт киши таомланаётган бўлса, уларнинг ҳар бири олдидаги гўштни шеригига илинади. Бу ҳам бўлса, оқибатнинг кичик кўриниши. Ёки бўлмаса, лагандаги ош қолиб кетмасин, қани олиб қўяйлик, дея ҳамроҳлар баб-баробар қўл чўзади. Ҳеч ким аввал қўлини артиб, ўрнидан туриб кетмайди. Бу – якдиллик, ўзаро ҳурмат белгиси. Шу каби биз эътибор бермайдиган жиҳатлар аслида инсоний фазилатларимизни янада бойитади. Энди айтинг, шу амалларни чинни косада овқатланаётган одам ҳам бажариши мумкинми? Афсуски, йўқ! Бир сўз билан айтганда, лаган бизни ҳамжиҳатликка, бир оила бўлишга ундайди. Шунинг учун бу ҳақида меҳмонларга ҳикоя қилиб бериш билан бирга, албатта, ўзим ясаган лаганни ҳам совға қиламан. Сабаби, ўзбекона тарбияни, қадр-қимматни ҳаммага улашишни, меҳр-оқибатимиз давом этишини хоҳлайман.

Ашурали ака Исроиловнинг меҳнатлари ҳар доим муносиб қадрланиб келинмоқда. Жумладан, «Ташаббус» танловининг Андижон вилоят босқичида икки марта ғолибликни қўлга киритган бўлса, кўп бора халқаро кўргазмаларда эътироф этилган.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?