Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти «BBC World News Eurasia» каналларида тарғиб қилинади

21:08 01 Декабрь 2022 Сиёсат
493 0

Фото: Халқ сўзи

30 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги биносида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов «BBC World News Eurasia» телеканали тижорат хизмати раҳбари, «Ипак йўлида туризм – 2022» Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси маърузачиси С.Становкинни қабул қилди.

Маълумот учун: «BBC» (British Broadcasting Corporation) - Буюк Британиянинг ижтимоий радиоэшиттириш корпорацияси бўлиб, 1927 йилда Лондонда ташкил этилган. Дастлаб радиоэшиттиришлар 5 та йўналишда (сиёсат, иқтисод, бизнес, маданият ва спорт) олиб борилган бўлса, 1936 йилга келиб телекўрсатувлар оммавий ва маданий-маърифий соҳаларда эфирга узатила бошланди.

BBC кунига 24 соат (24 соат) инглиз ва 40 дан ортиқ хорижий тилларда эшиттиришлар олиб боради ва 23 000 ходими билан дунёдаги энг йирик янгиликлар телерадиокомпанияси ҳисобланади.

Учрашувдан асосий кўзланган мақсад, Ўзбекистоннинг хориждаги нуфузини мустаҳкамлаш ва мамлакатга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳлар сонини оширишдан иборат.

Музокара давомида юқори мартабали меҳмонга сўнгги йилларда мамлакат миқёсида туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, яратилган янги туризм объектлари, дам олиш масканлари, гастрономия ҳақида кенг маълумотлар берилди.

Учрашув якунида BBC World News медиа корпорациясининг энг нуфузли халқаро аудиторияларга эга каналларида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига доир кенг кўламли тарғибот компаниясини давом эттириш мақсадида «BBC билан саёҳат» махсус ПР коммуникацион лойиҳасини амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди.

Маълумот учун, Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан 2022 йилда BBC World News медиа корпорацияси билан биргаликда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида видеороликлар тайёрланган ҳамда корпорация телеканалларида ва веб сайтларида кўп маротаба намойиш этилиши режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?