Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасидаги иккита пост фаолияти қайта тикланди
Фото: “Халқ сўзи”
Андижон вилоятида республикамизни Қирғизистон давлати билан боғловчи икки пост ҳар иккала мамлакат аҳолиси учун очилди. Энди “Мингтепа—Қорабоғиш”, “Хонобод—Бекобод” чегара ўтказиш пунктлари орқали қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланадиган бўлди.
— Қўрғонтепа туманида истиқомат қиламан, — дейди меҳнат фахрийси Ҳайдарали Ашуров. — Ягона синглим Аравон туманида яшайди. Шундай пайтлар бўлган икки давлат ўртасидаги борди-келди алоқалари тўхтаб қолган. Ўша йиллари синглим раҳматли отамнинг жанозасига кела олмаган эди. Кейинчалик, Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” чегара ўтказиш пункти ўз фаолиятини бошлагач, қуда-андачилигимиз давом этди. “Мингтепа—Қорабоғиш” пунктининг очилиши эса камида тўрт соат вақтимизни тежаш имконини беради. Халқимиз бу каби қулайликлар учун ҳукуматимиздан ниҳоятда миннатдор!
Ушбу масканда бир кунда 4-5 минг нафар пиёда ва 200 та автомобиль ҳаракати йўлга қўйилди. Бунинг учун манзилда таъмирлаш ишлари олиб борилиб, энг замонавий қулайликлар яратилди.
“Хонобод—Бекобод” чегара ўтказиш пункти аҳолига охирги марта бундан 14 йил аввал хизмат кўрсатган. Ўшанда маскан 1,3 гектардан иборат эди. Бу ерда олиб борилган бунёдкорлик ишлари натижасида унинг майдони 2,2 гектарга етказилди. Натижада бир кунда 10 минг фуқаро ҳамда 300 тагача автотранспорт воситалари ҳаракатини таъминлаш учун шароит яратилди.
— Қизим Қирғизистон Республикасининг Бекобод қишлоғига турмушга чиққан, — дейди Хонобод шаҳрида яшовчи уй бекаси Мухтасархон Аҳмадалиева. — Шу кунгача “Дўстлик” чегара пункти орқали борди-келди қилиб юрдик. Бунинг учун ўртача уч соат вақт сарфлардик. Янги масканнинг иш бошлаши туфайли оралиқ масофани атиги 10 дақиқада босиб ўтишимиз мумкин бўлади.
Халқаро постларнинг қайта иш бошлаши нафақат, икки халқ ўртасидаги борди-келди алоқаларини, балки, ҳудудлараро сайёҳлик салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади. Зеро, Андижон вилоятида энг кўп сайёҳлар оқимини қирғизистонлик қардошларимиз ташкил этадилар. 2022 йилда уларнинг сони 110 минг нафардан иборат бўлган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 114 минг нафарга етиши кўзда тутилган. Янги манзиллар, янги имкониятлар бу каби дўстона алоқаларимизнинг янада мустаҳкамланишига замин яратди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг