Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик миссиялари раҳбарлари Сенатга ташриф буюрди

20:27 21 Декабрь 2022 Сиёсат
714 0

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

2022 йил 21 декабрь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаеванинг Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида илгари сурилган муҳим ғоя ва ташаббуслар, уларнинг амалда рўёбини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди. Хусусан, Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар ва дунёдаги стратегик шерикларимиз бўлган давлатлар, халқаро ташкилотлар билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, давлат раҳбари томонидан илгари сурилган қатор ташаббуслар халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётгани ҳамда ана шу таклифлар асосида халқаро ташкилотларнинг ҳужжатлари ишлаб чиқилгани ва амалиётга татбиқ этилгани алоҳида эътироф этилди.

Сенат Раиси Т.Нарбаева Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсат парламент дипломатиясининг аҳамиятини ҳам ошираётганини, давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан сўнгги йилларда миллий парламентнинг ўрни ва аҳамияти нафақат мамлакат ҳаётида, балки ташқи сиёсатда, хорижий давлатлар билан тобора ривожланиб бораётган халқаро ҳамкорлик жараёнларида ҳам ортиб бораётганини таъкидлади.

Шунингдек, учрашувда 2022 йил кўп жиҳатдан муваффақиятли бўлгани айтилиб, жумладан, Марказий Осиё давлатлари билан минтақавий даражада, шунингдек, МДҲга аъзо давлатлар билан парламентлараро мулоқотни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича аниқ натижаларга эришилганлиги таъкидланди. Бунинг доирасида бир қатор ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режалари («Йўл харитаси») имзолангани алоҳида эътироф этилди.

Бундан ташқари, Араб мамлакатлари, хусусан, Миср Араб Республикаси ҳамда Араб давлатлари лигасининг қонун чиқарувчи органи – Араб парламенти билан ҳамкорлик алоқалари ҳам янги босқичга кўтарилгани ва қатор ўзаро манфаатли келишувларга эришилгани айтилди.

Учрашув давомида дипломатик муассасалар фаолияти қатор муҳим вазифаларни ҳал этишга қаратилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди. Жумладан, хорижий мамлакатлар парламентлари билан қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашишда ташкилий кўмак кўрсатиш, Сенатнинг маҳаллий Кенгашлар ва хорижий давлатларнинг ҳудудлардаги депутатлар бирлашмалари ўртасидаги мулоқотини кучайтириш, энг муҳими, хориждаги Ўзбекистон фуқароларини ва уларнинг оила аъзоларини ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш каби чораларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш ва фаоллик кўрсатиш зарурлиги алоҳида белгиланди.

Учрашув якунида 2023 йилда мамлакат парламенти олдида қатор муҳим ҳалқаро тадбирларни юқори савияда ўтказиш вазифаси турганлигига ва бунда хорижий дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари бевосита фаол иштирок этиши ҳамда муносиб ҳиссасини қўшиши лозимлигига эътибор қаратилди.

Шундан сўнг Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот эшитилди.

Ўзбекистон дипломатик миссиялари раҳбарлари томонидан хорижий давлатлар билан икки томонлама муносабатларни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро ва минтақавий ташаббусларини татбиқ этиш, бириктирилган ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари билан ишлаш, аниқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, республика ҳудудларига туристлар оқимини ошириш бўйича бажарилган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Танқидий ва мазмунли руҳда ўтган муҳокама давомида дипломатик ваколатхоналарнинг барча масалалари ва устувор вазифалари кўриб чиқилди, халқаро ташаббуслар ва республиканинг иқтисодий манфаатларини илгари суриш, шунингдек, хорижда мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолияти самарадорлигига баҳо берилди.

Мажлис якунида қабул қилинган қарорда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг парламент ва мамлакат халқига Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, элчихоналар ва ваколатхоналар фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари назарда тутилди, давлат манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш бўйича зарур тавсиялар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?