Ўзбекистоннинг илк кайтсёрфинг мактаби Қизилтепада очилмоқда

Архив фото
Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида суғориш мақсадларида барпо этилган Тўдакўл сув омбори Қизилтепа туманининг Ўртачўл ҳудудида сўлим масканларидан бирига айланиб бормоқда. Қарийб 21 минг гектар майдонни эгаллаган кўл соҳилларида сўнгги йилларда бири-биридан гўзал дам олиш масканлари барпо этилиб, ҳудуднинг сайёҳлик жозибадорлигини оширмоқда.
Шунингдек, Республикамиз Президентининг 2022 йил 5 августдаги "Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори асосида "Тўдакўл" дам олиш базаси ҳудудида мактабдан ташқари давлат спорт-таълим муассасаси ҳисобланган Халқаро шахмат мактаби қурилиши белгиланиб, ушбу муассасанинг замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техник ҳамда ўқув-машғулот базаларига эга бўлиши назарда тутилган. Бугун мактабда қурилиш ва бунёдкорлик ишлари жадал суръатлар билан олиб борилмоқда.
Айни кунларда эса Тўдакўлда йирик тақдимотга ҳозирлик кўрилмоқда. Жорий йилнинг 26 – 28 май кунлари кўл соҳилидаги "Silk Road Family Resort" дам олиш масканида кайтсёрфинг мактаби очилиши муносабати билан ушбу манзилда бир-қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, кайтсёрфинг спортнинг экстремал турларидан бири бўлиб, у билан шуғулланувчилар сони йилдан йилга ошиб бормоқда.
- Албатта, ҳозирча спортнинг ушбу тури билан шуғулланиш истагидагилар унчалик кўп эмас, - дейди туман ҳокими ўринбосари Насриддин Ҳайитов. – Бироқ талаб таклифни ва ўз навбатида таклиф талабни уйғотишини инобатга олсак, спортнинг бу тури таклифимиз туфайли оммалашиб кетишига ишончимиз комил. Энг муҳими, унга қизиқувчилар энди ўз иродаларини аллақаерга бориб синаб кўришига ҳожат қолмайди.
Очилиш дастурига мактаб тақдимоти, кайт станциялар ва машғулот пляжлари бўйлаб саёҳат, волейбол бўйича турнир, қуёш ботиши арафасида бошланадиган кўнгилочар тадбир, шанба кунида бассейн олдида кўпикли тадбир киритилган.
Иштирокчилар хоҳишига кўра вейкбординг бўйича ҳам дарслар ташкиллаштирилади. Шунингдек, қуёшнинг ботиши арафасида машғулотларнинг амалий қисмида қатнашиш имконияти яратилган.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳанжоуда Осиё ўйинларига старт берилди. Очилиш маросимидан фоторепортаж
- Сенатнинг қирқ бешинчи ялпи мажлиси 29 сентябрь куни чақирилади
- Чустда боғча тарбияланувчилари доридан заҳарланганмиди ёки... Вазиятга аниқлик киритилмоқда
- Ҳанжоу-2022: Футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси ярим финалда!
- Осиё ўйинларининг биринчи кунини Ўзбекистон 4та медал билан бошлади. Фоторепортаж
- Шавкат Мирзиёев Италия собиқ президенти вафоти муносабати билан таъзия йўллади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг